Жамият | 17:00 / 19.02.2024
47316
6 дақиқада ўқилади

«Болаларимни ўқитиш учун мардикорлик қилганман» — ота

Боғдод тумани Боғишамол қишлоғида оддий оиланинг икки фарзанди Фарғона шаҳридаги президент мактабига ўқишга кирган. Тўнғич ўғли таълим даргоҳини тамомлаб, Туркия техника университети талабасига айланди. Жонкуяр ота-она фарзандлари камоли учун тинмай меҳнат қилишади. Ота ўзгаларнинг уйида ишлаб топган пулини ўғилларининг билим олишига сарфлайди.

Заҳматкаш ота-она Kun.uz мухбирига фарзандлари замонавий мактабга кириш учун қандай тайёргарлик кўрганликлари ҳақида сўзлаб берди.

Гўшти учун қуён боқаман

«Икки ўғил, бир қиз отасиман. Президент мактаби Фарғонада ҳам очилгач икки ўғлимни имтиҳонга олиб бордим, биринчи босқичдан ўтишди. Катта ўғлим пастроқ ўринда эди, иккинчи босқичгача яна тайёрланди. Топшириб келишди, натижалар чиқишини интиқ бўлиб кута бошладик. Кечқурун соат 1:00 лар атрофида иккаласи ҳам ўтганини билиб роса хурсанд бўлдик.

Камолиддин Мирзаалиев

Интернет, телефондан ҳам тўғри мақсадда фойдаланиш мумкин экан. Ўғилларимга телефондан ҳар хил тестларни топиб бериб, ечтирардим. Катта ўғлим мактабни битирди, энди эса грант асосида Туркияда ўқияпти. Яратган йўлини очди, омадини берсин.

Мол-ҳолимиз, қуёнларимиз бор. Қуён боқишдан мақсад гўшт пулини болаларнинг ўқиши учун сарфлаб, ўрнига ишлатиш, қуён гўштини фойдали ҳам дейишади.

Ўғлим Туркияга ўқишга кирганида елкамдаги юк ағанади

Қишлоқ жой бўлгани учун шароит бўлмай қоларди баъзида. Чироқ ўчса, шам ёруғида дарс қилишди. Ҳаракат қилгани учун ўқишяпти, мана. Болаларимни ўқитиш учун керак бўлса мардикорлик қилиб, бировнинг ишини қилганмиз. Нима бўлса, шу болаларим қийналмасин, ўқишида камчилик бўлмасин деб ҳаракатдамиз. Эртага халққа, юртга фойдаси тегадиган ўқимишли инсонлар бўлиб етишса, мақсадимизга етган бўламиз. Ўғлим Туркияга ўқишга кирганида ҳам роса хурсандчилик бўлди.

Баҳромжон Шамсиддинов

Насиб этса, энди кичик қизимни ҳам президент мактабида ўқитмоқчиман. У ҳозирча 2-синфда ўқийди.

Бизда гўшт қиммат, шу сабабли қуёнларни кўпайтираман. Ҳеч бўлмаганда болаларнинг йўлкирасига пул орттирса бўлади. Ҳам қизиқиш бу, тез кўпаяди. Бундан ташқари, молларимиз бор, булар ҳам шу болаларнинг ўқиши, бошқа харажатларни қоплайди. Қўлимиздан келганини қиляпмиз», дейди Камолиддин Мирзаалиев.

Камолиддин Мирзаалиев кичик ўғли Акрамжон Шамсиддинов билан

Ака-уканинг онаси Қаноат Мирзаалиева Боғдод туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилик қилади.

Қаноат Мирзаалиева

Ўғлимга қўшилиб йиғладим

«Турмушда қийинчиликлар бўлди. Уйимизни ўзимиз қурганмиз, оилавий. Деярли уста ишлатмадик. Овсиним билан бирга 22 мингта ғишт қуйганмиз уй қуриш учун. 9 йил қайнонам билан яшаб, шундан сўнг янги иморат солиб кўчиб чиқдик.

Ўғилларимнинг президент мактабига имтиҳон топшириши ҳақида биринчи марта ўқитувчисидан эшитдим. Ичимдан бир орзиқиб қўйганман. Бири ўтиб, бири ўтолмай қолса нима бўлади деб ўйлаганман ҳам. Иккиси ҳам ўтганини эшитиб хурсанд бўлдик.

Қийинчиликлар бўлди, кийим-кечак, баъзида озиқ-овқатга пул етмай қоларди. Мактабдан бўш вақтимда қўшнилар билан кунлик ишга ҳам чиқардим: пахта чопиқми, шоли экишми, қилаверардик.

Тўнғич ўғлим Баҳромжон 9-синф пайтида ўртоқлари байрам қилаётган экан, мендан пул сўради. Хўп, бераман, дедим, лекин ўғлим қачонгача сизлардан пул сўраб юраман, қачон ўзим пул топадиган бўламан, деб йиғлаб юборди. Шунда мен ҳам унга қўшилиб йиғладим. Фарзандларим қийинчиликни ҳис қилишарди».

Фарзандларим меҳнатларининг мевасини кўришяпти

Президент мактабига кириш учун болаларим кўпроқ ўзлари мустақил тайёргарлик кўришди.

Турмуш ўртоғим 9-10 йил ташкилотда ҳисобчи бўлиб ишлаган. Иш ўринларини қисқатиришгач, ишсиз қолди. Шундан сўнг мардикорликка чиқишга мажбур бўлди.

Катта ўғлим Баҳромжон Туркияга ўқишга киришдан олдин «Эл-юрт умиди» жамғармасига топширган эди, биринчи ва иккинчи босқичидан ўтди, шу орада Туркияга 100 фоизлик грант ютгани ҳам маълум бўлди. Лекин ўғлим «Эл-юрт умиди» жамғармасининг натижасини ҳам кутди, Америкага кетмоқчи эди, лекин яна секин-секин бу ниятидан қайтиб, Туркияга кетсамми, деди. Жамғарма имтиҳонидан ўтолмагач, Туркияга кетиши аниқ бўлди.

Болаларим ёшлигида кўчада кўп ўйнамасди, кам вақт ажратардик. Отаси қаттиқ назорат қиларди, вақтини бекорчи сарфламасин, дерди. Шунинг учун отаси ишда пайти ўйнашга чиқариб турардим. Лекин шу меҳнатларининг мевасини кўряпти. Кичкина ўғлим акасидан ҳам ўтмоқчи. Катта ўғлим ҳали яна бошқа давлатда магистратурада ўқимоқчи, немис тилини ҳам ўрганяпти ҳозир.

Турмуш ўртоғим ишдан бўшагач, тирикчиликнинг ҳар хил йўлларни ўйладик. Гўштга кетадиган пулни тежаш учун қуён боқа бошладик. Болалар улғайяпти, энди қўшимча уй-жой керак, кейинги ҳаётини бошлаб олишлари керак. Шу мақсадда қорамол ҳам боқяпмиз», дейди Қаноат Мирзаалиева.

Ота-онамиз ишончини оқлаяпмиз

«Ота-онам қишлоқнинг оддий одамлари. Улар имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишимизни астойдил хоҳлашган эди. Минг шукурки, уларнинг ишончини оқладик. Айни пайти Истанбул техника университети талабасиман”, дея таъкидлайди Баҳромжон Шамсиддинов.

Катта ўғилнинг айтишича, президент мактабига тайёргарлик кўриш ўзига хос жараён бўлган. Ака-ука асосан интернетдан керакли маълумотларни ўқиб мустақил равишда тайёргарлик кўрган.

Сарвар Зиёев,
Kun.uz

Мавзуга оид