Хайрулло Бозоровнинг қарори билан Фарғона шаҳри марказидаги 2 гектарлик кўл 24 кунлик фирмага бериб юборилди
Ҳокимларнинг ер ажратишга оид ваколатлари тугатилганига 2 йилдан ошди. Шунга қарамай вилоят ҳокими президент фармонига қарши бориб, фарғоналиклар ардоқлайдиган сўлим масканни очилганига 1 ой ҳам тўлмаган “инвестор”га инъом қилган.
Фарғона шаҳри марказидаги сунъий кўл ўрни “дом”, меҳмонхона, ресторан ва савдо мажмуаси қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан қурилиш фирмасига бериб юборилгани маълум бўлди. Вилоят ҳокими президент қарорини нотўғри асос қилиб кўрсатган ҳолда қарор чиқариб, гўёки “бино ва иншоотларни” берганлик ниқоби остида ер ажратган. Мазкур кўл 2020 йилда 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ ҳисобига таъмирланиб, байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт турининг ўқув базасига айлантирилганди.
Бир йил олдинги “чўпчак”
Фарғона шаҳри марказидаги майдони 2 гектардан ортиқроқ бўлган “Ёшлар кўли”нинг “тақдири” бир неча йилдан бери ноаниқ бўлиб келаётганди.
Фарғона шаҳрининг “қаймоқ” ҳудудида жойлашган бу катта майдон кўплаб қурувчиларнинг “кўз остида” бўлгани бор гап. Аммо бу ерда болалар учун кўнгилочар маскан ташкил этилиши ҳақидаги хабарлар фарғоналикларнинг кўнглини хотиржам қилиб келаётганди.
Жумладан, 2022 йилнинг декабр ойида 12 нафар тадбиркор вилоят ҳокимига туризм йўналишида режалаштирилаётган лойиҳаларини тақдим этган. Ҳокимлик матбуот хизматининг хабарида тақдимот давомида Фарғона шаҳридаги фойдаланилмай ётган Ёшлар кўли ўрнида давлат-хусусий шериклик тамойили асосида болалар учун кўнгилочар маскан ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш билан боғлиқ масала ҳам ижобий ечим топгани айтилганди.
2021 йилда вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 321 млн сўм маблағ ажратилиб, кўл атрофини темир панжара билан ўраш ишлари олиб борилган.
“Фарғона ҳақиқати” газетасининг 2022 йил 30 декабр кунидаги сонида ҳам кўл билан боғлиқ мақола эълон қилинган. Унда таъкидланишича, “Ёшлар кўли” ўша вақтда вилоят сув спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли бўлган. 2020 йилда у ерда 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ эвазига мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилган. Бунинг натижасида кўл сувга тўлдирилган ва у байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт турининг ўқув базасига айлантирилган. Лекин бошланган ташаббус ниҳояланмай, ўлда-жўлда қолиб кетган. Сабаби, чуқурлиги 10, эни 80, узунлиги 260 метр бўлган кўлга сув тўлдириш учун насослар меъёрий қувватда ишламаган. Яъни ер остидан сув тортиб олишга сарфланадиган электр қуввати учун харажатларга пул топилмаган.
Мақолада Фарғона шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Бобуржон Аҳмаджоновнинг ҳудудни ёшлар учун маданий-маърифий марказга айлантириш, бунинг учун 2023 йилнинг бошларидан қурилиш ишлари бошланиши ҳақидаги фикрлари келтирилган.
Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов эса “Ёшлар кўли”га “Ёшлар шаҳарчаси” қиёфаси берилиши ҳақида гапирган.
“Тан олиш керак, вилоятимиз туризм салоҳияти бўйича республикада илғорлар сафида бўлса-да, ҳануз “Ёшлар шаҳарчаси” мавжуд эмас. Бунинг учун жуда тез фурсатларда “Ёшлар кўли”га ҳақиқий маънода “Ёшлар шаҳарчаси” қиёфасини бериш устида иш олиб бормоқдамиз. Эндиликда кўл соҳиллари тун-у кун фарғоналикларнинг қадами узилмайдиган гўшага айланади. Ҳозирча бу хусусида аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки тадбиркор лойиҳа устида ўрганишлар олиб бормоқда. Қувонарли томони шундаки, келгуси йил давомида “Ёшлар кўли”да улкан лойиҳа амалга оширилиши натижасида болалар учун Disney Land, Ёшлар боғи каби замонавий кўнгилочар мажмуалар қад ростлайди, фавворалар қурилади”, деган у.
Аммо орадан бир йил ўтиб, бу ваъдаларнинг бари чўпчак экани маълум бўлмоқда.
Ёшлардан тортиб олинаётган “Ёшлар кўли”
2024 йил феврал ойига келиб, “Ёшлар кўли”нинг ўрнида вилоят ҳокими ўринбосари айтгани каби фавворалар отилиб турган, боғлари бўлган кўнгилочар маскан эмас, кўп қаватли уйлар қурилиши маълум бўлди: кўл ўрни қурилиш фирмасига бериб юборилди.
Фарғона вилояти ҳокими 2024 йилнинг 29 январ куни “Фарғона шаҳридаги бўш турган бино-иншоотлардан самарали фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қарорни қабул қилган.
.
Ҳужжатда фақатгина битта жой – шаҳар марказидаги “Ёшлар кўли” ҳақида гап боради.
Қарорга кўра, “Ёшлар кўли” бино-иншоотларига 6 млн АҚШ доллари хорижий ҳамда 90 млрд сўм ички инвестиция киритиш, меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда 100 тадан кам бўлмаган янги иш ўрни яратиш шарти билан Unays building МЧЖга доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириб берилган.
Ҳоким қарорида Unays building МЧЖ ҳудудда меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси билан бир қаторда кўп қаватли турар жойлар қуриши ҳам белгилаб қўйилган.
Йўқ ваколатни бор қилиш “санъати”
Фарғона вилояти ҳокимининг юқоридаги қарорига ҳуқуқий асос сифатида президентнинг 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4231-сонли қарори келтирилган.
Аммо президентнинг мазкур қарори талаблари Хайрулло Бозоров қабул қилган қарор билан “келишмайди”.
Президент қарорида вилоят ҳокимларига шаҳар ва туманлар марказларида фойдаланилмасдан турган биноларни тадбиркорлик субъектларига уларда ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш лойиҳаларини амалга ошириш шарти асосида доимий ёки узоқ муддатга фойдаланиш ҳуқуқи билан бериш вазифалари юклатилган. Яъни давлат раҳбари қарорида фойдаланилмай турган бинони у ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун тадбиркорга бериш назарда тутилган.
Фарғона вилояти ҳокими эса ўз қарори билан “бино ва иншоотлар” “ниқоби”ни кийдирган ҳолда “Ёшлар кўли”нинг 2,2 гектарлик ҳудудини қурилиш фирмасига “дом” қуриш учун бериб юбормоқда. Аслида, Хайрулло Бозоров бино эмас, ерни ажратган. Сабаби, “Ёшлар кўли”нинг меҳмонхона, ресторан, савдо мажмуаси ёки кўп қаватли турар жойга айлантириладиган биноси йўқ. У ўз номи билан сунъий кўл, яъни ер майдони ҳисобланади.
Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас
Президентнинг 2021 йил 8 июндаги тегишли фармони билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер участкаларини тўғридан тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган.
Аммо, битта қарор билан минглаб гектар ерлар тақдирини ҳал қилиб келган ҳокимлар бу ваколатдан мосуволикни хазм қилолмаётганликларини аҳён-аҳёнда фош қилиб қўймоқдалар.
Хайрулло Бозоров ҳам Unays building МЧЖга тўғридан тўғри ер ажратар экан, бунга аслида ваколати бўлмаганини билмай қолган бўлиши мумкин эмас.
Шубҳали “сахийлик”
Фарғона вилояти ҳокимининг қарори 2024 йил 29 январ куни қабул қилинган. Мазкур қарор билан “сахийлик” қилинган фирма – Unays building МЧЖ эса қарор чиқишидан 25 кун олдин, 2024 йил 5 январ куни давлат рўйхатидан ўтказилган.
Очиқ маълумотларга эътибор қаратилса, аввалига МЧЖнинг устав капитали 7 млрд сўм ҳамда таъсисчиси 100 фоизлик улуш билан Раҳимов Элдор Ҳабибович бўлган.
Аммо кўп ўтмай, Элдор Раҳимов МЧЖ раҳбарига айланган, таъсисчилик эса 100 фоизлик улуш билан He Veilu исмли шахсга ўтган. Шунингдек, МЧЖ устав капитали 1 млрд сўмга туширилган.
Вилоят ҳокими томонидан 24 кунлик фирмага Фарғона шаҳри марказидан катта ҳудуднинг ажратиб берилиши анчагина шубҳали. Нега айнан 24 кунлик фирма танланди, нега айнан Unays building МЧЖ, келишувга қайси эшиклар ортида ва қачон эришилди? Ҳоким била туриб нега ваколати доирасидан четга чиқди? Алданган фарғоналикларга кимдир изоҳ берадими?
Шу каби саволлар ваколатли органлар томонидан синчиклаб ўрганилиши лозим.
“Ёшлар кўли” Фарғонада кўпчилик бориб дам оладиган кам сонли гўзал масканлардан бири. Ҳоким қарори кўлнинг яна аввалгидай кўнгилочар жой сифатида қайта иш бошлашини кутиб юрган ва шунга ишонтирилган фарғоналикларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Руслан Сабуров,
Kun.uz
Мавзуга оид
11:26
Туман ва шаҳарлар ҳокимликларига қўшимча маъмурий ваколатлар берилади
14:21 / 21.12.2024
Ҳокимлар ва футбол. Йил бошидаги мақсад ва харажатга яраша қандай натижага эришилди?
20:18 / 30.11.2024
Энергетика соҳасидаги сусткашлик учун 14 нафар ҳокимга ҳайфсан берилди
11:06 / 03.11.2024