Ўзбекистон | 16:58 / 24.01.2024
10872
5 дақиқада ўқилади
Реклама

“Ўзтрансгаз” АЖ 2023 йилдаги фаолияти якунларини эълон қилди

Бухоро шаҳри ва туманидаги 30 минг аҳоли хонадони ҳамда 17 та саноат корхонасининг табиий газ таъминоти яхшиланди.

“Ўзтрансгаз” АЖ томонидан 2018 йил ишга туширилган “Шейхонча” газ тақсимлаш станциясида олиб борилган модернизация ишлари натижасида “Aksa Energi” электр станцияси учун яна 1та қўшимча тармоқ қурилиб, уларнинг сони 3тага етказилди. Эндиликда аҳоли ва саноат корхоналарига алоҳида тартибда табиий газ узатиляпти. Бу эса маҳаллий аҳолининг барқарор табиий газ таъминотини кафолатлаши билан аҳамиятли.

Фото: Ўзтрансгаз

Сурхондарёнинг 6 ҳудудида табиий газ узлуксизлиги таъминланди

Термиз шаҳри ҳамда Термиз, Ангор, Жарқўрғон, Қизириқ ва Шеробод туманлари истеъмолчиларини табиий газ билан кафолатли таъминлаш мақсадида “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан “Термиз” магистрал қувурига параллел равишда 46,5 км узунликдаги “Термиз-2” магистрал қувурини қуриш лойиҳасининг 31 км қисми ишга туширилди. Натижада 62 мингдан ортиқ аҳоли хонадони ҳамда мингдан зиёд улгуржи истеъмолчиларни 2024-2025 йил куз-қиш мавсумида табиий газ билан кафолатли таъминлаш имконияти пайдо бўлди.

Оққўрғонда 6 мингга яқин хонадон ва улгуржи истеъмолчилари учун алоҳида тармоқ қурилди

Оққўрғон туман аҳолисига табиий газ “Бўка” газ тақсимлаш станциясидан берилган. 19 мингдан ортиқ истеъмолчиси бўлган ҳудуд учун эса бу муаммо эди. Энергетика вазирлиги топшириғига кўра, “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан “Олимкент Авто Рейс” ГТСга қуриб битказилган янги тармоққа Оққўрғоннинг “Султонобод”, “С.Тегизбоев”, “С.Раҳимов”, “Қўрғонча”, “Бирлик” ва “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 5640 та аҳоли хонадони ҳамда 147 та улгуржи истеъмолчи ўтказилди. Натижа эса рақамларда: газ узатиш масофаси 16 километрга қисқарган, босим икки баробарга ортган.

Водийда нима гаплар...

Водий аҳолисини табиий газ билан кафолатли таъминлаш мақсадида 2023 йилда газни ер остида сақлаш омбори ҳажмини оширишга қаратилган лойиҳа доирасида 6 та қудуқ бурғиланди. Мазкур лойиҳа якунланиши билан омбордан кунлик табиий газ олиш ҳажми 9 минг метр кубдан 12 минг метр кубгача етказилади.

Фарғона водийсининг газ тизими яхлит бир ҳалқа шаклида. Ягона тармоқда носозлик юзага келса, қолган истеъмолчилар фавқулодда газсиз қолиши мумкин. Айни муаммога ечим сифатида “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан 39 км узунликдаги “Риштон айланмаси” қурилди.

Аҳолини барқарор электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш йўлида

Мамлакатимизда электр энергия таъминоти яхшилаш мақсадида Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳри ва Боёвут туманлари ҳудудида қуввати 1500 МВт бўлган замонавий иссиқлик электр станцияси қурилган. Айни объектни табиий газ билан кафолатли таъминлаш мақсадида жорий йилда “Ширин” газ тақсимлаш станциясида 4,7 километр узунликдаги магистрал газ қувури қурилди, лойиҳавий қуввати оширилди. Шунингдек, иссиқлик электр станцияси учун 2 та газ тозалаш ускунаси, 2 та газ босимини ростловчи қурилма, 3 та газ ўлчов мосламаси, етказиб берилаётган табиий газ сифатини янада яхшилаш мақсадида қўшимча равишда 2 дона табиий газни юқори даражада тозаловчи қурилма ўрнатилди.

Кунлар совиши билан аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжи ортади. 2022-2023 йиллар куз-қиш мавсумида “Бинокор” газ тақсимлаш станциясидан Тошкент иссиқлик марказига белгиланган прогнозга нисбатан кам табиий газ етказиб берилган. Бунинг асосий сабаби эса тармоқда бошқа истеъмолчиларнинг мавжудлиги эди. “Ўзтрансгаз” АЖ томонидан олиб борилган ишлар натижасида иссиқлик таъминоти тармоғи бошқа истеъмолчилардан ажратилиб, иссиқлик марказига кўпроқ ҳажмдаги табиий газ етказиб бериш йўлга қўйилди.

2023 йилдаги энг муҳим лойиҳа

Шимолдан импорт ва транзит газни қабул қилиш, уни “Бухоро-Урал” ва “Газли-Нукус” газ қувурлари орқали республиканинг жанубий қисмига узатиш бўйича йўл харитаси имзоланди. Унинг доирасида газ ўлчаш станцияси қуриб ишга туширилди. “Қорақалпоғистон” ва “Акчалок” компрессор станцияларидаги кенг қамровли таъмирлаш ишлари натижасида қарийб 10 йилдан бери ишламай турган 9 та газ ҳайдаш агрегатининг иш қобилияти тикланди. “Бухоро-Урал” магистрал газ қувурида 22 км янги – IV тармоқ қуриб ишга туширилди. “Бухоро-Урал” 3 та тармоғи ҳамда “Хива- Бейнеу”да 22,3 км қувур капитал таъмирланди.

Рақамлаштириш

Табиий газни 64 та технологик параметр бўйича тадқиқ қилиши кўзда тутилган рақамлаштириш дастури доирасида 2023 йилда тармоқдаги 1277 та газ ҳисоблаш ускунаси автоматлаштирилган тизимга уланди.

"Ўзтрансгаз" АЖ истеъмолчиларга газ етказиб беришда бу каби чораларни давом эттиради.

Мавзуга оид