Ўзбекистон | 11:03 / 24.01.2024
2953
3 дақиқада ўқилади

“Кексалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар жамоат транспортларида яратилган шароитлардан норози” – сенатор

Сенат аъзоси Фарҳод Боқиевга кўра, аҳоли сонининг мунтазам ортиб бораётганлиги туфайли жамоат транспортига қўйилган талаб кучайган, бироқ баъзи жамоат транспортларида хизмат кўрсатиш сифати пастлигича қоляпти. Айрим ҳайдовчиларда муомала маданиятининг етарли эмаслиги ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаётгани эса мутасадди ташкилотларга мурожаатлар сонининг ортишига олиб келмоқда.

Фотоколлаж: Kun.uz

Сенатнинг ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев Транспорт вазирига аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш бўйича ишлар ҳолати юзасидан сенатор сўрови юборди.

Сенатор сўровида қайд этилишича, аҳоли сонининг мунтазам ортиб бораётганлиги туфайли жамоат транспортига қўйилган талаб кучайган, бироқ баъзи жамоат транспортларида хизмат кўрсатиш сифати пастлигича қоляпти. Хусусан, ҳудудларда жамоат транспорти воситалари сони етарли эмас ва белгиланган ҳаракат жадвалларига риоя этилмайди, бу эса муаммоларни янада кўпайтирмоқда.

Сўровда йўловчилар автобус бекатларида жамоат транспортини узоқ муддат кутиб қолиши ва кўзланган манзилларига ўз вақтида етиб бора олмаслиги уларнинг кундалик ишига таъсир қилаётгани, айниқса, кексалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар, давлат хизматчиларининг жамоат транспортларида яратилган шароитлардан норозилиги, айрим ҳайдовчиларда муомала маданиятининг етарли эмаслиги ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаётгани, бу эса ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга ва мутасадди ташкилотларга мурожаатлар сонининг ортишига олиб келаётгани таъкидланган.

Шунингдек, айрим транспорт воситаларининг эскиргани ва техник ҳолатининг талабга жавоб бермаслиги ҳаракат пайтида бахтсиз ҳодисаларнинг рўй бериши эҳтимолини ошираётгани, шу билан бирга, атроф муҳитнинг ифлосланиши ортиб, тирбандликлар кун сайин долзарб муаммога айланаётгани қайд этилган. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар учун автотранспорт воситаларига чиқиш учун махсус мосламаларни ўрнатиш ишларига етарли эътибор берилмаётгани, шаҳарлараро жамоат транспортидаги ҳамда бекатларни реконструкция қилиш каби масалаларда сақланиб қолаётган муаммолар кўрсатиб ўтилган.  

Сенатор сўровида ҳудудлардаги жамоат транспортлари учун яратилган шароитлар, транспорт воситаларининг техник ҳолати белгиланган талабларга жавоб бериши, кунлик йўлкира ҳақи режа-топшириғини бекор қилиш, шаҳарлараро жамоат транспортлари қатновини яхшилаш, чипталар сотилиши ва соҳа шаффофлигида ўз ечимини кутаётган ва коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш каби масалаларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилиши ҳамда соҳага доир қонунчиликни такомиллаштиришга оид тегишли таклифлар тақдим этиш сўралган.  

Мавзуга оид