Иқтисодиёт | 13:02 / 21.02.2024
9498
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Хитой сармояларининг ўзлаштирилган умумий ҳажми 11 млрд долларга тенг бўлди

Белгиянинг The Brussels Times порталида Ўзбекистон ва Хитой муносабатларига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди.

«Дунё» хабарига кўра, мақолада Ўзбекистон–Хитой ҳамкорлигининг замонавий босқичи 1992 йил 2 январда, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, халқаро ҳамжамиятнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида Хитой Халқ Республикаси билан дипломатик муносабатлар ўрнатган онлардан бошлангани таъкидланган.

«Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик иқтисодий ва савдо шериги ҳисобланади. 2023 йилнинг январ-ноябр ойларида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 12,2 миллиард долларни ташкил этиб, ўтган йилги кўрсаткичдан 34 фоизга ошди», - маълум қилинган манбада.

Белгия ОАВда қайд этилишича, Хитой Ўзбекистондаги энг йирик сармоядорлардан биридир. 2017-2022 йилларда Хитой сармояларининг ўзлаштирилган умумий ҳажми салкам 11 миллиард долларга тенг бўлди. 

«Тўғридан тўғри Хитой сармоялари бугунги кунда мамлакат иқтисодиётининг кўплаб тармоқларида, жумладан, кимё саноати, нефт-газ сектори, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат ва бошқа соҳаларда фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда йирик сармоявий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этаётган Хитой компаниялари сони муттасил ортиб боряпти», - деб ёзган The Brussels Times.

Мавзуга оид