Жаҳон | 22:02 / 22.01.2024
11780
9 дақиқада ўқилади

“Исроил Ғазода беқарор вазият сақланиб қолишидан манфаатдор” — Шавкат Икромов

Евроиттифоқнинг бош дипломати Исроилнинг ўзи ҲАМАСни молиялаштирганини дунё жамоатчилигининг ёдига солди. Исроил бош вазири мустақил Фаластин давлати тузилишига қарши эканини яна бир бор таъкидлади. Саудия ташқи ишлар вазири эса Фаластин давлати эвазига Исроилни тан олишига шаъма қилди. Kun.uz “Геосиёсат” дастурида эксперт Шавкат Икромовдан Ғазо атрофидаги сўнгги воқеаларни шарҳлаб беришни сўради.

— Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири: “Минтақа, фаластинликлар ва Исроил учун анча яхши келажак сари йўл бор, бу тинчликдир ва биз бунга тўлиқ содиқмиз”, деди. Бу Саудия Арабистони мустақил Фаластин давлати тузилиши эвазига Исроилни тан олишини билдирадими? Исроил бунга рози бўладими?

— Саудия узоқ вақтдан бери минтақадаги барқарорлик учун ҳаракат қиляпти. Худди шу маънода Исроил билан ҳам муносабатларни яхшилашга уринаётган эди. Саудия ташқи ишлар вазири аниқ айтдики, Фаластин давлати ташкил топиши ва фаластинликлар тинчлиги кафолати эвазига Исроил тан олиши мумкинлигини билдирди.

Яқин Шарқдаги беқарорлик масаласи юзасидан Саудия ўз хавотирларини билдиряпти, бунга асослари бор. 2016 йилдан бери Саудия иқтисодий барқарорлашиш, иқтисоднинг нефтга боғлиқ бўлмаган секторларини кўпайтириш, сайёҳлар оқимини жалб қилиш, савдо йўлларидан фойдаланиш бўйича ишлаб келяпти. Ғазодаги, Қизил денгиздаги бўлаётган ишлар унинг қилган ишлари, режаларига хавф солмоқда.

2020 йилдаги Иброҳим келишувларига кўра, БАА, Баҳрайн ва бир қатор араб давлатлари Исроилни тан олиб, савдо алоқалари ўрнатган эди, бундан зарар кўришгани йўқ. Саудия ҳам иқтисодий манфаатлар нуқтаи назаридан бу ҳамкорликка киришмоқчи. Умуман, Саудия минтақадаги барқарорликни истайди, фақат бунга Фаластин мустақиллиги эвазига эришмоқчи.

— 18 январ куни Нетаняҳу Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида, яъни Фаластин давлати ҳудуди бўйлаб хавфсизликни назорат қилиши кераклигини айтди. Бу билан Исроил дефакто мустақил Фаластин давлати масаласини рад этяптими?

— Нетаняҳу ҳукуматига келганининг илк кунларидаёқ икки давлат ғоясини рад этиб келади. Нетаняҳу умумий Фаластин давлатининг бирлашишини Исроил учун хавф сифатида кўради. Фаластин давлати ташкил топиши Исроилни босқичма-босқич йўқ қилиш бўлади, деб ҳисоблайди. Шу қарашдан ташқари ҳеч бир масалани муҳокама қилмоқчи ҳам эмас.

АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича стратегиясида ўзгаришлар деярли йўқ. Унинг Яқин Шарқ бўйича сиёсатини Исроил, Туркия, Миср, Саудия белгилаб беради. Ҳозирда бу тўртта давлат билан АҚШ муносабатлари энг бошида қандай стратегик мақсадларда бўлса, ҳозир ҳам шундай. Масалан, Исроилни давлат сифатида қўллашни айтган, ҳозир ҳам шу позицияда. Аммо Исроилда АҚШга нисбатан стратегия ўзгариб боряпти. АҚШ биринчи оташкесимдан сўнг икки мустақил давлат ғоясини илгари суряпти. АҚШ Исроилга урушни тўхтатишни эмас, шиддатини пасайтиришни талаб қилиб қўйяпти.

Урушдан кейин нима бўлади, деган саволга Исроилнинг ўзида ҳам жавоб йўқ. Экспертлар айтяптики, Исроил уруш тугагач, қолган масалаларни ўйлаб кўрмоқчи. Бундан кейин ҳам Ғазо минтақаси шу туришда қолади, Фаластин давлати ташкил қилинмайди, деяпти Исроил томони. Исроил Ғазо, Шарқий Қуддус, ғарбий соҳил бирлашишига қарши. Халқаро босимлар, Европа давлатлари, АҚШ танқидларига қарамасдан, Нетаняҳу қатъий позицияда турибди.

— Исроилнинг иттифоқчилари бўлмиш АҚШ бошчилигидаги коллектив ғарб икки давлат тамойилини қўллашини айтиб келади. Улар бу ғояни рад этаётгани учун Исроилга нисбатан муносабатини ёки қўлловини ўзгартириши мумкинми?

— Қўллашни нол даражага туширмайди барибир, умуман, позиция кескин ўзгармайди. Юқорида айтганимдек, Нетаняҳу ҳукуматининг ўзи ҳам билмайди уруш нима билан тугашини. ҲАМАСни йўқ қилмоқчими ёки шунчаки Фаластин давлати бирлашишига қарши турибдими, деган саволлар турибди.

— “ҲАМАС Фаластин маъмуриятини заифлаштириш мақсадида Исроил ҳукумати томонидан молиялаштирилган”, деди Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Жозеп Боррел. Бу фикрлар қанчалик асосли?

— Жозеп Боррел – Яқин Шарқ тарихини яхши биладиган сиёсатчи. 1987 йилда ташкил топганда Исроил уни молиявий қўллагани, ўзига ҳамкор сифатида қабул қилгани маълум. Ҳозирги кунда буни Исроил ҳукумати рад этади, аммо бунга далиллар бор, тарихий факт бу. Исроил 1987 йилдан 2005 йилгача ҲАМАСни билвосита молиялаштириб турган. Исроил Фаластинни бўлиб ташлаб ҳукмронлик қилмоқчи эди ва шунинг учун ҳам ҲАМАСни молиявий қўллаган. Бундан ташқари, Исроил доимий равишда ўзига қарши куч бўлишини ҳам истаган. Яъни биз Фаластин билан музокара қилмоқчимиз, аммо ўзлари бизга қарши турибди, деган иддао билан чиқиш учун. Israel times газетаси ҳам «Нетаняҳунинг ўзи молиялаштирган ҲАМАС охир-оқибат ўз юзимизда портлади» деб ёзди, яна бир мухолиф газета ҳам «Нетаняҳу ўзи молиялаштирган ташкилот билан ўзи уришяпти», деган.

ҲАМАСни молиялаштириш, уни сабабчи куч сифатида ушлаб туриш Исроил назоратидан чиқиб кетган. ҲАМАС ташкилотининг ўзида ҳам назорат йўқолиши бор, гарчи яхлит бир тизим сифатида кўринса ҳам, унинг ичида ҳам гуруҳлар бор, уларнинг назорати ҳам издан чиққан.

Исроилга АҚШ ёрдам беряпти, коллектив Ғарб қўллаяпти, аммо ҳали ҳам ҲАМАС назорати сақланиб қоляпти. Назоратга олинган шимолий ҳудудлар яна ҲАМАС назоратига ўтиб кетаётганини Исроилнинг ўзи ҳам айтди. Исроил армияси қудратини, АҚШ кучини ҳамма билади, ҲАМАСни Эрон қўллаяпти, деган тақдиримизда ҳам, Эроннинг ўзи бир нечта фронтлардаги урушга аралашган. Шундай бир вазиятда қандай қилиб ҲАМАСга позицияни бу даражада бой бериш мумкин?

ҲАМАС кўп давлатларда, баъзи араб давлатларида ҳам террорчи ташкилот сифатида эътироф этилади. Миср, Саудия, Қатар томонидан берилган баёнотларда ҲАМАСни қўллаш ҳақида гап кетмайди ҳам. Араб давлатлари тинчлик йўли билан, Маҳмуд Аббос маъмурияти билан Фаластин давлатини тузиш ҳақида гапиряпти.

— Иброҳим келишувлари орқали Исроил Саудия билан тарихий келишувга яқин эди. Шундай вазиятда муаммони кўпайтириш Нетаняҳуга нега керак?

— Юқорида айтганимдек, ҲАМАСнинг ҳаракатлари аллақачон Исроил назоратидан чиқиб кетган. Исроил ва Саудия ўртасидаги келишувдан манфаатдор бўлмаган ташқи кучлар бўлиши мумкин, айтайлик, Эрон бўлиши мумкин. Эрон томонидан ҲАМАС қўлланаётган экан, уни эшитаётган экан, бу ҳаракатлар Эрон таклифи билан бошлаган деган тахмин ҳам пайдо бўлади.

Яна бир нарсани эътиборга олиш керак. Исроил ва Саудия ўртасидаги келишув бу чуқур стратегик ҳамкорлик эмас, балки кўпроқ иқтисодий масалалар муҳим ҳисобланади. Саудия учун Исроилнинг фан-технологияда эришган ютуқлари фойдали бўлади, янги келажак шаҳри барпо этмоқчи, мана шунда ҳам Исроилнинг технологик имкониятларидан фойдаланмоқчи. Ўз навбатида Саудия Исроилдаги истиқболли лойиҳаларга инвестиция киритмоқчи. Умуман, шу доирадаги алоқалар кўзда тутилган. Бу алоқаларга Ғазодаги вазият у қадар таъсир қилмайди. Икки давлат баёнотларида кўриш мумкинки, бу уруш билан алоқалар, режалар тўхтаб қолгани йўқ, балки маълум муддатга тўхтаб турибди, барибир музокаралар ўтказилади, дейиляпти.

— ҲАМАС ва Исроил муносабати, молиялаштирганлик ҳақида далиллар бор, дедингиз. Нега бу суд жараёнида кўрилмаяпти ёки АҚШ каби давлатлар бу масалани кун тартибига олиб чиқмаяпти?

— Бу далиллар асосий даражага олиб чиқиладиган далиллар эмас. 2007 йилда Фатҳ ва ҲАМАС ўртасидаги низо пайтида Фатҳ томонидан ҲАМАСга санкциялар эълон қилиниб, кириш-чиқиш йўллари ёпилганда Исроил ўзи томонидан йўл очганди ва Ғазо аҳолиси учун деб Қатар воситачилигида 30 млн доллар юборган эди. Аммо газеталарда, хусусан, Al-Jazeeraʼда бу пуллар ҲАМАС ташкилотини қайта тиклаш учун кетгани ҳақида айтади. Исроил бу пуллар ҳуманитар мақсадларда эди, деб айтиб келади. Яъни аниқ исботловчи далиллар йўқ, аммо экспертлар, нашрлар бу нарсани ўша даврдан буён ёритиб келяпти. Исроилликлар ўртасида шундай тушунча бор: ҲАМАС келишса бўладиган душман, Фаластин маъмурияти эса келишиб бўлмайдиган душман. Фаластиннинг 3 қисми бирлашишида Ғазо қўшилиши муҳим бўлиб, шундай бўлса, Фаластин давлати ташкил топади, деб қарашади исроилликлар. Шунинг учун ҳам улар Ғазода беқарор вазият сақланишидан манфаатдор.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид