Ўзбекистон | 14:32 / 29.02.2024
4606
2 дақиқада ўқилади

Италия Ўзбекистонда болалар учун тайёр кийим ишлаб чиқаришга қизиқиш билдиряпти 

Ўзбекистон элчиси Абат Файзуллаев Италиянинг машҳур Original Marines S.p.A. компанияси ташқи бозорлар бўйича директори Гуалтеро Галли билан учрашув ўтказди.

Фото: «Дунё» АА

«Дунё» хабарига кўра, компания ўзининг дизайни билан Original Marines савдо белгиси остида 14 ёшгача бўлган болалар учун кийим, пайпоқ ва пойабзал ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган.

Гуалтеро Галлининг айтишича, бугунги Ўзбекистон ўз тўқимачилик саноати ривожланиш суръатлари, пахта хомашёси мавжудлиги, Осиё бозорлари яқинлигини эътиборга олганда салоҳиятли ишлаб чиқариш майдонига айланмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон тўқимачилик тармоғининг етакчи корхоналари ижтимоий ҳимоя, экологик, органик ва сифат талаблари бўйича халқаро сертификат ва нормаларга риоя қилади. Бундай ёндашув Италия компаниясининг ижтимоий барқарорлик, ходимларни муҳофаза қилиш, болалар учун кийимлар хавфсиз ва зарарсиз бўлишини таъминлаш сиёсатига тўлиқ мос келади.

Музокаралар якунида Original Marines ва Ўзбекистон ишлаб чиқарувчи ҳамда экспортчи корхоналари ўртасида ўзаро манфаатли бизнес алоқаларини ўрнатиш, хусусан болалар учун тайёр кийим ишлаб чиқариш бўйича буюртмаларни жойлаштириш масаласида келишувга эришилди.

Мавзуга оид