Ўзбекистон | 07:56 / 28.02.2024
15478
2 дақиқада ўқилади

Бухоролик 15 ёшли бола онасининг устидан болалар омбудсманига мурожаат қилди

Айтилишича, онаси унга узоқ вақт давомида тазйиқ ўтказиб келган бўлиб, шу сабабли бола 2023 йилдан буён онасидан алоҳида, бувиси қарамоғида яшаб келган. У синглиси ва ўзини онаси қарамоғига берилишига йўл қўймаслик масаласида ёрдам сўраган.

Фото: Shutterstock

Болалар омбудсмани котибиятига Бухоро вилоятида яшовчи 15 ёшли М.М. (ўғил бола)дан мурожаат келган.

Айтилишича, М.М.нинг онаси унга узоқ вақт давомида тазйиқ ўтказиб келган бўлиб, шу сабабли бола 2023 йилдан буён онасидан алоҳида, бувиси қарамоғида яшаб келган. Шунингдек, М.М. унинг отаси алимент мажбуриятларини ўз вақтида бажармаганлиги учун озодликдан маҳрум қилинганлигини билдириб, синглиси ва ўзини онаси қарамоғига берилишига йўл қўймаслик масаласида амалий ёрдам сўраган.

Болалар омбудсманининг сўрови асосида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан мазкур оила ижтимоий вазияти ўрганилган. Жумладан, Бухоро вилояти Жондор тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ҳолатни ўрганиши давомида ҳақиқатдан ҳам боланинг устун манфаатларини она эмас, бувиси таъминлай олиши тўғрисидаги берилган хулосаси асосида М.М. ва синглисига бувиси расмий равишда васий этиб белгиланди.

Мазкур оиланинг ижтимоий масалалари келгусида ҳам болалар омбудсмани ва мутасаддилар кузатуви остида бўлиб, зарур ҳолларда тегишли кўмак кўрсатиш чоралари кўрилиши айтилган.

Мавзуга оид