Ўзбекистон | 14:37 / 03.02.2024
33555
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда фоизга пул бериб, қарздорларнинг уй-жойларини тортиб олиш билан шуғулланган шахс ушланди

Тергов бошқармасига кўра, у гаровга қўйилган мулк миқдори фоиз эвазига берилган пулдан 3-4 баробар кўп бўлгани ҳолда белгиланган муддатда қарз ва фоизларни бермаган одамларнинг уй-жойини, машинасини тортиб олиш билан шуғулланиб келган.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг хабар беришича, Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 168-моддаси (фирибгарлик) билан тергов қилинаётган жиноят иши доирасида 30 ёшли Т.А. жиноят содир этганликда гумонланиб ушланган. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида ушбу шахс фуқароларга фоиз эвазига пул бериб, қарз олган шахснинг номида бўлган турар жой ва транспорт воситаларини гаров эвазига ўзининг номига расмийлаштириб олгани аниқланган.

Фуқаролар белгиланган муддатда қарз ва фоизларини бермаган тақдирда уй-жойдан оиласи билан чиқариб юбориш ва транспорт воситасини тортиб олиш билан шуғулланиб келган. Гаровга қўйилган мулк миқдори фоиз эвазига берилган пул маблағидан 3-4 баробар кўп бўлган.

Ҳурматли фуқаролар агар сиз ушбу шахсдан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу шахснинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича бирор маълумотга эга бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-45-69, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига ёхуд 99-370-73-94 Telegram рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади”, дейилади ИИБ хабарида.

Мавзуга оид