Тошкент ИЭС бўйича қатъий чора кўриш зарур – Экопартия
Электр ва иссиқлик энергиясидаги узилишларнинг олдини олиш учун Тошкент ИЭСнинг мазут ёққани, станциядаги мавжуд ускуналар маънан эскиргани ва шу сабаб ҳаво ифлослантирилаётгани аниқланди. Ҳолатни ўрганган ишчи гуруҳ Энергетика вазирлигидан аниқ чоралар кўришни сўрамоқда.
22 феврал куни Тошкент ИЭС фаолиятини Экологик партия, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура вакиллари ҳамда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ ўрганиб чиқди. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, станция Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлувчи зарарли моддалар чиқараётгани аниқланган.
Тошкент ИЭС электр энергияси ва иссиқлик энергияси узилишларининг олдини олиш мақсадида мазутдан фойдаланаётгани маълум бўлган. Шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича мавжуд ускуналарнинг маънан эскиргани, атмосфера ҳавосига зарарли моддалар ажралиб чиқишининг олдини олишга хизмат қиладиган технологияларга зарурат борлиги ҳам айтилди.
Ишчи гуруҳ ҳолатдан келиб чиқиб қуйидагича тавсиялар берди:
– корхонада атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташламалардан намуналар олиш ва таҳлил қилиш учун автоматик тизимларни жорий қилиш;
– станциядаги қувурларга атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддаларни камайтирувчи фильтрлар ўрнатиш;
– атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини аниқлаш учун стационар кузатув постларини ўрнатиш;
– станциядаги нефт маҳсулотлари билан ифлосланган сувларни бирламчи тозалаш ҳовузи маънан эскирганлиги сабабли капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш.
Масъуллар берилган таклиф ва тавсияларнинг “Тошкент ИЭС” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқариш жараёнига жорий қилиниши юзасидан Энергетика вазирлигидан аниқ чоралар кўришни сўраган.
Бундан ташқари, ҳолат бўйича Бош прокуратура, Энергетика вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва ҳукуматга асослантирилган тушунтириш бериш, ўз нуқтаи назарини баён этиш юзасидан депутатлик сўрови ҳам юборилгани ҳамда партия томонидан доимий жамоатчилик назорати олиб борилиб, кенг жамоатчилик хабардор қилиб борилиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, 30 январ куни парламентда ўтган йиғилишда экология вазири Азиз Абдуҳакимов ҳаво ифлосланишига оид ҳисоботи билан чиқди ва PM2,5 дисперсли заррачаларнинг 20 фоизи кўмир ва мазут ҳиссасига тўғри келишини айтганди.
14 февралда Энергетика вазирлиги буни рад этиб, ҳаво ифлосланишига мазутнинг алоқаси йўқлиги ҳақида баёнот бериб, станцияда ҳавога ташланаётган моддалар белгиланган меъёрдан ҳеч қачон ошмаганини таъкидлаганди. 21 феврал куни эса Тошкент яна бир бор дунёда энг ифлос шаҳарлар рўйхатида 1-ўринга чиқди.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
15:36 / 23.12.2024
Қора денгиз соҳилларини мазут қоплади — танкерлар ҳалокати оқибатлари фотосуратларда
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024