Сурхондарёда ИИБ профилактика инспекторлари қотилларга мурдани яширишда ёрдамлашгани маълум бўлди
Бош прокуратура 2023 йилда ички ишлар органлари ходимлари томонидан яширилган жиноятлар билан боғлиқ рақамларни очиқлади. Яширилган жиноятлар орасида безорилик, ўғирлик, фирибгарлик, ҳатто қотиллик ҳам бор. Жиноятларни ҳисобдан яшириш орқали криминоген вазият яхшидек кўрсатилган.
Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Бахтиёр Бобожоновнинг “Ҳуқуқ” газетасида эълон қилинган мақоласида келтирилишича, 2023 йилда республика бўйича ойига ўртача ҳисобга қўйилган жиноятлар сони прокуратуранинг ўрганишларидан сўнг бир нечтага ошган.
“Кейинги йилларда жиноятчилик статистикасига “ҳисобот йилида содир этилган жиноятлар” тушунчаси киритилди. Бундан мақсад умумий рўйхатга олинган жиноятлардан айнан шу йилнинг ўзида содир этилаётган жиноятларни ажратиш орқали ҳақиқий криминоген вазиятни аниқлаш ҳамда содир бўлиши эҳтимоли бўлган жиноятларнинг олдини олиш чораларини кўришдир. Бироқ бу вазифани айрим ходимлар тушунмай, ҳудудда жиноятлар сонини камайтириб кўрсатиш мақсадида жиноятларни эски йилнинг санаси билан тизимга киритаётган ҳолатлар кузатиляпти. Эски йилларда содир этилган деб белгиланган жиноятларнинг қарийб 9 фоизи аслида ҳисобот йилида содир этилган. Бундай амалиёт бу йил ҳам давом этаётгани ташвишланарлидир.
Масалан, 2024 йил 4 январ куни Қуйи Чирчиқ туманидаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг ҳудудидан 11,8 млн сўмлик темир қувурлар ўғирлаб кетилгани юзасидан қўзғатилган жиноят иши туман ички ишлар идораси томонидан бир йил олдин, яъни 2023 йилнинг 5 январида содир этилган деб белгиланган.
Тизимда жиноятларнинг барвақт олдини олиш, содир этилганларини фош этиш ва жазо муқаррарлигини таъминлаш ўрнига жиноятларни ҳисобдан яшириш орқали криминоген вазият яхшидек кўрсатилмоқда”, деб ёзади Бахтиёр Бобожонов.
Жиноятчиликка доир кўрсаткичлар ягона ахборот тизимида рўйхатга олинган жиноят ҳақидаги ариза ва хабарлар билан таққосланганда, расмий статистика ҳақиқий ҳолатдан тубдан фарқ қилиши аён бўлган.
Хусусан, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарорларнинг қонунийлиги ўрганилганида 2023 йилда ички ишлар органлари жиноят иши қўзғатишни рад этган 5 710 та жиноят аниқланиб, прокуратура томонидан ушбу ноқонуний қарорлар бекор қилинган ҳолда қатъий ҳисобга қўйилиши таъминланган. Буларнинг 2 таси босқинчилик, 37 таси талончилик, 357 таси тан жароҳати етказиш, 339 таси безорилик, 1 742 таси ўғирлик, 2 445 таси фирибгарлик ҳамда 788 таси бошқа турдаги жиноятлар бўлган.
Прокуратура ўтказган ўрганишларда жиноят ҳақидаги ариза ва хабарларни қайд этмаслик йўли билан 16 та, далилларни сохталаштириш ёки қасддан йўқ қилиш орқали 24 та жиноят яширилгани аниқланган.
Масалан, Жарқўрғон туманида яшовчи Б.А. укаси Н.А. билан бирга ўзаро зиддиятлашиб келган таниши С.Ў.ни кўчада кетаётганида ўғирлаб, уйига олиб борган ва дарахтга боғлаб қўйган ҳолда дуч келган жойига уриб-тепиб, дўппослаган. Оқибатда С.Ў. воқеа жойида вафот этган. Шундан сўнг Б.А. қилмиши ҳақида ҳудуддаги икки нафар профилактика инспекторига хабар берган. Профилактика инспекторлари воқеа жойига келиб, қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилганини кўрган, аммо чора кўриш ўрнига ҳеч қаерга маълум қилмасдан, ўта оғир жиноятни яширган. Ҳатто жиноятчиларга марҳумнинг мурдасини яширишга ёрдам ҳам берган. Бу қилмишлари учун инспекторлар суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган.
Бахтиёр Бобожоновнинг қўшимча қилишича, шахсларни профилактик ҳисобга ва маъмурий назоратга олиш ҳамда улар билан ишлашда ҳам жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда. Шунингдек, судланган шахслар билан тизимли иш олиб борилмаяпти. 2023 йилда мамлакат бўйича профилактик ҳисобда турган 1 234 киши жиноят қилган. Шундан 752 нафар илгари судланган шахслар бўлган.
Мавзуга оид
23:25 / 22.12.2024
Россияда сафар сумкаси ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
18:43 / 20.12.2024
Google Maps фотосурати Испаниядаги қотилликни очишга ёрдам бериши мумкин
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
18:14 / 16.12.2024