Ёқутистондаги қотилликдан кейин одамлар норозилик намойишига чиқди
Россиянинг Якутск шаҳрида маҳаллий аҳоли вакилларидан бири ўлдирилганидан сўнг, ўнлаб одамлар норозилик намойишига чиқди. Қотилликда 18 ёшли тожикистонлик гумонланиб, қўлга олинган. Одамлар терговни яхшироқ ўтказиш ва мигрантлар устидан назоратни кучайтиришни талаб қилмоқда.
Sakha Day канали томонидан эълон қилинган видеода намойишчилар хавфсизлик кучларидан «Биз уларга тегмадик. Нега улар шундай йўл тутмоқда?» деб сўраётгани эшитилади.
Намойишчилар олдига республика ички ишлар вазири ўринбосари Владимир Арбузов ва полиция бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Олег Лебед чиққан.
«Қотил ҳибсга олинди. У ҳам худди сиздек Россия фуқароси. Биз уни қўлга олдик, тергов бўлади. Йигитлар, нега йиғилдингиз?» дейди Лебед видеолардан бирида.
ОАВ хабарларига кўра, бундан кўп ўтмай намойишчилар бошқа майдонда йиғилишган, у ерда полиция намойишчиларни ҳибсга ола бошлаган.
Айни пайтда ёқутистонликлар шаҳарда баъзи уяли алоқа операторларининг 4G тармоғи ишламаётгани ҳақида хабар беришди. «Сбой.рф» порталига кўра, Ёқутистонда Telegram, WhatsApp ва Viber мессенжерларидаги носозликлар юзасидан кўплаб шикоятлар келиб тушган.
Намойишларга сабаб бўлган қотиллик 21 январ куни Марха микрорайонидаги уй ҳовлисида содир бўлган. Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, икки эркак ўртасида жанжал келиб чиққан, уларнинг бири иккинчисининг кўкрак қисмига пичоқ санчган. Жароҳат ўлимга олиб келган.
Намский улусида яшовчи 26 ёшли фуқарони ўлдиришда гумон қилиниб, Россия фуқаролигига эга бўлган асли тожикистонлик йигит қўлга олинган. Суд уни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.
Ёқутистон раҳбари Айсен Николаев содир бўлган воқеани изоҳлар экан, унинг қандай қилиб Россия фуқаролигини олгани ўрганилиши, хавфсизлик чоралари кучайтирилиши, жумладан, мигрантлар назорат қилинишига ваъда берди.
Шу билан бирга, Николаев аҳолини «провокаторлар, шу жумладан чет элда ўтирганлар» қўнғироқларига жавоб бермасликка чақирди. «Энди, ҳақиқий душман ватандошларимизни ўлдираётганда, биз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бирлашишимиз керак!» деб ёзди у ижтимоий тармоқда, афтидан, Украинадаги урушни назарда тутган ҳолда.
Ёқутистондаги қирғиз диаспораси вакилининг BBC нашрига айтишича, полиция Нижний Бестях қишлоғидаги масжид имоми олдига бориб, мусулмон жамоатининг четдан келган вакилларини бугун уйда қолиши ва ишга бормаслиги ҳақида огоҳлантиришни сўраган.
Нижний Бестях — Қирғизистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган кўплаб мигрантлар яшайдиган қишлоқ.
Бу охирги икки ҳафта ичида Россия ҳудудларида иккинчи катта норозилик намойиши бўлди. 17 январ куни Бошқирдистонда таниқли маҳаллий фаол Фаил Алсинов суд қилинаётган бино олдида бир неча минг одам йиғилганди. Намойишчилар бир неча соат давомида Алсинов суд биносидан олиб кетилишига тўсқинлик қилди. Оқибатда, оммавий тартибсизликлар моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Бу Ёқутистон аҳолисининг мигрантларга қарши биринчи марта чиқиш қилиши эмас. 2019 йил баҳорида Якутскда сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик митинг бўлиб ўтганди, унда 17 ёшли маҳаллий қиз Қирғизистон фуқароси томонидан зўрлангани ҳақидаги хабардан ғазабланган одамлар иштирок этган.
Мигрантлар бир неча кун давомида таҳдидлар туфайли ишга чиқа олмаганди. Ёқутларни тинчлантириш учун расмийлар энг катта концерт залида учрашув ташкил этишга мажбур бўлган, у ерда республика раҳбари Айсен Николаев ва шаҳарнинг ўша пайтдаги мэри Сардана Авксентиева дарғазаб аҳоли билан суҳбатлашган эди.
Мавзуга оид
18:39 / 19.12.2024
«Мигрантларга талабларни кучайтириш керак» – Путин Россияга миграция оқимини камайтириш ва тартибга солиш ҳақида
17:41 / 12.12.2024
Ҳашамат қурбонлари ёхуд Ватанда қолган яқинларининг ҳою-ҳаваслари учун қийналаётган мусофирлар
22:50 / 08.12.2024
Россияда мигрантлар мактаб ва боғчалар яқинида яшаши тақиқланиши мумкин
00:13 / 03.12.2024