Иқтисодиёт | 17:42 / 01.03.2024
58120
3 дақиқада ўқилади

UNG Petro АЁҚШлар тармоғи эгалиги Дониёр Комиловга ўтди

“Ўзбекнефтгаз”га тегишли бензин шохобчалари эгалиги собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғлига тегишли компанияга ўтди. Ягона таъсисчиси Дониёр Комилов бўлган “Petroleum Technology Group” UNG Petro тармоғини қачон ва қанча нархга сотиб олгани номаълум.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистондаги энг йирик бензин шохобчалари тармоғи – “Ўзбекнефтгаз”га қарашли UNG Petro МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улуши хусусийлаштирилган.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, айни пайтда “UNG Petro” МЧЖнинг 100 фоиз улуши “Petroleum Technology Group” МЧЖга ўтган. Бу компаниянинг ягона таъсисчиси - Комилов Дониёр Абдулазизович.

Мазкур компания 2023 йил 4 октябрда Тошкентда рўйхатга олинган. Жорий устав фонди – 101 млн сўм. Фаолият йўналиши – тижорат фаолияти ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат бериш.

Ўтган йилнинг 31 май куни Давлат активларини бошқариш агентлиги хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компаниясини жалб этиш юзасидан танлов эълон қилганди. Шундан сўнг, жамоатчиликка бу борада ҳеч қандай қўшимча маълумот берилгани йўқ. “Petroleum Technology Group”нинг қачон ва қанча нархга UNG Petro АЁҚШлар тармоғига ўтказилгани номаълум.

Дониёр Комилов ким?

Дониёр Комилов – Ўзбекистондаги кўзга кўринган сиёсатчилардан бири Абдулазиз Комиловнинг ўғли. Узоқ йиллар ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган Абдулазиз Комилов ҳозирда президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари ҳисобланади.

2021 йилда ягона таъсисчиси Дониёр Комилов бўлган “Metropol Group” МЧЖ Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида жойлашган собиқ МХХ биносини 210 миллиард сўмга сотиб олганди. Кейинчалик 2023 йилнинг баҳорида Radisson Hotel Group компанияси “Metropol Group” билан мазкур бино ўрнида меҳмонхона қуриш бўйича битим имзолагани маълум бўлди.

2023 йилнинг феврал ойида Комилов эгалик қиладиган “First Premium Alliance” МЧЖ Ўзбекистондаги энг йирик спирт заводи – “Қўқон биокимё” АЖни сотиб олингани ҳам маълум қилинганди. Шунингдек, у “Delta Global Dynamics”, “Progressgortech-Asia”, “Тошкент қоғози” каби компанияларда ҳам 100 фоиз улушга эга.

Дониёр Комилов Москвада рўйхатдан ўтган: қимматли қоғозлар соҳасида фаолият юритувчи “Селена” МЧЖ, молиявий хизматлар соҳасида фаолият юритувчи “КТС” МЧЖ, кўчмас мулк соҳасида фаолият олиб борувчи “Гломакс” МЧЖ, машина ва ускуналар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи “ВЛК” МЧЖ ва “Ҳолдинг Инвест” каби бир нечта корхоналарнинг ҳам таъсисчиси бўлган.

Ўтган йилнинг ёзида кичик Комилов Россиядаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири – Урал кон-металлургия компаниясининг ҳам бенефициар эгасига айлангани маълум қилинганди.

У 2010-2014 йилларда Газпромбанкнинг “Управляющая компания – Стратегические активы” ЁАЖ тузилмаси раҳбари бўлган. Шунингдек, 2015-2016 йилларда “Уралмашзавод” директорлар кенгашига аъзо бўлган.

Мавзуга оид