Ўзбекистон | 21:10 / 02.03.2024
18493
7 дақиқада ўқилади

Қуёшдаги чақнашлар, қуёш шамоли ва магнит бўрони – бу Ер учун ростдан ҳам хавфлими?

Қуёш чақнаши, қуёш шамоли магнит бўронларини қандай юзага келтиради ва бу Ер, ундаги одамлар учун хавфлими деган саволларга Астрономия институти катта илмий ходими, физика-математика фанлари доктори Чори Шерданов жавоб берди. Олим Қуёш чақнаши миокард инфаркти касаллиги ва асаб системаси нормал фаолиятининг вақтинча бузилишига сабаб бўлиши ҳақида фанда тадқиқотлар борлигини айтади.

Фото: Getty Images

Қуёш чақнашлари нима?

Қуёш чақнашлари – Қуёш атмосферасида энергия (кинетик, ёруғлик ва иссиқлик) ажралиши билан боғлиқ бўлган портлаш жараёни. Чақнашлар баъзан бутун қуёш атмосфераси (фотосфера, хромосфера ва тож)ни қамраб олади. Улар кўпинча (ҳамма вақт эмас) тож моддаларининг отилиши билан кечади. Кучли чақнашлар пайтида жуда катта энергия ажралиб чиқиши мумкин, бу дунё аҳолисини тахминан миллион йилга электр энергияси билан таъминлашга етади.

Магнит майдони таъсири остида қуёш плазмасининг тўсатдан сиқилиши содир бўлади, бу портлашларни келтириб чиқаради. Қуёш плазмаси чақнаш соҳаларида ўн миллион градус температурагача қизийди. Қуёш тожи ва сайёралараро фазога улоқтирилган моддаларнинг кинетик энергияси ошиб, уларнинг тезлиги 1000 км/с гача етади. Ёруғлик (фотонлар) чақнашдан кейин Ерга 8,5 секунддан кейин етиб келса, зарядланган зарралар, плазма ҳолатдаги булутлар эса икки-уч суткадан кейин етиб келади.

Магнит бўронининг пайдо бўлиши

Қуёш чақнашлари, одатда, қуёш доғларининг қарама-қарши магнит қутблари ўзаро таъсирлашиш жойларида рўй беради. Чақнашларнинг қуввати ва сони 11 йиллик давр билан ўзгариб туради.

Қуёш чақнашлари вақтида атроф-фазога зарядланган зарралар оқими Ергача ҳам етиб келади ва ер магнитосферасига таъсир қилади. Бу зарралар Ер магнит майдонини ҳолдан тойдиради, яъни магнит майдонини мувозанат ҳолатдан четга чиқаради, бу магнит бўронлари деб аталади. Магнит бўронларининг қисқа (3 кунлик) ва узун (27 суткалик) даврлари олдиндан прогноз қилинади.

Магнит бўронларини қуёш шамоли олиб келади

Сайёралараро фазода ҳақиқатан ҳам Қуёшдан тез ҳаракатланадиган, қуёш шамоли деб аталувчи моддалар оқими мавжуд. У кенгаювчи қуёш тожининг давоми ҳисобланади; асосан водород (протонлар) ва гелий (алфа-зарралар) атоми ядроларидан, шунингдек, электронлардан ташкил топган. Қуёш шамоли зарралари, секундига бир неча юз километр тезликни ташкил этувчи катта тезликда ҳаракатланади. Қуёшдан ўнлаб астрономик бирлик узоқликда - Қуёш тизимининг сайёралараро муҳитида сийраклашган юлдузлараро газ билан қўшилиб кетади. Шамол билан бирга сайёралараро фазога қуёш магнитлари ҳам олиб кетилади.

Қуёшнинг умумий магнит майдони шакли бўйича ернинг магнит индукцияси чизиқларини эслатади. Аммо Ер майдонининг куч чизиқлари экватор яқинида ёпиқ ва Ерга зарядланган зарраларни ўтказмайди. Қуёш майдонининг куч чизиқлари, аксинча, экватор соҳаларида очиқ ва спиралга ўхшаб эгриланган ҳолда сайёралараро муҳитга чўзилиб кетган. Бу шундай тушунтириладики, куч чизиқлари ўз ўқи атрофида айланаётган Қуёш билан боғлаган ҳолда қолади. Қуёш шамоли ўзига “ёпиштирилган” магнит майдонлар билан бирга Қуёшдан тескари томонга йўналган кометаларнинг газли думларини ҳосил қилади. Ўз йўлида Ер билан учрашган қуёш шамоли ер магнитосферасини кучли деформациялайди, натижада бизнинг сайёра Қуёшдан тескари томонга йўналган узун магнит “дум”га эга бўлади. Ернинг магнит майдони эсаётган қуёш моддаси оқимини ўзига чақириб олади.

Қуёшдаги фаол жараёнлар нимага таъсир қилади?

Ерда кузатиладиган кўплаб физик ва биологик ҳодисаларнинг кечиши, хусусан, иқлимнинг ўзгариши, хилма-хил касалликларининг даврий равишда такрорланиши, ионосферадаги ҳодисалар, Ер магнит майдони “бўронлари” ва космонавтлар учун радиация хавфининг туғилиши - буларнинг ҳаммасига Қуёшда рўй берадиган турли фаол жараёнлар сабабчи экани фанга анчадан бери маълум.

Охирги йилларда Қуёш электромагнит тўлқинларининг кўзга кўринмайдиган қисқа тўлқинли диапазонларида ҳам етарлича интенсив нурланиш аниқланди. Бу нурлар ултрабинафша, рентген ва гамма нурлари бўлиб, Қуёшдаги актив ҳодисалар бу нурлар интенсивлигининг ортишида асосий манба бўлиб хизмат қилади. Қуёш чақнашлари ва эруптив протуберанеслардаги портлаш туфайли, бу нурлар оқимига катта энергияли элементлар заррачалар оқими ҳам қўшилади. Қуёш шамоли дейилувчи бу оқимнинг интенсивлиги Қуёш активлигининг фазасига мос равишда ўзгариб боради. Қуёшдан келаётган корпускуляр заррачалар, радиацион нурлар интенсивлигининг бу хилда ўзгариб туриши Қуёшнинг активлик даражасига боғлиқ бўлиб, доғлар сонининг ўзгариб туриши билан бир хилда кечади.

Қуёш шамолининг радиотўлқинларига таъсири

“Қуёш шамоли” Ерга етиб келгач, турли геофизик ҳодисаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Геофизик ҳодисалар эса, ўз навбатида, планетамизнинг биологик сферасига таъсир этади. Натижада кўплаб биологик ҳодисаларнинг кечишида Қуёш активлиги ўзгариши ўз аксини топади. Қуёш активлигининг паст ёки юқори даражада кузатилиши биринчи навбатда, Ер атмосферасининг юқори қатламларида “акс садо” беради. Хусусан, Қуёш радиацияси туфайли ионосферанинг ионланиш даражаси ортади. Бу эса, ўз навбатида, атмосферанинг бу қатламларининг электр ўтказувчанлигини, электромагнит нурларни қайтара олиш қобилиятини ўзгартиради. Баъзан Қуёшдан келаётган кучли корпускуляр оқим ионосферада қисқа узунликдаги электромагнит тўлқинларининг ютилиш даражасини шу қадар орттирадики, натижада атомлар юқори ионланиши туфайли, узоқ масофага қисқа радиотўлқинлари узатилишида бир неча дақиқали узилиш кузатилади. 1959 йили 9 май куни Қуёшда кучли хрососфера чақнаши кузатилди. 10 ва 12 майда ҳам Қуёшда бир неча чақнашлар кузатилди. 11 майда АҚШда радио, телеграф, телефон алоқалари анча муддатга ишда чиқди. 12 майда эслатилган чақнашлардан отилган корпускуляр оқим Ерга етгач, осмонда қутб ёғдуси кузатилди.

Қуёш фаоллиги ва касалликлар ўртасидаги боғлиқлик

Қуёш активлиги ва эпидемик касалликлар орасидаги боғланишни ўрганишда рус олими, профессор А.Л.Чижевскийнинг ҳиссаси катта. У кенг тарқаладиган ўлат, вабо, қайтарма тиф, бўғма каби эпидемик касалликларни ўрганиб, уларнинг бошланиши, ривожланиши ва тугаши Қуёш активлигига мос келишини аниқлади.

Бундан ташқари, фанда Қуёш чақнашининг юрак-қон томир касаллигига таъсирини ўрганиб, миокард инфаркти касаллиги билан Қуёш чақнаши орасида кучли боғланиш мавжудлиги ҳам аниқланган. Шу билан бирга, Қуёш активлиги билан инсон асаб системаси ўртасидаги боғланишни ўрганиш ҳам ижобий натижа берган. Яъни Қуёш чақнаши киши асаб системаси нормал фаолиятининг вақтинча бузилишига олиб келиши маълум бўлган.

Мавзуга оид