Ўзбекистон | 11:16 / 01.03.2024
16851
1 дақиқада ўқилади

Бухоро шаҳридаги автомобил эҳтиёт қисмлари дўконида портлаш содир бўлди. Бир киши ҳалок бўлган

Портлашга дўкон ертўласида газ-ҳаво аралашмаси сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда. Портлаш оқибатида 1-қаватнинг 2 дона бетон плитаси қулаб тушган.

Фото: Видеодан кадр

Бухоро шаҳридаги савдо дўконларидан бирида портлаш содир бўлган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун, 1 март куни соат 8:57ларда Бухоро шаҳри, “Ёшлик” МФЙ, Алпомиш кўчасида жойлашган 2-қаватли бинонинг 1-қаватидаги автомобил эҳтиёт қисмлари дўконида чақнаш содир бўлган. Бунга дўкон ертўласида газ-ҳаво аралашмаси сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Чақнаш оқибатида 1-қаватнинг 2 дона бетон плитаси қулаб тушган. Ҳозирда чақнаш сабаби ва зарари аниқланмоқда. Воқеа жойида ёнғин содир бўлмаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 1 нафар фуқаро воқеа жойида халок бўлган ҳамда яна 1 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага юборилган.

Воқеа жойига вилоят ва шаҳар ФВБ раҳбарияти ҳамда ёнғин-қутқарув экипажлари, ИИБ, прокуратура, “Ҳудудгазтаъминот” ва Соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари чиқишган.

Ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид