Ўзбекистон | 15:57 / 06.02.2024
4027
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ўрмон фонди ерлари қарийб 12 млн гектарга етди

Сўнгги олти йил давомида ўрмон фонди ерлари 1 млн гектарга кенгайган.

Ўзбекистонда ўрмон фонди ерлари кенгайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Низомиддин Бакиров ўз ахборотида маълум қилди.

Таъкидланишича, сўнгги олти йил давомида ўрмон фонди ерлари 1 млн гектарга кенгайиб, бугунги кунда 11,9 млн гектарга етган. Бу республика умумий ер майдонининг 26,4 фоизини ташкил этади.

Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан 2023 йилда 235 минг гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ва қайта тиклаш тадбирлари бажарилган, ўрмон фонди ерларининг фойдаланилмаётган 7 012 гектар майдонлари ўзлаштирилган.

Оролбўйи ҳудудларининг экологик барқарорлигини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида 127,8 минг гектар, Бухоро вилоятида 40,6 минг гектар, Навоий вилоятида 43,7 минг гектар ва Хоразм вилоятида 10,6 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этилган.

Низомиддин Бакировга кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республика бўйича 3 млн тупга яқин дарахтлар ва буталар кўчатлари ҳамда ниҳоллари бепул етказиб берилган, 457 гектар майдонда “яшил боғлар” барпо этилган.

Шунингдек, қўшимча қилинишича, ўрмон фонди ерларидаги экотуризм объектлари сони 280 тага, экотуристик маршрутлар сони 38 тага, ташриф марказлари сони 5 тага етказилган. 2023 йилда олинадиган ялпи даромад 320 млрд сўмни, ўрмон маҳсулотлари бўйича ички маҳсулот ишлаб чиқариш 8,8 трлн сўмни ташкил этган.

Олдинроқ Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун муҳокама қилинганди.

Мавзуга оид