Хитойда 5,5G, CyberVAZ-2104 va iPhone тарихидаги энг катта янгиланиш – ҳафта технодайжести
Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.
Хитойда 5,5G
Хитойнинг China Unicom ва Huawei компаниялари 5,5G янги алоқа тармоғини синовдан ўтказди. Пекиннинг бир нечта ҳудудида синалган 5,5G кутилган самарани берган. Янги стандартда ўтказувчанлик сониясига 10 гигабитгача чиққан, тармоқнинг мунтазам ишлаш тезлиги эса сониясига 5 гигабитдан юқори бўлган.
Қайд этилишича, янги технология тижорий фаолият учун 2024 йил давомида тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилади.
Дунёдаги биринчи сувости суперяхтаси
Австралиянинг Migaloo компанияси ҳашаматли М5 сувости суперяхтасини намойиш қилди. Компаниянинг таъкидлашича, бу дунёдаги биринчи шундай кема.
Кеманинг узунлиги 166 метр, кенглиги - 23 метр. Унда 20 нафар меҳмон жойлашади ва 40 нафар экипаж аъзоси хизмат кўрсатади.
Кема 15 минг км масофани босиб ўтишга мўлжалланган, унинг тезлиги сув юзасида 20 узел, сув остида 12 узелга тенг. Суперяхта 250 метргача чуқурликка тушиб, тўрт ҳафтагача сув остида қолиши мумкин.
Шунингдек, суперяхтада вертолёт майдончаси ва гараж, иккита махсус сувости кемаси ва иккита сувости аппарати мавжуд. Migaloo аллақачон М5 учун олдиндан буюртмаларни очган ва уни 2 миллиард долларга баҳолаган.
CyberVAZ-2104
Россияда CyberVAZ патентланди. Автомобилнинг дизайн лойиҳаси Tesla Cybertruck услубидаги пикап тарзида яратилган. Ғилдирак дисклари ҳам Tesla модели билан бир хил ишланган. Кузовининг қирралари ўткир, ён томонларида Cybertruck каби тўқ сариқ ёритгичлар мавжуд. Эшикларни очиш учун мўлжалланган тутқичлар тортиб олинадиган шаклда бўлиши режалаштирилган.
Патент маълумотларига қараганда, CyberVAZ электромобил бўлади, бироқ машина серияли ишлаб чиқариладими ёки йўқ, бу ҳозирча номаълум.
Дунёнинг энг қиммат брендлари
Apple компанияси дунёнинг энг қиммат брендлари рейтингида ўтган йилги етакчи – Amazon'ни ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади.
Қайд этилишича, 2023 йилда Apple бренди баҳоси 74 фоизга қимматлашиб, 516,6 млрд долларни ташкил қилган. Microsoft деярли 78 фоизлик (340,4 млрд долларгача) ўсишга эришиб, тўртинчи ўриндан иккинчи ўринга кўтарилган. Кучли учликни Google бренди эгаллаган. У 333,4 млрд долларга баҳоланган. Бренд 18,5 фоизга қимматлаган.
Ўтган йили етакчи ўринни эгаллаб турган Amazon эса тўғридан тўғри тўртинчи ўринга тушиб кетган. Бренд қиймати 2023 йилда атиги 3,2 фоизга ўсиб, 308,9 миллиард долларни ташкил қилган.
Шунингдек, рейтингнинг етакчи ўнталигидан Samsung (99,4 млрд доллар), Walmart (96,8 млрд доллар), TikTok (84,2 млрд доллар), Facebook (75,7 млрд доллар), Deutsche Telekom (73,3 млрд доллар) ва ICBC (71,8 млрд доллар) жой олган.
Tesla брендининг нархи 12 фоизга (58,3 млрд долларгача) арзонлашди, бунинг натижасида у 2023 йилдаги тўққизинчи ўриндан дарҳол ўн саккизинчи ўринга тушиб кетди. Қийматнинг энг тез ўсиш суръатини Nvidia бренди кўрсатди, у ўтган йилги 117-ўриндан 30-ўринга кўтарилди (163 фоиз ўсиш, 44,5 миллиард долларгача), бу сунъий интеллектга асосланган ишланмаларга қизиқиш ортиши билан боғлиқ.
Биринчи марта одамга чип ўрнатилди
Илон Маск биринчи беморга Neuralink компаниясининг имплантати ўрнатилгани ва у тузалиб кетаётганини эълон қилди.
Чипни имплантация қилиш бўйича операциянинг дастлабки натижалари истиқболли экани таъкидланмоқда – нервларнинг кўплаб импулслари аниқланган.
Маскнинг қўшимча қилишича, Neuralink'нинг биринчи маҳсулоти Telepathy деб аталади. Бу телефон ёки компютерни ва улар орқали деярли ҳар қандай қурилмани шунчаки фикр кучи билан бошқариш имконини беради.
Telepathy чипининг биринчи фойдаланувчилари оёқ-қўлларини назорат қилишни йўқотган беморлар бўлади.
iPhone тарихидаги энг катта янгиланиш
2024 йилда Apple компанияси iOS 18 операцион тизимини чиқаради, бу iPhone тарихидаги энг катта янгиланиш бўлиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg мухбири ва таниқли инсайдер Марк Гурман маълум қилди.
Аввало, iOS 18 ўзгаришлари Siri билан боғлиқ бўлади. Янгиланган овозли ёрдамчи генератив сунъий интеллект кўринишидаги янги ядрони олади. Ушбу янгиликдан кейин Siri янада фойдалироқ ва ақллироқ бўлиши керак.
Генератив СИ бошқа операцион тизим хизматларига ҳам ўрнатилади. Ҳозирча Apple Music улардан бири бўлиши маълум.
IOS 18 тизимидаги яна бир катта янгилик Rich Communication Services (RCS) хабар алмашиш стандартини қўллаб-қувватлаш бўлади. RCS бу – SMS тизимининг илғор аналоги бўлиб, ҳар бир хабар учун белгилар чегарасига эга эмас, лекин мултимедиа алмашинувига имкон беради ва контактлар ҳақидаги метамаълумотларни қўллаб-қувватлайди.
iOS 18 тизимининг бета-версияси 2024 йил ёзида чиқиши кутилмоқда. Оммавий версия эса iPhone 16 тақдимоти вақтида ёки ундан кўп ўтмай чиқарилади.
Мавзуга оид
12:10 / 22.12.2024
“Қотил” чатбот, касалликни олдиндан аниқлайдиган ақлли узук ва супер компютер – технодайжест
17:55 / 02.04.2024
Xiaomi'дан SU7 электромобили, iOS 18 тақдимот санаси, Сорадан филм – технодайжест
13:05 / 03.03.2024
Учар такси, қўлга тақиладиган смартфон ва кибер кучукча – ҳафта технодайжести
21:18 / 10.02.2024