Ўзбекистон | 22:12 / 14.02.2024
43131
11 дақиқада ўқилади

Шерзодхон Қудратхўжа — Каримов шахсияти ва президент аппаратидан қандай кетказилгани ҳақида

2000-йилларда Ислом Каримовнинг матбуот хизматида ишлаган Шерзод Қудратхўжа ўша пайтда кўп нарсани ўзгартиришга ҳаракат қилгани, лекин астойдил ишлаганига қарамай, ўзига боғлиқ бўлмаган сабаб билан ишдан кетказилгани ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, биринчи президент гина сақлайдиган одам бўлган, карьера қурмоқчи бўлган амбицияли одамларни ёқтирмаган.

Фото: YouTube/Alter Ego

Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа Alter Ego лойиҳасига берган интервюсида 1990-йиллар охири ва 2000-йиллардаги цензура ҳақида гапириб ўтди.

Шерзодхон Қудратхўжа журналистик фаолиятини 1994 йилда МТРКнинг “Ахборот” дастури дирекциясида таржимон, муҳаррир ва сиёсий шарҳловчи сифатида бошлаган. 1998 йилда ЎзТВ-4 телеканали директори этиб тайинланган.

“1997-1998 йиллардан бошлаб цензуранинг кучайиши сабаб ишлаш қийинроқ бўлиб қолганди. 1999 йилдаги феврал воқеалари, бир муддат Туркия билан келишмовчилик, ўзаро тушунмовчилик бўлгани медиага ҳам ўз таъсирини ўтказди. Мен телевидениеда жонли эфир қилишни жуда хоҳлардим. Информацион канал доим жонли эфирга чиқиши керак, деб ҳисоблайман. Лекин секин-секин ёпишни бошлашди.

“Тракт” деган тушунча бор: амалдорлар ўз кабинетида ўтириб, сюжетларни кўриб, телефон орқали “олиб ташла”, “қисқартир”, “кесиб юбор” деган топшириқлар беришган. Бу эса журналистнинг қўлини боғлаб ташлайди, бундай шароитда ишлаш жуда оғир. Сени ҳамкасбларинг тўғрилаб турса, қанақадир хато қилсанг, бу бошқа нарса, лекин нимадир қилганингда бутун бошли абзацларни олиб ташлашса, буни қабул қилиш оғир.

Эсимда, 1997 йилда “заправка”ларда бензин кам қуйилаётгани ҳақида лавҳа тайёрлагандим. Ўша пайтда бу муаммо кенг тарқалган эди. Бу материал [ўз вақтида] эфирга чиқмаган. Материал эфирга чиқмаслиги учун, масала биринчи шахсгача етиб бормаслиги учун менга катта сумма – 5 минг долларгача таклиф қилишган. Чунки бу ўзига хос мафия эди. 5 минг доллар анча катта пул эди, яхши ҳовли сотиб олса бўларди бунга. Пастроқ даражадан бошланиб, шунга етган. Охир-оқибат бу материални якшанба куни (8 мартга тўғри келганди) давлат раҳбари шаҳардан ташқарида бўлган пайтда эфирга беришган.

Ўшанда қийин бўлган. Мен пулни олмаганман. Мени таъқиб қилишган, хавфсизлик нуқтайи назаридан дўстларим мен билан бирга юришган, таҳдидлар ҳам бўлган. Материални Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Исмоил Ҳакимович Жўрабеков кўрган, масалани жиддий кўтарган, лекин давлатнинг биринчи рақамли шахси кўрмаган, агар кўрганида, янада ёмонроқ бўларди”, – деди Шерзодхон Қудратхўжа.

Журналист 1998-1999 йилларда ўзи бошқарган ЎзТВ-4 телеканали ўша вақтда мамлакатдаги 4 та каналдан бири бўлгани, Ислом Каримовнинг ўндан ортиқ давлатга ташрифларида иштирок этиб, ундан тез-тез интервюлар олгани, шундан кейин бир муддат Марказий сайлов комиссияси матбуот хизматига раҳбарлик қилиб, 1999 йил охири ва 2000 йил бошидаги сайловлардан кейин президент матбуот хизматига ишга олинганини айтиб ўтди. Бунга, Шерзодхон Қудратхўжанинг сўзларига кўра, давлат раҳбарига сайловлар юзасидан берган таклифлари сабаб бўлган.

“Биз очиқлик, шаффофлик кераклиги, сайловлар рақобатли ўтиши кераклиги, номзодлар чиқишлар қилиши, роликлар қилиниши, бунинг учун маблағ ажратилиши зарурлигини тушунтириб бера олдик. Бу гапларимиз унга ёқди ва қабул қилинди. Бунинг яна бир яхши томони, мени президент матбуот хизматига ҳеч қандай суҳбатсиз, Ислом Абдуғаниевичнинг топшириғи билан ишга олишди. Шундай қилиб у ерда 5 йил ишладим”, – деди у.

Шерзодхон Қудратхўжа шундан кейин мамлакат ривожланишида нима хато кетди, деган саволга жавоб берди.

“Очиқлик, либераллик борган сари камайиб борди. У соат 17 дан кейин амалдорларни қабул қиларди. ОАВ, маданият, санъат ва бошқа соҳалар вакиллари билан 2-3 соатлик йиғилишлар бўлиб турарди. Эрталаб асосан кадрларга оид масалалар кўрилар, Хавфсизлик кенгаши ва бошқаларнинг муҳим докладлари кўриб чиқиларди. Мен 5 йил шу ритмда яшадим. Бу оғир эди, ўша пайтда 25-26 ёшда эдим. Лавозимим – матбуот котибидан кейинги иккинчи шахс эди, ундан [Ислом Каримовдан – таҳр.] ярим соат олдин келиб, ярим соат кейин кетардим. 2001 йил сентябрда Америкадаги воқеалар рўй берганидан кейин у ишдан жуда кеч кета бошлади: баъзида соат 12да кетарди. Америка вакиллари тез-тез кела бошлади.

Орада бир нечта учрашувларда мен ҳам ўзимнинг либерал фикрларимни айтдим. Кейин кўряпманки, бу нарса ёқмайди. Кейин яна битта ҳолат бўлди, шунга кўра, тушундимки, менинг миссиям тугади, мен кераксиз бўлиб қолдим. Бу факт етарлича шахсий характерга эга, профессионал бўлмаганим ёки менга нисбатан компроматлар бўлгани билан боғлиқ эмас. Қандайдир досье бўлган. Мен тўғри ишлардим, мен учун бу муҳим эди. Бир қариндошим ўз вақтида Каримов билан жуда жиддий тортишиб қолганди. Унинг фамилиясини айта олмайман, билган билади. Ҳозир у кекса ёшда. У ҳам принципиал одам эди, Олий Кенгаш мажлисида улар чиқишолмай қолишди.

Бу қариндошим билан биз кўп ҳам мулоқот қилавермасдик, қариндошлигимиз қудачилик билан боғлиқ эди. Ислом Каримов у билан қариндош эканимизни... Хотирамда қолгани, у [Каримов] гина сақловчи эди. Лекин мен унга ишонардим. Ва мени 33 ёшимда Boeing'да учиб кетаётганда, 10 минг метр баландликда парашютсиз самолётдан отиб юборишди. Бу мен учун оғриқли бўлди. Чунки мен ўзимнинг онгли 15 йилимни шу одамга, шу мамлакатга хизмат қилишга бағишлагандим. Уни идеаллаштиргандим. Чунки ўшанда ҳамма нарсани пушти кўзойнак билан кўрардим. Шундай ҳолатда қаттиқ муносабат бўлган менга нисбатан.

Кейинроқ менга айбим бўлмагани, мени ўзимга ҳеч қанақа боғлиқ бўлмаган факторлар сабаб ишдан бўшатишганини айтишган.

[...] Умар Сафоевич Исмоилов деган давлат маслаҳатчиси ишдан бўшатилаётганимни айтди. Нега деб сўрадим. Ўшанда лавозимимдан кетсам, каттароқ мансабга кетаман, деб ўйлардим, ўзимга яраша режаларим бор эди. Мен ҳам етарлича амбицияли одам эдим. Айтганча, Ислом Абдуғаниевичга амбициоз деган сўз умуман ёқмасди. У карьеристларни жуда ёмон кўрарди. Мен буни нотўғри деб ҳисоблайман.

Умуман олганда, мен президентнинг матбуот котиби бўлишим керак эди. Ислом Абдуғаниевич менинг номзодимга нисбатан катта савол қўйган ва бу ерда беш йил нима қилганим ҳақида муҳокама бўлган. Мен ишлаганман. Менга бу ерда танловни сиз қилмайсиз, нима дейишса, шуни қиласиз, дейишди.

Ўшанда мен миннатдорчилик сўзлари билан ишдан бўшашга ариза ёзганман. Менга шундай ўргатишган: бу ерда ишлаганим, кўп нарсани ўрганганимдан миннатдор эканим, ҳаётда кўп нарса олганим ҳақида ёзишимни айтишган. Саломатлигим ҳолати сабабли, деб ёз дейишган. Нима, мен Адропов ёки Черненко эмасманки, реанимацияда ётган бўлсам, дедим. Шундай ёзинг, дейишди. Ҳам кулгинг қистайди, ҳам алам қилади. Ўша вақтда президент матбуот хизмати жойлашган хона олдидан анҳор оқиб ўтарди. Ташқарига чиқдим. Феврал. Ташқарида совуқ. 2-3 соат якка-ёлғиз айланиб юрдим. Тушуна олмайман, нима бўлди, қаерда хато қилдим? Сизни чўққида синдиришяпти, тушуняпсизми?

Қайтдим, қоғоз сўрадим, “ўз ихтиёрим билан, саломатлигим туфайли кетмоқчиман”, деб ариза ёздим. Нима қилай, кетайми, дедим. Йўқ, бориб ишланг, деб яна масхара ҳам қилишди”, – деди собиқ давлат мулозими.

Шерзодхон Қудратхўжанинг сўзларига кўра, у президент матбуот хизмати ишлаган йилларида (2000-2005 йиллар) кўп нарсани ўзгартиришга ҳаракат қилган, лекин бу самара бермаган, ўз хоҳиши билан ишдан бўшаб, телевидениега кетмоқчи бўлганида эса бунга рухсат берилмаган.

“Матбуот хизматида кўп нарсани ўзгартиришга ҳаракат қилдим. Қаергадир сафар бўлса, президент ўша ерга кетди, шунақа мақсад билан деб интервю берардим. Бу ўша вақтда матбуот котибига ёқмасди. Ёки матбуот анжумани ўтказиш тарафдори эдим. Уч-тўрт марта шундай ҳолат бўлган, Ислом Каримов асабийлашиб нега фалон ҳолат бўляпти, нега бу нарса ёритилмаяпти деган. Мен вазирликларда матбуот котиби институтини таъсис этишни таклиф қилганман. Чунки ёритишга ваколатли шахслар йўқ эди. У қўл силтаб, бу ечим эмас, деган.

Ҳозир вазирликларда, ҳокимиятларда матбуот котиблари бор. Улар учун ўқув семинарлари, машғулотлар ўтказамиз. Ўшанда бунақа нарсага президент рози бўлмаган. Хафсалам пир бўлган. Яна кетаман деганман. Яна ўша давлат маслаҳатчиси, сиз кимсиз бу ерда танлов қилгани ва қаерга кетасиз, деган. Юқоридан ўзлари айтмагунча, шу ерда ўтирасиз, дейишган. 15-20 йиллаб ўша ерда қолиб кетганлар бор. Мен бунча ўтиришни хоҳламасдим, албатта. 25 ёшдаман. Азонлаб қишда 7:30 да ишга кетиб, тунги 12 да қайтаман. На рафиқангни, на бола-чақангни, на ота-онангни кўрасан, шу ҳам ҳаётми? Ҳаммаёқда табу, ҳаммаёқда махфийлик. Ўзим ҳам булардан чарчагандим. Лекин меҳнат қилган одам билан бу тарзда хайрлашиш, бундай “миннатдорлик билдириш” – Ислом Абдуғаниевичнинг кадрлар сиёсатидаги хатоликлар эди.

Бундан жабр кўрган фақат мен эмасдим, бунақалар кўп бўлган. Қанча яхши кадрлар кетди. Шунчаки аллақандай бир қариндоши айтган гап учун ўзинг ишга олган, тарбиялаган одамни синдириш, ёш бир йигитдан ўч олиш бу олийжанобликдан эмас”, – дея эслаган Шерзодхон Қудратхўжа.

Унинг сўзларига кўра, президент аппаратидан бўшатилганидан кейин тажрибасини инобатга олиб ўша вақтдаги бош вазир Шавкат Мирзиёевга матбуот котиби сифатида ишга таклиф этилган. Журналист бу лавозимда 2005-2008 йилларда фаолият олиб борган.

Шерзодхон Қудратхўжа кўрсатув давомида биринчи президент Ислом Каримов давридаги хатолардан сифатли таълимга эътибор берилмагани, ташқи дунёдан изоляцияда бўлингани, қўшнилар билан муносабатлар илиқ бўлмагани ва конвертацияни тилга олди. “Бу қарорларни оқлашлар бўлган, лекин вақт шуни кўрсатдики, бу оқлашлар тўғри бўлмаган”, деди журналист.

“У – мураккаб даврда ҳокимият юкини ўзига олган инсон. Ўз йўлини босиб ўтди. Ҳаммага у бошқача йўлдан юриши ҳам мумкин бўлгандек туюлади. Унда маслаҳатчилар ва маслаҳат берувчилар кўп эди, лекин у ўзи танлаган йўлдан – тиканли, мураккаб йўлдан юришга қарор қилди. Йўл қўйган хатолари ҳам ўзига тегишли. Ҳар қандай сиёсатчи хато қилади. Муваффақиятлари ҳам ўзиники. Шу билан бирга, мен айрим моментларда бошқачароқ йўл тутиш мумкин эди, деб ўйлайман. Мен ўзим ҳозир таълим соҳасида ишлаяпман ва кўриб турибманки, айнан таълимда, одамларимизни ривожлантиришда муаммоларимиз кўп”, – деди ЎзЖОКУ ректори.

Мавзуга оид