Жамият | 14:10 / 28.02.2024
122036
9 дақиқада ўқилади

“Шантаж”чи ота-оналар, тарбиясиз болалар ва мажбуран ишлаётган ўқитувчилар. Устозлар – мактаблардаги вазият ҳақида

“Сизга дарсимда бўлган оддий ҳолатни айтиб берай: ҳамма топшириқ бажараётган вақтда бир ўқувчи ниҳоятда хунук сўз билан сўкинди. Буни ҳамма эшитди, қизлар ерга қараб ўзларини эшитмаганга солди, айрим қитмирроқ болалар кулишди. Мен нима қилишни билмайман – уришай десам, шу сўзни эшитганимдан ўзим уяляпман, уришмасам дарсда шунақа сўз айтилсаям устоз индамади дейишлари мумкин. Танбеҳ беришни бошлаганимни биламан, “сиз дарсингизни ўтинг” деган жавобни олдим...”

Сунъий интеллект яратган сурат

Мактабларда ўқитувчи ва ўқувчи жанжали яна ижтимоий тармоқларнинг асосий мавзусига айланди. Қайсидир мактабда ўқувчи ўқитувчини урса, яна бошқа бирида ўқитувчи ўқувчини урган...

Хўш, вазият бу ҳолга келишига ким ёки нима сабабчи? Таълим ва тарбиянинг қаерида хато борки, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги зиддият кун тартибидан тушмай қолди?

Kun.uz шу каби саволларга мактаб ичкарисидан жавоб излаб кўрди. Сўровномада қатнашган устозларнинг дард-у ҳасратлари сизларни ҳам бефарқ қолдирмаса керак. Фикр қолдирганларнинг илтимосларига кўра, шахслари ошкор қилинмайди.

“Баъзи ота-оналар болага оддий этикет қоидаларини ҳам ўргатмаслигидан нега бошқалар азият чекиши керак?”

Н. Тошкент шаҳри:

— 11 йилдан бери мактабда ишлайман. Сизга 2 кун аввал дарсимда бўлган оддий ҳолатни айтиб берай: ҳамма топшириқ бажараётган вақтда бир ўқувчи ниҳоятда хунук сўз билан сўкинди. Буни ҳамма эшитди, қизлар ерга қараб эшитмаганга солди, айрим қитмирроқ болалар кулишди. Мен нима қилишни билмайман – уришай десам шу сўзни эшитганимдан ўзим уяляпман, уришмасам дарсда шунақа сўз айтилсаям устоз индамади дейишлари мумкин. Танбеҳ беришни бошлаганимни биламан, “сиз дарсингизни ўтинг” деган жавобни олдим. Мен бунга қараб туролмайман, ўқувчи билан гаплашиб, керакли тушунтиришни бердим. Лекин нега баъзи ота-оналар болага ҳатто оддий этикет қоидаларини ҳам ўргатмаслигидан бошқалар ҳам азият чекиши керак? Агар мен ҳам шу ўқувчи билан тортишсам, бутун дарсим ҳавога учарди, бошқа болаларнинг вақтини бекорга совурардик.

Уларга нима билан тушунтиришни билмайсан, бирор чора кўролмайсан: чораклик баҳо қўйишга мажбурсан. Ҳатто ўша бола исмини тўғри ёзолмасаям. Синфда қолдиролмайсан, бундан қўрқишмайди. Қолдирилган билан кейинги йил яна кимнингдир бошига бало бўлади, ўзгариб қолмайди. Улардан фақат мактабни битиришганда қутулиш мумкин.

“Қани имкони бўлса, бошқа ишга ўтиб кетсам...”

С. Наманган вилояти:

— Бугун на ота-она, на ўқувчи устозни ҳурмат қилмайди. Ўқувчидан қаттиқроқ туриб талаб қиладиган бўлсангиз, устингиздан ёзади. Болалар ўз уйида ота-онадан тарбия олмаганига яраша, мактабда тарбия қилишга ҳам йўл қўйилмайди. Дарснинг ярмини тарбиясиз ўқувчиларни дарсга жалб қилишга сарфлаймиз. Ҳамма нарса пул билан ўлчанадиган замондамиз. Кунда-кунора комиссия кутамиз. Комиссия ҳеч қачон услуб ўргатмайди, фақат айб қидириб, жарима солишни ўйлайди.

Янгилик эмаски, Kundalik.сom на ўқувчиларга, на уларнинг ота-оналарига қизиқмас. Лекин ҳар йиғилишда раҳбарлар жойимиздан турғазиб қўйиб, биздан нечта ўқувчимиз, нечта ота-она шу платформага кирган-кирмагани ҳақида сўрашади. Тинимсиз айтиб, сўраб, зўрға киргизамиз ёки улар номидан ўзимиз кирамиз – ярим кун вақт кетказиб. Ота-она кирмаса биз ҳайфсан оламиз, тушунтириш хати ёзамиз, бир кунлик иш ҳақимизни олиб қолишади.

Шу платформа учун тўланадиган пулни сўраб, бошимиз балога қолишини биров билмайди. Яқинда бир отага шуни тўлаб қўйиш кераклиги, ўзиям кунда боласининг баҳоларини билиб туриши мумкинлигини айтиб, балога қолдим. “Яна бир марта телефон қилсанг, мендан пул талаб қилди, деб шикоят қиламан” деди. Биламан, бу шикояти билан ҳеч нарсага эришолмайди, лекин барибир директор бизга узр сўраттиради, тўғри тушунтирмагансан дейди. Ўзи йўқ обрўйимиз баттар ер билан битта бўлади.

Охирги 2 йилда жуда чарчадим, ишлагим келмаяпти шу соҳада. Олдинлари маза қилиб ишга борардим, ҳозир мажбурият учун бораман. Қани имкони бўлса, бошқа ишга ўтиб кетсам. Соҳада худди шундай менга ўхшаб бошқа жойга кетолмайдиган, шу ерда ишлашга мажбурлар қолган десам адашмайман. Кўпчилик ҳамкасбларим билан гаплашсам эри бошқа жойда ишлашга рухсат бермагани учун мактабда ишлаётганини айтади. Шунақа ҳолатда таълимни ривожлантириш мумкинми?

“Шантажчи” ота-оналардан, ўқувчилардан ўқитувчини ҳимоя қиладиган тизим йўқ”

Д. Самарқанд вилояти:

— Ўқитувчига ҳамма хўжайин – раҳбарият, ҳокимият, ота-оналар, ўқувчилар. Фақат ўқитувчидан талаб қилиш осон, лекин унга ишлаши учун шароит яратиш керак. Ҳар икки кунда келадиган текширишлар бездириб юборяпти соҳадан ходимларни. Ҳали ҳоким келармиш, ҳали прокурор, ҳали вояга етмаганлар билан ишлайдиганлар, ҳали вазирлик деб жонимиз ҳалак. Шунақа хабар келиши билан мактабда дарс тўхтайди десам ишонасизми? Чунки у ер-бу ерни тозалаш, синфхоналар ҳолатига эътибор қаратиш, давоматни тўғрилаш, ўқувчиларни ўқув қуроллари-ю, формасига қараб қўйиш учун ким югуради? Албатта ўқитувчи. Келганларга “обед” ташкиллаштириш ҳам керак.

Келган комиссия барибир айб топиб, сизни ҳамманинг олдида ер билан битта қилиб кетади. Шундан кейин бирор инсон ўқитувчини ҳурмат қиладими? “Шантажчи” ота-оналардан, ўқувчилардан ўқитувчини ҳимоя қиладиган тизим йўқ. Шунинг учун ҳам ўқитувчилар қўрқоқ бўлиб қолган, бефарқ, масъулиятсизга айланишяпти. Оч қорним – тинч қулоғим дейдиган.

Мен баъзи ҳамкасбларимни ҳам оқламайман, тизимда ўқитувчининг обрўсини тушираётган, 45 дақиқалик дарсни амал-тақал қилиб ўтаётганлар ҳам бор. Методикани билмайдиган, болалар билан тил топиша олмайдиганлар қанча...

Ўқитувчилик – бу шунчаки иш эмас, бу санъат деган бўлардим керак бўлса. Чунки шундай ёндошмаган устоз ўқувчини ўзига жалб қила олмайди. Бола уни тингламадими, демак бошқаларгаям халал беради. Унинг умри, вақти кўкка совурилади. Уларни деб тизимдаги ҳамма ёмонга чиқади.

“Ўқувчимнинг отасидан умримда эшитмаган ҳақоратларни эшитдим”

З. Андижон вилояти:

— Ўқитувчидан хўжалик ишларини олиш керак. У билим берадиган одам, комиссия кутадиган, мактабни ремонт қиладиган, келмаган болани уйига борадиган, текширув келса гапга қолмай деб, форма-пайпоқ билан шуғулланадиган шахс эмас. У тинимсиз шуғулланиши, ўзининг устида ишлаши керак. Лекин унақа ўқитувчининг иши кўринмайди. Мактабларда шунақа муҳит шаклландики, минг тажрибали, яхши устоз бўлинг – кимдир текширганда ўқувчиларингиз формасиз, сочи ўсган бўлсин, бир тийинсиз. Ёки методикангиз зўр бўлсин, лекин қоғозбозликни билмасангиз, яна шу гап.

Директорга нимадир қилмасанг, дарсинг камаяди, яхшироқ синф ололмайсан. “Замдиректор”га нимадир бермасанг, устама ололмайсан. Барибир пул берарканмиз, ўз устимизда ишлаб нима қиламиз деган фикр бўлади.

Бултур бир ўқувчим бир ҳафта келмагани учун уйига бордим. Эшикни тақиллатсам ота очди, ғирт мастлиги кўриниб турибди. Келишга келдим, энди мақсадимни айтай деб гап бошлаганимни биламан – мактабни ремонтига пул сўраб келдингми, кир уйга ҳозир пул сўрашни кўрсатаман, деб шунақа қўпол ҳақоратлаб кетди. Юм-юм йиғлаб қайтдим. Умримда бунақа ҳақорат эшитмаганман.

“Токи ўқитувчининг обрўси максимал даражада оширилмас экан...”

Туркияда истиқомат қиладиган ватандошимиз Ситора Алихонзода ўз Facebook саҳифасида бир пайтлар ўқитувчилик қилганини эслаб, соҳада ишлаш учун фақат дипломнинг ўзи етарли эмаслиги ҳақида ёзди:

“Бизда энг қийин, оғир, шунга қарамай, меҳнати қадрсиз соҳа бу ўқитувчилик эканини бундан 19 йил олдин мактабда бир муддат ишлаган пайтларим тушуниб етганман. Ўқитувчилик обрўли, қизиқарли ва ҳавас қиладиган касб эканини эса Туркияга келиб, айниқса, ўғлим мактабда ўқий бошлагач билганман. Менимча, бизда токи жамиятимизда ўқитувчининг обрўси максимал даражада оширилмас экан...

Ва токай ўқитувчини ишга олишда қўлидаги дипломи етарли бўлиб қолар экан, мактабларимиздаги аҳвол ҳали-бери ўзгармаса керак”.

Ситора Алихонзода турк мактаблари ҳақида баъзи маълумотларни санаб ўтган:

  • Турк мактабларида ўқувчига жисмоний ва руҳий шиддат қатъиян тақиқланади ва қаттиқ қораланади.
  • Болалар эркинлиги ва ҳақ-ҳуқуқи ҳар томонлама ҳимояланган.
  • Турк мактабларида ўқитувчи дарс пайти савол берса, ўқувчи ўрнидан туриб жавоб бериши шарт эмас. Кўрсаткич бармоғини кўтариб, сўз навбатини олади ва ўтирган жойидан жавоб бераверади.
  • Ҳатто синфга биров келса (ўқитувчи, директор кирганда ҳам) болалар ўрнидан туриши талаб қилинмайди.
  • Ва энг муҳими (тан олиш керак): Турк ўқитувчиларида педагог этикаси кучли шакллантирилган. Бола психологияси яхши сингдирилган, шу боис бу ерда ўқитувчилар бола билан дўстлашиш, уни тушуниш, болани яхшиликка йўналтириб, ёмонликдан қайтаришни ажойиб тарзда уддалашади.
  • Турк мактабларида эркак ўқитувчилар сони ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Ҳатто бошланғич синфларда эркак ўқитувчиларни кўплаб учратиш мумкин.
  • Туркияда ўқитувчилар маоши 900 доллардан бошланади.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Мавзуга оид