Йил бошидан бери 10 мингга яқин бола гепатит А вирусини юқтириб олди
“Сариқ касал”га чалиниш кўрсаткичларининг ўсиши Андижон, Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилмоқда. Санэпидқўм ота-оналарга мурожаат қилиб, фарзандларини гигиена қоидаларига риоя қилишни ўргатишга ва гепатит А га қарши ўз вақтида эмлатишга чақирди.
Ўзбекистонда 2024 йил бошидан буён 9507 нафар бола гепатит А касаллигини юқтириб олган. Бу ҳақда 9 феврал куни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълум қилди.
Қўмита баёнотида аввалги даврлар билан таққосланган рақамлар келтирилмаган.
Вирусли гепатит А касаллиги (халқ тилида “сариқ касал”) – болалар ўртасида учрайдиган юқумли касаллик бўлиб, жигар тўқималарининг шикастланиши билан кечади. Гепатит А гепатитнинг бошқа турларига қараганда нисбатан хавфсизроқ хасталик экани, сурункали тус олмаслиги, ўлим ва бошқа жиддий оқибатларга олиб келмаслиги билан фарқланади ва “ифлос қўллар касаллиги” деб ҳам аталади.
Санэпидқўм матбуот котиби Мафтуна Саидованинг айтишича, касалланиш кўрсаткичларининг ўсиши Андижон, Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида кузатилмоқда.
Гепатит А касаллигига қарши эмлаш 94-98 фоиз ҳолатларда вирус юқишининг олдини олади ва эмлашдан кейин кузатилиши мумкин бўлган жиддий асоратлар кузатилмайди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, бу вакцинанинг хавфсизлиги ва сифатини кафолатловчи сертификатлари мавжуд бўлиб, ваксинация бир маротаба қўлланилади, қайта эмлаш ишлари талаб этилмайди. Вирусли гепатит А касаллигига қарши, асосан, 18 ойликдан 14 ёшгача бўлган болалар эмланади. Эмлашдан кейин 15 йилгача муддатда иммунитет таранглиги сақланиб қолади.
Қайд этилишича, 2023 йил давомида Ўзбекистон бўйича жами 365 167 нафар бола вирусли гепатит А касаллигига қарши вакцина билан эмланган.
Шунингдек, ногирон, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 14 ёшгача бўлган болаларини ушбу касалликка қарши эмлаш мақсадида Қашқадарё вилояти, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ тумани ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ташаббуси билан вирусли гепатит А вакцинасини харид қилиш учун маҳаллий бюджетдан жами 4 млрд сўмдан кўпроқ миқдорида маблағлар ажратилиб, 24 765 нафар бола касалликка қарши эмланган.
“Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингиз ушбу касалликни юқтириб олмасликлари учун аввало уларни шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишга ўргатинг ва уларни гепатит А га қарши ўз вақтида эмлатинг.
Ҳар бир ота-она фарзадининг саломатлиги учун масъул эканлигини унутманг!” – дейилади Санэпидқўм ахборотида.
Мавзуга оид
17:43 / 05.12.2024
Ҳукумат қонундан ташқари 10 трлн сўм харажат қилган. Депутатлар 9 дақиқада бу харажатларни қонунга киритиб берди
16:59 / 04.12.2024
Андижондаги мутасаддиларнинг ҳаракатларига баҳо бериш учун огоҳлантирув ҳужжати киритилди — Болалар омбудсмани
22:48 / 03.12.2024
Тошкентдаги бир қатор мактабларда вирусли гепатит билан касалланиш ҳолатлари аниқланди
18:47 / 03.12.2024