Ўзбекистон | 17:54 / 16.02.2024
50039
6 дақиқада ўқилади

Хоразмдаги педофил-амалдорларнинг яна «боши силанди». Улар манзил-колонияга юборилган

Оилавий меҳрибонлик уйининг 18 ёшга тўлмаган, етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган тарбияланувчилари билан бир йил давомида ўзига бириктирилган хизмат уйида жинсий алоқа қилиб келган собиқ Хоразм вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек Машарипов ва ФВВнинг туман бўлими бошлиғи Анвар Курязов жазони умумий тартибли қамоқхонада эмас, манзил-колонияда ўтаётгани маълум бўлди. Қолаверса, улар оммага ошкор қилинганидан камроқ муддат жазо ўтайди.

Оилавий меҳрибонлик уйининг тарбияланувчилари бўлган вояга етмаган қизлар билан жинсий алоқа қилгани учун айбланган Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ бошлиғи Анвар Курязов жазони манзил-колонияда ўтаётгани маълум бўлди.

Kun.uz манбасига кўра, Ойбек Машарипов Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 128-моддаси 1-қисми (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) ва 128-1-моддаси (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятда айбдор деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси 2-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазони оғирроғи билан билан қоплаш йўли билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Машариповнинг 2023 йил 21 январдан 2023 йил ноябрга қадар ўз уйида ўтаган 9 ой 11 кун озодликдан чеклаш жазоси ҳар бир куни озодликдан маҳрум қилиш жазосининг бир кунига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан чегирилиб, узил-кетиш ўташ учун 2 йил 2 ой 19 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилган.

Анвар Курязов ҳам Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 128-моддаси 1-қисми ва 128-1-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Курязовнинг 2023 йил 19 январдан 6 апрелга қадар ўз уйида ўтаган 2 ой 17 кун озодликдан чеклаш жазоси бир куни озодликдан маҳрум қилиш жазосининг бир кунига тенглаштирилган ҳамда тайинланган жазодан чегирилиб, узил-кесил ўташ учун 2 йил 9 ой 13 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилган.

Эътиборлиси, ҳар икки судланувчига жазони манзил-колонияда ўташ белгиланган.

Жиноят ижроий кодексининг 114-моддасига кўра манзил-колонияларда маҳкумлар:

– соқчисиз, аммо назорат остида сақланади;

– эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланади;

– агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари мумкин;

– фуқаролар киядиган кийимда юради;

– пул ва қимматли буюмларни сақлаши, улардан чекланмаган миқдорда фойдаланиши мумкин;

– ишдан бўш вақтда чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин;

– ўз шахсий маблағлари ҳисобига харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан ва йўқловлардаги маҳсулотлардан мустақил равишда овқат тайёрлашни амалга оширади.

Маҳкумлар чекланмаган миқдорда қисқа муддатли учрашувлар, йил мобайнида йигирма тўрт марта узоқ муддатли учрашувлар олиш ҳуқуқига эга. Учрашувлар, қоида тариқасида, ишдан бўш вақтда берилади. Манзил-колония ҳудудида узоқ муддатли учрашув ўтказиш имконияти бўлмаса, учрашув маҳкумнинг аризасига биноан манзил-колония ҳудудидан ташқарида, ушбу колония жойлашган туман (шаҳар) ҳудудида ўтказилиши мумкин.

Маҳкумлар хоналарга бўлинган ётоқхоналарда яшайди. Сақлаш режимини бузмаган, оиласи бор маҳкумларга муассаса бошлиғи қарорига биноан манзил-колония ҳудудида ёки манзил-колония жойлашган туман (шаҳар) ҳудудида оиласи билан алоҳида яшашга рухсат берилиши мумкин. Бундай шахслар ички тартиб қоидаларида белгилаб қўйилган тартибда рўйхатдан ўтиш учун ҳозир бўлишлари шарт. Манзил-колония маъмуриятининг вакили маҳкумлар яшаётган жойга сутканинг исталган вақтида кириши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Хива туман судининг ҳукмига кўра, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи бўлган Анвар Курязов меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келганликда айбдор деб топилган ва уларга 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Жиноят ишининг яна бир фигуранти – вояга етмаган қизларни турли эркаклар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган меҳрибонлик уйи мудираси 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Уч нафар судланувчи ҳукм устидан Хоразм вилояти судига шикоят қилган, лекин апелляция инстанцияси ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Жамоатчилик бу жиноят ҳақида биринчи инстанция судининг ҳукми чиққанидан 7 ой ўтиб хабар топди ва бу – жинсий жиноятлар ойлар мобайнида давом этиб келгани, суд эса собиқ амалдорларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлагани резонансга сабаб бўлди.

Шундан кейин Машарипов ва Курязовга тайинланган жазо енгил бўлгани сабаб Хоразм вилояти прокуратураси Олий судга протест киритгани маълум қилинди. Олий суд ишни апелляция инстанциясида қайта кўришга юборган эди.

3 ноябр куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан педофилияда айбланган хоразмлик собиқ амалдор иши ёпиқ тарзда кўриб чиқилди.

Апелляция инстанцияси Ойбек Машарипов ва Анвар Курязовга нисбатан Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукмини бекор қилди ҳамда айбланувчиларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаганди.

Мавзуга оид