“Ички тартиб-қоидалар Конституцияга зид бўлмаслиги лозим” — фаоллар мактабдаги соч олдириш ҳақида
Навоий шаҳридаги мактаблардан бирида ўқувчилар сочини олиш “тадбири” ўтказилди. Болалар омбудсмани буни боланинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматига таҳдид деб атади. Жамоатчилик фаоллари давомат ва бу каби “ташаббус”лар билан таълим сифатига эришиб бўлмаслигини айтмоқда.
Соч олдириш “тадбири”
23 феврал куни Kun.uz ўз манбасига таяниб Навоий шаҳридаги 2-мактабида ўғил бола ўқувчиларнинг оммавий равишда сочини олиш “тадбири” ўтказилгани ҳақида хабар берди. Бу иш мактаб директори Нурқобил Юсуповнинг ташаббуси экани, унинг топшириғи билан мактабга сартарош чақирилгани айтилмоқда.
Ҳолат бўйича Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Раъно Ҳайитова изоҳ бериб, бошқарма бу вазиятни умуман оқламаслигини айтди.
“Ўзи шу мактаб директори билан кеча гаплашгандим, мактаб фаолиятини тўлиқ ўрганамиз. Бу ҳолат умуман мумкин эмас. Бундай директор ишда қолиши ҳам мумкин эмас аслида. Мактабда ўқувчининг сочига тегишга умуман ҳаққи йўқ. Бу педагогнинг этика қоидасига тўғри келмайди”, – деди бошқарма бошлиғи.
Навоий вилояти Миллий гвардия бошқармаси матбуот котиби Рамазон Кубаев эса Миллий гвардия ходимлари мактаб директорининг бу ташаббусига қарши бўлишганини билдирган.
“Бириктирилган ходимларимиз давомат назорати учун мактабга борганида ушбу ҳолатнинг устидан чиқишган. Бу, албатта, мумкин эмас. Шу сабабли мактаб директорига жараённи тўхтатишни ҳамда ўқувчиларни дарсга қайтаришни айтишган”, – деди Кубаев.
Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам ҳолатни қоралади. Унинг сўзларига кўра, мактаб маъмуриятининг бундай ҳаракатларга йўл қўйиши мутлақо мумкин эмас.
“Биринчи навбатда, бу умумий ўрта таълим муассасаларининг одоб-аҳлоқ қоидаларига зид. Муҳими эса бу боланинг конституцияда кафолатланган шахсий дахлсизлик ҳуқуқи ҳамда унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳурмат қилиниши ҳуқуқига таҳдид солади. Мазкур ҳаракатга йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли чора кўрилиши зарур”, – дейилади бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг баёнотида.
Қўшимча қилинишича, ҳозирда бу каби номақбул ҳолатларнинг бошқа таълим муассасаларида ҳам юзага келмаслиги бўйича чоралар кўрилмоқда.
Фаоллар нима дейди?
Таълим бўйича мутахассис Комил Жалилов вазиятга муносабат билдириб, бу ҳолатда вазирликнинг масъулиятига эътибор қаратди.
“Мактаб директорлари нима қилаётгани, мактабда қандай муҳит ўрнатаётгани, ўқувчилар устидан ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга ошираётганини Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билмайди – ОАВда ёки ижтимоий тармоқларда “ёнғин” чиққач, муносабат билдиради.
Таълимга масъул идоралар шу даражада кўпки, муаммо чиқса, ҳаммаси ўзини четга олиши, “коптокни” бир-бирига отиши мумкин. Масалан, “соч олдириш” маросимида Миллий гвардия ходими қараб турибди, лекин улар гўёки “жараённи тўхтатишга ҳаракат қилган”, – дейди у.
Яна бир таълим эксперти, педагог Шокир Турсун эса ўқувчиларнинг ўсган сочи таълим жараёнига қандай таъсир қилиши тушунтириб берилиши кераклигини айтмоқда. Унинг фикрича, қизлар мисолида бундай асоснинг ўзи йўқ, аслида таълимнинг сифати муаммонинг асл илдизи бўлиши керак.
“Бу мактабнинг ички тартиб-қоидаси дейишингиз мумкин. Лекин ички тартиб-қоидалар конституцияга, инсон эркинлигига зид бўлмаслиги лозим. Одам ўзининг сочи қандай турмакланишини ҳал қила олмаслиги бу унинг конституциявий ҳуқуқининг қўпол бузилиши ҳисобланади. Ички тартиб-қоиданинг сочга алоқадор қисми конституцияга зид эмасми?
Бу болаларнинг шарманда қилиниши ортидан олган руҳий травмалари билан ким шуғулланади? Шу болалар энди мактабни севиб қоладими? Тўғри, мактабларда давомат паст, тартиб-интизом ёмон. Аммо Миллий гвардиянинг усуллари вақтинчалик чора холос. Гвардия йўқ бўлган куниёқ интизом ва давомат яна аввалги ҳолига қайтади”, – дейди у ўз каналида ёзган постда.
Собиқ депутат, экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев ҳам мактаб қамоқхона эмаслигини, Навоийдаги ҳолат “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциянинг бузилиши ҳисобланишини айтган.
“Афсуски Миллий гвардия ҳам мактабларга қамоқхона қиёфасини бермоқда”, – деб тавсифлайди суратдаги ҳолатни у.
Иқтисодчи Отабек Бакиров “Йўл-йўл пижамадаги бола” филмидан олинган кадр ва Навоийдаги воқеа суратини кетма-кет жойлаштириб, шундай деб ёзди:
“Эркин болада соч бўлади.
Қамоқдаги боланинг сочи мажбурий олинади”.
Журналист Шуҳрат Шокиржоновнинг фикрича, мактаб раҳбарлари, айниқса ўқитувчилар фақат ва фақат ўз фанини болаларга пухта ўргатиш билан машғул бўлишсагина ҳаммаси жойига тушиб кетиши мумкин.
“Мактабга сочингни ўстириб келибсан”, “кроссовка кийиб келибсан”, “форма кийиб келмабсан” дея ўқувчиларни террор қилиш билан кўзланган мақсадга ҳам эришиб бўлмайди, педагог обрў ҳам қозонмайди”,– дейди у.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Навоий шаҳридаги 6-мактабда ўқитувчи болаларнинг ота-оналарига видеомурожаат йўллаб, мактабга кроссовка кийиб келиш мумкин эмаслигини айтганди. Бунга жавобан вазирлик таълим муассасаларида оёқ кийим, айнан кроссовка билан боғлиқ бирор бир чеклов йўқлигини маълум қилганди.
Ўқувчилар кийиниши қайси ҳужжатлар билан тартибга солинади?
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 августдаги қарори билан, ўқувчиларнинг мактаб формаси ва ташқи кўринишига қўйиладиган талаблар тасдиқланган.
Унга кўра, ўғил бола ўқувчиларнинг таълим муассасасига танасининг очиқ қисмига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, соқол қўйган, сочи 2-3 сантиметрдан узун бўлган ва ёрқин рангларга бўяган ҳолда келишларига йўл қўйилмайди.
Қиз бола ўқувчилар танасига татуировка туширган ёки пирсинг қилган, сочини ёрқин рангларга бўяган, юзини кўзга ташланадиган даражада макияж қилган, қулоғига биттадан ортиқ сирға таққан, бармоқларига узук таққан, қўл тирноқларини бўяган ва узун қилиб ўстирган ҳолда келишлари ҳам мумкин эмас.
Шунингдек, ҳужжатда қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик ҳам кўрсатилган, аммо у фақат форма кийиш билан боғлиқ ҳолатлар учунлиги айтилган. Талабларга риоя қилмаслик таълим муассасасининг ички тартиб қоидаларини бузиш ҳисобланади. Бунинг учун ўқувчига огоҳлантириш берилиши, кундаликка эслатма ёзилиши, ота-оналар хабардор қилиниши ва ҳолат ота-оналар иштирокидаги йиғилишларда муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
17:43 / 05.12.2024
Ҳукумат қонундан ташқари 10 трлн сўм харажат қилган. Депутатлар 9 дақиқада бу харажатларни қонунга киритиб берди
16:59 / 04.12.2024
Андижондаги мутасаддиларнинг ҳаракатларига баҳо бериш учун огоҳлантирув ҳужжати киритилди — Болалар омбудсмани
18:47 / 03.12.2024
Андижонда мактаб ўқувчилари “қизил тоифа”га ажратилди
20:49 / 30.11.2024