Ўзбекистон | 16:01 / 25.02.2024
15520
1 дақиқада ўқилади

Хоразмда 3 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган фермер хўжалиги аниқланди

Урганч туманида фермер хўжалиги қўшимча тармоқ тортиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Бунинг оқибатида давлатга етказилган зарар миқдори 3 млрд 374 млн сўмни ташкил этди.

Фото: «Ўзэнергоинспекция» матбуот хизмати

Хоразм вилояти Урганч туманида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда назорат тадбири ўтказилди, дея хабар бермоқда «Ўзэнергоинспекция» компанияси матбуот хизмати.

Хусусан, тумандаги «М.» фермер хўжалиги ўзига қарашли бинода яширин йўллар билан қўшимча тармоқ тортиб, табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келаётгани маълум бўлди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 3 млрд 374 млн сўм (2 млн 249 минг кубометр табиий газ)ни ташкил этган.

Истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди, дейилади хабарда.

Аввалроқ январь ойида ҳудудларда 94 млрд 542 млн сўмлик электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани ҳақида хабар берилганди. Ҳолатлар бўйича мингга яқин маъмурий иш расмийлаштирилган.

Мавзуга оид