Жаҳон | 16:49 / 22.01.2024
18456
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон ТИВ Екатеринбургдаги қурилиш майдонидаги ҳолат юзасидан текширув ўтказишни талаб қилди

17 январ куни прокуратура, ФХХ, ИИВ ва Росгвардия ходимлари Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги қурилиш майдонларидан бирида рейд ўтказиб, ишчиларни ўрдаксимон усулда юришга мажбурлаганди.

Фото: Видеодан кадр

Рейд вақтида ишчилар ўтирган ҳолатда бир сафга тизилиб юришга мажбур қилингани акс этган кадрлар аввалига «Русская община Екатеринбурга» телеграм-каналида, кейин эса Itʼs My City нашрида эълон қилинди.

Itʼs My City нашри ёзишича, Азина кўчасидаги қурилиш майдонида ўтказилган рейд давомида шу ерда ишловчи жами 150 кишининг ҳужжатлари текширилган. Шундан саккиз кишини депортация қилишга қарор қилишган, яна тўрт кишига ҳарбий комиссариатга чақирув қоғози берилган - улар Россия паспортини олганига қарамай, ҳали ҳисобга турмагани маълум бўлган. 

Қурилиш майдони ишчиларидан 40 нафарга яқини Қирғизистон фуқаролари бўлган, шундан уч нафари ишчилар ўрдаксимон юришга мажбурлангани акс этган тасвирларда кўриниш берган. Республика ТИВ алоҳида «ахборот хабари» эълон қилиб, унда Бош консуллик Россиянинг назорат органлари «ҳуқуқ-тартибот органлари меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг қадр-қимматини камситувчи усуллардан фойдаланишининг қонунийлигини текшириши» учун тегишли чораларни кўраётгани билдирилган.

ТИВ хабарида қайд этилишича, видеода акс этган қирғизистонликларнинг ўзи ҳуқуқ-тартибот органларининг ҳаракатлари устидан шикоят ёзишни истамаган.

Ички ишлар вазирлигининг Свердловск области бўйича бошқармаси матбуот хизмати Валерий Горелих қурилиш майдонларида рейд ўтказилганини тасдиқлаб, «жорий йилда бундай ишлар регионнинг барча муниципалитетларида давом эттирилиши»ни таъкидлаган.

  • Россияда ишловчи меҳнат мигрантлари орасида Қирғизистон фуқаролари кўпчиликни ташкил этади. 2023 йил сентябрида «Российская газета» мамлакатда Қирғизистондан келган 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари борлиги ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид