Жаҳон | 14:28 / 31.01.2024
12756
8 дақиқада ўқилади

БМТ судининг қарори кимнинг фойдасига ишлайди?

Халқаро суд Ғазодаги уруш бўйича ЖАР сўраган деярли барча чораларни ёқлади, шу билан бирга, Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканини қайд этди. Хўш, бу қарор ҳақида экспертлар нима деяпти? “Геосиёсат” дастурида мавзуга оид саволларга сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Фарҳод Каримов жавоб берди.

Жанубий Африка Республикаси суддан қандай фавқулодда чораларни талаб қилган эди ва қайси талаблари қондирилди?

Фарҳод Каримов: — ЖАР бир ой олдин Исроил устидан шикоят билан БМТ судига мурожаат қилган эди. Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва 1948 йилда қабул қилинган геноцид конвенцияси асосида кўриб чиқиш талабини қўйиб, умумий 9 бандли талаб билан чиққан эди. Асосийси, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, геноцид сифатида кўриб чиқиш, ҳуманитар юкларни ўтказиш, ижтимоий инфратузилмаларни ишдан чиқармаслик, халқаро суриштирувларни чекламаслик кабилар эди.

Халқаро суд тинч аҳолига нисбатан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни маъқуллади. Бутунлай урушни тўхтатиш эса назарда тутилмади. Бунга сабаб, 1993 йилдаги Осло конвенциясига кўра, Исроилга ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи берилган, аммо Фаластин учун бу масала очиқ қолган. Шунинг учун ҳам фақат тинч аҳолига зарар етказмаслик талаби қўйиляпти. Суд томонидан ЖАРнинг қолган талаблари ҳам қондирилди. Энди эса ижро механизми масаласи турибди. Суд кўпроқ бошқа давлатлар шу прецедентдан фойдаланиб, бу нарсани важ қилмаслиги учун шу қарорни чиқарди. Умуман олганда, биринчи марта халқаро ҳамжамият Исроилга қарши тура олишини кўрсатди. Аммо айтганимдек, ижро механизми борасида саволлар кўп.

Халқаро тартиботда етакчи давлатлар Исроилга қарши чоралар кўришни бошлаши мумкинми?

Камолиддин Раббимов: — Исроил ўз тарихида бугунги кундаги каби маънавий инқирозни бошдан ўтказмаган. Исроил ва араб давлатлари ўртасида кўп уруш бўлган, аммо бугунги кундаги каби ахборот даври бўлмагани учун бу даражада геноцидда айбланмаган эди. ЖАРнинг асосий мақсади Исроилни халқаро майдонда сазойи қилиш эмасди. Балки геноцид ҳақидаги конвенцияга кўра, халқаро суд геноцид тўғрисида айблов пайдо бўлганда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши керак, мана шу нарсага эришмоқчи эди. Аммо суд кўпроқ Исроилнинг фойдасига ҳукм чиқарди, яъни Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, деган ҳукм билан уруш давом этишига имкон берди, фақат аҳолига нисбатан геноцид бўлишига қарши ҳукм чиқарди. Бу ҳукм билан Исролнинг “қўли ечилди”, яъни агар суд уруш тўхтатилиши керак, деган ҳукм чиқарганда ҳам Исроил тўхтамас эди, аммо халқаро босим ортар эди, бироқ суд Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи бор эканини эътироф этиб берди.

Фарҳод Каримов: — АҚШ ва Ғарб давлатлари суд қарорисиз ҳам босим қилишлари мумкин эди. Суд қароридан кейин босим қилади деб умид қилиш ноўрин, шундоқ ҳам ижро механизми ўша кучли давлатларнинг қўлида. Лекин айни Исроил иттифоқчиларига қарши бўлган давлатлар учун ҳуқуқий асос билан бир қадар йўл очилди. Энди Исроилга нисбатан ЖАРнинг мурожаатларига ўхшаш мурожаатлар кўпайиши ҳам мумкин. Институционал ўзгаришларни талаб қилишга ҳам йўл очиляпти, ижро механизми ишламаслиги ортидан шундай талаб қўйиш мумкин, лекин бу анча йиллар давом этадиган жараён. Умуман, ҳозирги вазиятда Ғарбнинг Исроилга ёрдами ёки босими ўзгармайди, аввалгидек давом этади деб ўйлайман.

Айтганимдек, сиёсий, иқтисодий санкцияларга асос бўлади суд қарори, йўл очилди. ЖАРнинг парламенти ҳам энди тўхтамаймиз, ҳамкорларимизни ҳам шунга чақирамиз, деди.

Исроилда бош вазир Бинямин Нетаняҳуни лавозимидан четлатиш талаб қилинмоқда. Бу амалга ошадими?

Камолиддин Раббимов: — Уруш давом этар экан, Нетаняҳуни ҳокимиятдан четлатиш имконсиз бўлади. Асосий масала Нетаняҳуда ҳам эмас, унга ўхшаган яна сиёсатчи чиқиши, халқ унга овоз бериши мумкин. Исроил ҳар тарафдан мусулмон давлатларининг ўртасида қолиб кетгани учун унга глобализм ёқмайди. Унинг асосий ҳомийси АҚШ, аммо дунёда кучлар нисбати ўзгарадиган бўлса, Исроил бошқа ҳомий топа олмайди, буни исроилликларнинг ўзи кўп айтади.

Уруш тугагач, Нетаняҳунинг ҳокимиятда қолиши жуда қийин. У Саудия ва бошқа араб давлатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, тарихда қолмоқчи эди. Аммо бу лойиҳа издан чиқди. Асосий муаммо – Исроилдаги пропаганда сабабли жамиятнинг атроф-муҳит билан келишмаслиги. Шундай мафкура шакллантирилган. Фикримча, Исроил борган сари мураккаб вазиятга тушиб бораверади ва бунинг тинч, тизимли ечими мавжуд эмас.

Урушдан кейин Ғазонинг тақдири қандай бўлади?

Фарҳод Каримов: — Урушдан кейин Ғазони Исроилнинг қўлига топширишмаса керак, менимча. Исроилнинг даъволарида ҳам Ғазони эгаллаш йўқ, аммо амалда бошқача вазият бўляпти, назоратга олиш нияти борлигини кўрсатяпти.

Охирги ёндашувларда ўзгаришни кўриш мумкин. Олдин 1967 йилги чегараланиш бўйича Фаластин давлати ташкил этилиши тўғрисидаги резолюцияда бетараф бўлганлар ҳам энди Фаластин давлати тузилишини қўллаяпти. Бу жуда катта босим. Дунёда бошқа кучлар борлиги, таъсир кўрсата олиши кўриняпти. Агар Исроил Ғазони ўз назоратига олса, халқаро босим олдида жавоб бериш масаласи бўлади. Ғазода ҲАМАС омили йўқолса, унинг ўрнига мустақил Фаластин давлати ташкил этиш масаласи чиқади. Ғарбнинг ўзи Исроил бу ҳудудни назоратга олишини истамайди. Бир пайтлар Исроил Сувайш каналигача борганда Ғарб уни ортга қайтарган эди. Сионизмнинг ғоялари бутун Синай яриморолини Исроилники қилишни истайди, аммо Ғарб буни истамайди. Чунки бу можаро тўлқинлари Европага етиб боради. Агар Исроил Ғазони ўз назоратига олса, янада катта урушларнинг бошланиши бўлади бу.

Босимлар ортади, ҳарбий ҳаракатлар бошланиши мумкин. Ҳозир Исроил ҲАМАС билан зўрға урушяпти, агар бошқа давлатлар уруш очадиган бўлса, кучи етмайди унинг. АҚШ ҳам, бошқа Ғарб давлатлари ҳам Исроилга маълум бир чегарадан ўтмасликни айтган бўлиши керак.

Урушдан кейин ҳам Фаластин давлати ташкил этилиши кун тартибидан олинмайди. Чунки бу масала кун тартибидан тушиши глобал Жануб ва бутун дунё ҳамжамиятининг мағлубиятини кўрсатади. Бунга эса йўл қўйишмаса керак.

Камолиддин Раббимов: — Исроил ташқи ишлар вазири биз Ғазони тўлиқ назоратимизга олиб, Ўртаер денгизида сунъий орол яратиб, ғазоликларни ўша ерга кўчирамиз, деди. Бу баёнотни АҚШ ҳам, ЕИ ҳам эшитмасликка олди, яъни қабул қилиб бўлмайдиган иш сифатида.

Исроил доим Фаластинни умуман йўқ қилиб, унинг ерларини ўзлаштиришни орзу қилади. Исроиллик экспертлар тарихда биз жуда катта давлат бўлганмиз, ҳозирги ерларимиз жуда кам, деган гапни айтади. Аммо глобаллашган дунёда араб давлатлари ва мусулмон дунёси қараб турмайди, АҚШ ҳам Исроилнинг ҳамма истакларига рози бўлмайди. ЕИда уруш бошланишида Исроил томонида бўлганлар кўп эди, аммо бугун Фаластин тарафдорлари кўп. Ҳатто ЕИдаги сиёсатчилар орасида ҳам бу борада икки хил фикр бўляпти, Фаластин тарафдорлари кўпаймоқда. ЕИнинг умумий позицияси: Исроил ҳаддидан ошиб кетди ва тинчлик бўлиши учун мустақил Фаластин давлати ташкил топиши керак.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид