Жамият | 14:05 / 13.02.2024
14487
6 дақиқада ўқилади

“Президентдан соғлар ўртасидаги танловларда биз ҳам қатнашишимизни сўрардим” — кўзи ожизлар мактаби ўқувчилари нимани хоҳлайди?

Самарқанд шаҳрида 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати мавжуд. Ушбу даргоҳ ёнидан ўтиб кетарканмиз, “Нурли маскан” деган ёзувга кўзимиз тушади. Шундай пайтда очиғи ичкаридаги ҳаёт, муҳит кўпчиликни қизиқтиради.

Самарқанд шаҳрида 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати мавжуд. Ушбу даргоҳ ёнидан ўтиб кетарканмиз, “Нурли маскан” деган ёзувга кўзимиз тушади. Шундай пайтда очиғи ичкаридаги ҳаёт, муҳит кўпчиликни қизиқтиради.

Биз мазкур нурли масканда бўлиб, кўзи ожиз болаларнинг қандай таълим-тарбия олаётгани, уларнинг салоҳияти, қобилияти билан танишиш имкониятига эга бўлдик. Ўз навбатида мазкур соҳанинг ютуқ ва камчиликлари билан ҳам яқиндан танишдик.

Ушбу даргоҳ 1961 йилда ташкил қилинган бўлиб, ҳозирги кунда 250 га яқин ўқувчи-ёшлар таҳсил олмоқда. 25 та фан, спорт ва маданий тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган.

Мактаб директори Абдуҳалим Мелиевнинг айтишича, “Нурли маскан”га ўқувчилар олти-етти ёшдан қабул қилинади. Ўқитувчиларнинг қарийб тўқсон фоизи кўзи ожиз ёки заиф кўрувчи устоз-мураббийлардир. Муассаса раҳбари бу ҳолатни ўқувчилар қатлами ҳам худди шундай хасталик билан курашиб келаётгани учун улар ўзаро яхши тил топишиши билан изоҳлади.

– Мен кўп йиллар давомида турли таълим муассасаларида ишладим, икки туманда халқ таълими бўлимларини бошқардим. Бироқ ушбу даргоҳга келиб, бу тоифа инсонлар ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслигимни англаб етдим. Уларни англаш, тушунишга кўп вақт ажратдим. Хулосам шу бўлдики, кўзи ожиз инсонларнинг кўнгли жуда нозик. Ҳис-туйғулари, сезгилари ҳам шунга монанд. Биздан бир неча баробар эшитиш, эслаб қолиш, сезиш қобилияти кучли бўларкан. Бу афзалликлар билан улар ҳам жамиятда соғлом одамлар қатори ўз ўрниларини топишларига ёрдам беради. Уларнинг кўпи биздан одатда моддий ёрдам кутади, деб ўйлаймиз. Йўқ, улар қулайлик исташади, холос. Биз учун кўча-кўйда ҳаракатланиш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди, ўрганиб кетганмиз. Бироқ улар ҳам сайр қилишни, шаҳар айланишни исташади. Афсуски, бу борада биз анчагина орқадамиз. Шаҳарсозликда, жамоат жойларда мана шундай инсонларнинг ҳам ҳаракатланишини ҳисобга олиб қулайлик яратсак фойдадан холи бўлмайди, – дейди Абдуҳалим Мелиев.

Мактаб ўқувчиси Назокат Бутунбоева бадиий адабиётга қизиқиши баландлиги, ушбу мактаб ўқувчилари ҳам энг яхши китобхон кўрик-танловларида қатнаша олиши мумкинлигини билдирди.

Назокатнинг айтишича, мактаб ўқувчилар дарслардан ташқари фан ва касб-ҳунар тўгаракларига алоҳида эътибор беришади. Хусусан, қизлар учун тўқувчилик ва пазандалик сирлари чуқур ўргатилади. Чунки бу ҳунарларни билиш айниқса, қизлар учун мустақил оила қурганда керак бўлади.

Интернатнинг ўз овоз ёзиш студияси ҳам бор экан. Мактаб ўқувчиларининг аксарияти дарсдан бўш вақт бўлди дегунча, ушбу студияга ошиқишади.

Наврўз Қўйлиев, Жаҳонгир Абдувалиев каби ёш истеъдод эгалари мақом ва эстрада йўналишидаги чиқишлари билан ижтимоий тармоқлар орқали ўз мухлисларини топиб улгурган, десак хато бўлмайди.

Масканда бешта спорт тўгараги фаолият олиб боради. Футбол ва спорт заллари мавжуд. Мактаб ўқувчилари айниқса, шахмат-шашка мусобақаларида яхши натижа кўрсатиб келишмоқда. Нафақат ўқувчилар, балки ўқитувчилар ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиш имкониятига эга.

Мактаб педагогик жамоаси турли танловлар, грантлардан иштирок этиб, яхши натижаларга эришиб келмоқда. Жумладан, замонавий овоз ёзиш студияси ҳам худди шундай грант асосида ташкил қилинган.

Бундан ташқари, грант маблағлари ҳисобига кичик спорт зали ҳам барпо қилинган. Айниқса, брайл ёзувидаги китобларни нашр қилиш, 3Д шаклдаги ўқув ва спорт қуролларини тайёрлаш учун ҳам мактаб жамоаси ўз имкониятидан фойдаланиб келаётгани таҳсинга сазовор, дейишимиз мумкин.

Мактаб ўқувчилари нафақат спорт, маданият соҳасида, балки фан олимпиадаларида ҳам салмоқли ютуқларга эришиб келмоқда.

2022 йилда муассаса ўқувчиларининг уч нафари фан олимпиадасининг республика босқичида ғолибликни эгаллаган. Хусусан, Шербек Исломов ҳамда Райхона Шарафова она тили ва адабиёт фанидан биринчи, Муроджон Полвонов эса математика фанидан иккинчи ўринни эгаллаган. Ўша йили мактаб ўқувчиси Маҳбуба Ҳалилова Зулфия номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган. Мактаб ўқитувчилари Умида Суюнова “Содиқ хизматлари учун” медали, Баҳриддин Исроилов эса “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

2023 йилда фан олимпиадасининг республика босқичида Одина Шовдирова математика фанидан 1-ўринни, Парвез Қудратиллаев эса тарих фанидан 1-ўринни эгаллаган. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Очиғи, нурли маскан ичкарисида ҳаёт ниҳоятда қайноқ. Яратганнинг хоҳиши сабаб жиддий синов билан курашиб яшаётган бу йигит-қизлар ҳаётда ўз ўрнига эга бўлиш учун тинимсиз ўқиш-изланишда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.
Оператор ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид