Ўзбекистон | 09:23 / 08.02.2024
7768
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довони автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилган

Ҳозирда довон йўлини қордан тозалаш ишлари олиб борилмоқда. ФВВ ва тегишли хизматлар томонидан йўлда қолиб кетган ҳайдовчи ва йўловчиларга ёрдам кўрсатилган.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Қалин қор ёғгани сабабли 8 феврал куни соат 00:50 дан А-373 халқаро автомобил йўлининг Қамчиқ довони қисми автомобиллар ҳаракати учун вақтинча ёпилган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, ФВВ раҳбарлигида тегишли ташкилотларнинг мутахассислари томонидан вазият оқибатларини бартараф этиш борасида профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Довон қайта очилиши бўйича қўшимча маълумот тақдим этилиши маълум қилинди.

Қўшимча қилинишича, довонда туни билан қалин қор ёғган вақтда ФВВ ва тегишли хизматлар ҳамкорлигида назорат тадбирлари олиб борилиб, йўлда қолиб кетган ҳайдовчи ва уларнинг автотранспорт воситалари, шунингдек, йўловчиларга ёрдам кўрсатилган. Шу билан бирга ҳайдовчи ва йўловчиларнинг исинишлари учун шароитлар яратиш мақсадида йўл четларида иссиқ овқат, чой ва кофелар тайёрланиб, тарқатилган.

Олдинроқ Ўзгидромет 7-8 феврал кунлари А-373 Тошкент—Ўш автойўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик ва туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 15-20 м/с.гача кучайиши натижасида автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкинлигини айтганди

Мавзуга оид