Узоқроқ ёмғир Тошкентни ҳавоси энг тоза шаҳарлар рўйхатига киритди
28 январ кечаси бошланиб, ҳамон давом этаётган ёмғир Тошкент ҳавосини январ ойидаги энг тоза даражага олиб чиқди. 29 январ соат 17:00 ҳолатига, шаҳар ҳавосидаги PM2,5 зарралари миқдори 1 кубометр ҳавода атиги 23 микрограммни ташкил этмоқда.
Бу билан Ўзбекистон пойтахти AQAir рейтингидаги дунё шаҳарлари ичида ҳавосининг тозалиги бўйича 12-ўринга чиқди.
Порталдаги рейтингга кўра, PM2,5 концентрациясининг 50 мкг/м3 гача бўлган даражаси яшил категория – энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.
Охирги вақтларда пойтахт ҳавоси турли омиллар сабабли ўта ифлосланиб кетган, PM2,5 зарралари миқдори баъзан 20 микрограммдан ошиб кетаётган, натижада Тошкент тез-тез ҳавоси энг ифлос дунё шаҳарлари рейтингида юқори ўринлардан жой олаётган эди.
Иситиш мавсуми бошланганидан бери бир неча марта ёмғир ёғган бўлса ҳам, ёғингарчиликлар узоқ давом этмаган, натижада ҳаво сифатида 29 январ кунгичалик яхшиланиш кузатилмаган эди.
Ўзгидромет сайтида кўрсатилишича, Тошкентда PM2,5 миқдори 22,5 мкг/м3 ни ташкил этмоқда. Ўзбекистоннинг ҳавоси энг ифлос шаҳарлардан яна бири Термизда ҳам ҳаво яхшиланиб, PM2,5 концентрацияси 28,6 мкг/м3 га тушган.
Бу кўрсаткичда Урганчда 2,55, Жиззахда 3,61 ни ташкил этяпти. Бошқа шаҳарлардаги ҳаво сифати борасидаги маълумотлар кўрсатилмаган.
Ўзгидромет прогнозига кўра, ёғингарчилик сешанба куни ҳам давом этиши кутиляпти.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти PM2,5 дисперс зарралари учун меъёрни 5 мкг/м3 деб белгилаган. Аввалроқ Экология вазирлиги Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароитлари ва географик жойлашуви сабабли бу кўрсаткичга эришиш имконсиз экани, шу боис бошқа давлатлар қатори Ўзбекистон ҳам PM2,5 бўйича ўз миллий стандартларини ишлаб чиқаётганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024