Спорт | 18:59 / 29.01.2024
9516
2 дақиқада ўқилади

Суперлига учун титул ҳомий қидирилмоқда

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси турнир ҳомийси бўлишни истовчи ташкилотлар билан музокара ўтказишга тайёр. Бу ҳақда лига матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Ўзбекистон Суперлигасига бўлган қизиқиш йилдан йилга ортиб бораётгани сир эмас. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси дунёнинг энг кучли 45 лигасини ўзида бирлаштирган ташкилот аъзосига айлангач, Лига қамрови янада кенгайди. 

Бугунга келиб Суперлига Ўзбекистон ҳудудида ўтказиладиган энг оммабоп ички спорт мусобақаси бўлиб турибди. 

Мамлакатнинг 17 футбол клуби Осиё футбол конфедерациясининг лицензиялаш талабларини бажариб, бу борада қитъа етакчисига айланиб олди. Шундан келиб чиқиб, 2025 йилдан бошлаб Суперлига иштирокчилари сони 16 тага етказилади», дейилади хабарда. 

Маълум бўлишича, Coca-Cola билан ҳомийлик бўйича ҳамкорлик муддати якунланган.

«Машҳур бренд Coca-Cola сўнгги 5 мавсум давомида Суперлига титул ҳомийси бўлди. Лига ҳамда Coca-Cola эндиликда бу ҳамкорликни сўнгги йилларда янги босқичга чиққан Ўзбекистон кубоги мусобақасида давом эттиради. Келишув асосида Coca-Cola ўз эътиборини нафақат профессионал, балки оммавий футбол мусобақаларига ҳам қаратишни мақсад қилди.

Суперлига Осиё қитъасида ўз обрўсига эга мусобақа бўлиб, унинг хорижий кузатувчилари сафи тобора кенгайиб бормоқда. Республиканинг энг олди стадионлари, Лига расмий веб-сайти, Лиганинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, Суперлига учун чиқарилган ҳар бир чипта, матбуот анжуманлари ва флеш-интервюлар пресс-ҳоллари, телетрансляциялар давомидаги чиқишлар Сизнинг брендни акс эттиради. Лига бу борада ҳомий ташкилотлар билан музокара ўтказишга тайёр», дейилади хабарда. 

Лига билан алоқага чиқиш истагида бўлганларлар учун:

+998 71 2309058
+998 94 6333443
info@pfl.uz

Мавзуга оид