Ўзбекистон | 09:50 / 29.02.2024
35059
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Tracker 197 км/соат тезликда йўловчи автобусига келиб урилди

Янги Ўзбекистон кўчаси чорраҳасида «гармошка» автобус ва Tracker тўқнашди. Автобус салонида йўловчилар бўлмаган, Tracker ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, шифохонага олиб кетилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Пойтахтда King Long русумли автобус ва Tracker русумли енгил автомобил иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

«Тошшаҳартрансхизмат» хабарига кўра, бугун, 29 феврал куни соат 06:45 ларда, «2-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги King Long русумли 63-сонли йўналишда ҳаракатланаётган ҳайдовчи А.Ж. бошқарувидаги автобус  АШБ томон ҳаракатланаётган вақтда ЙТҲ содир бўлган.

Маълум қилинишича, автобус Мирзо Улуғбек тумани, Янги Ўзбекистон кўчаси чорраҳасидан қайрилиб олиш вақтида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган Tracker русумли енгил автомобил юқори тезликда (197 км/соат) келиб, автобус билан (ўрта шина қисмига тегиб) тўқнашув содир этган. 

Ушбу йўл-транспорт ҳодисаси вақтида автобус салонида йўловчилар бўлмаган. Tracker автомобили ҳайдовчиси тан жароҳати олган ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага олиб кетилган.

Ҳозирда ушбу йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан расмийлаштирилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб бориляпти.

Мавзуга оид