Ўзбекистон | 16:38 / 05.03.2024
13262
2 дақиқада ўқилади

Freedom House Ўзбекистонни “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторида қолдирди

Freedom House ташкилоти жаҳон мамлакатларидаги эркинлик даражасига оид анъанавий йиллик ҳисоботини эълон қилди. Янгиланган рейтингда Ўзбекистондаги эркинлик даражаси 100 баллдан 12 баллга баҳоланди ва мамлакат “эркин бўлмаган” давлатлар қаторида қолди.

Фото: Kun.uz

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилот Freedom House жаҳон мамлакатларининг эркинлик даражасига оид анъанавий йиллик ҳисоботини эълон қилди. Янгиланган рейтингда Ўзбекистондаги эркинлик даражаси 100 баллдан 12 баллга баҳоланган ва мамлакат “эркин бўлмаган” давлатлар қаторида қолган.

Ўзбекистондаги сиёсий ҳуқуқлар энг юқори 40 баллдан 2 баллга, фуқаролик эркинликлари эса энг юқори 60 баллдан 10 баллга, жами 12 баллга баҳоланган.

Шунингдек, интернет эркинлиги бўйича ҳам Ўзбекистон 100 баллдан 25 балл тўплаб интернети “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторидан жой олган.

Рейтингда энг юқори ўринни максимал 100 балл билан Финландия банд этган. Ундан кейинги ўринларни 99 балл билан Янги Зеландия ва Швеция эгаллаган. Энг паст натижаларни Тибет (0 балл), Сурия ва Жанубий Судан (ҳар бирида 1 балл) қайд этган.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари – Туркманистон (2 балл), Тожикистон (5 балл), Қозоғистон (23 балл) ва Қирғизистон (27 балл) ҳам “эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторига киритилган.

Freedom House'нинг анъанавий тадқиқоти бу йил 195 та мамлакат ва 15та ҳудудни қамраб олган. Қайд этилишича, ўтган йил давомида 52 та давлатдаги эркинлик даражасида пасайиш кузатилган, фақатгина 21 та давлатда яхшиланиш қайд этилган.

Дунё аҳолисининг атиги 20 фоизи “эркин” деб ҳисобланган мамлакатларда, аксарият одамлар эса “қисман эркин” (42 фоиз) ёки “эркин бўлмаган” (38 фоиз) мамлакатларда яшайди.

Тадқиқотчиларга кўра, глобал эркинлик даражаси қаторасига 18 йилдан буён пасайяпти.

Мавзуга оид