Жамият | 16:48 / 05.03.2024
25929
10 дақиқада ўқилади

“Ноҳақ қарғишларим ўзимга қайтди” – кўзи очлиги туфайли ҳаётнинг аччиқ синовларини бошидан ўтказган инсон ҳақида ҳаётий ҳикоя

“Мен батамом чорасиз қолганимдан сўнг гоҳида пинҳона, гоҳ божамнинг ўғли ва унинг хотинига эшиттириб “Илоҳим, шу йигитга фарзанд берма, ҳовли-жой, ер менга қолсин” деб дуо қилишга ўтдим. Бироқ дуоларим ижобат бўлмагани майли, қарғиш ўзимга қайтиб, бошимга балолар ёғила бошлади. Аввалига 15 ёшга тўлган тўнғичим, сўнг иккинчи ўғлим бедаво дардга чалиниб вафот этди”.

Нафс инсонни ёмон ҳолатларга солгани ҳақида шу пайтгача кўп гапирилган, ёзилган. Бироқ инсонларнинг аксарияти боши деворга бориб урилмагунча тўғри хулоса чиқармайди ва ўзини ислоҳ қилмайди.

“Ҳаётий ҳикоялар” рукнида берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони ҳам шундай – боши деворга урилгандан сўнг ақлини йиғиб олган инсон.

У электрон почтамга ёзган мактубида кўзи очлиги туфайли қариндошларига кўп ёмонликлар қилгани, оқибатда оғир синовлар билан жазоланганини ёзади.

“Шу кунгача қарийб 60 йил яшаб қўйдим. Ўтган йиллар мобайнида ҳаётнинг жуда аччиқ синовларига дуч келдим. Бунга кўзим очлиги ва бироз ичим қора бўлгани сабаб бўлган деб биламан.

Оилада 4 ўғил ва 4 қиз бўлганмиз. Мен учинчи ўғил эдим. Ота-онам фарзандлар улғайгандан сўнг навбати билан ўғилларни уйлантириб, қизларни узата бошлашди.

1980 йилларнинг бошлари эди, мактабни битирганимдан сўнг армияга бориб келдим. Ҳарбий хизматдан қайтгач отам-онамга ёрдам бериб, колхозда ишлай бошладим.

Ёшим 22 га етганда мени ҳам уйлантиришди. Хотиним қўшни маҳалладан эди. Уларнинг оиласини аввалдан танирдим, қайнотамнинг ўғли йўқ, 5 нафар қизи бор эди. Хотиним учинчи қиз эди.

Мен оила қурганимдан сўнг уч йил ўтиб кенжа укамни уйлантириш тадориги бошланди. Оиладагилар қиз қидира бошлашди. Бироқ тўйгача мен алоҳида бўлиб чиқиб кетишим керак эди. Бу пайтда икки ўғилли бўлгандим.

Ўша пайтда отам ўзи эгаллаб қўйган ерда икки акамга уй қуриб берган, менга жой йўқ эди. Ана шундай вазиятда қайнотам жонимизга ора кирди. У ҳовлиси ёнида 60-70 сотих ерга ҳам эгалик қиларди, баҳорда ўша жойдан менга 20 сотих ер берди.

Қайнотам берган ерда ҳосилга кирган анорзор бор эди. “Бу боғдан олинадиган ҳосил ҳам сизларга ҳарна ёрдам бўлади”, деди у. Кўп ўтмай иморатни бошлаб юбордик.

У пайтларда уста, мардикор ишлатмасдик, ака-укалар, ошна-оғайнилар, маҳалладагилар ҳашар қилишарди. Ёз охиригача уйни тиклаб олдик. Кузда ҳосилдан тушган пулга унинг чордоғини ҳам битказдик ва қиш бошлангач кўчиб ўтдик.

Ёш оила, янги рўзғор эдик. Баъзида ҳатто рўзғорга у-бу нарса олиб келишга пулим йўқ пайтлар ҳам бўларди. Шундай вазиятларда қайнотам бозор-ўчар қилиб бизникига ташлаб кетарди.

Кейин ҳам унинг бизга кўп ёрдами тегди. Мен уйда бўлмаган пайтларда ҳатто томорқадаги юмушлар, анорзорга қараш каби ишларни ҳам бажариб берарди. Бироқ мен унинг бу яхшиликларини билмадим. Аксинча, кўнглимга шум ниятлар оралай бошлади.

Қайнотамга қўшни бўлар эканман, қачонлардир ундан қоладиган уй-жой ва ерга эга бўламан деб ўйлай бошладим. Бироқ кўп ўтмай қайнотам энг катта қайинсинглимнинг ўғилларидан бирини ўзига ўғил қилиб олди.

Шундан сўнг менинг ичимга ғулғула тушди. Шунча ер, ҳовли-жой нега менинг ўғилларимга эмас, божамнинг ўғлига қолишини ўйлаб кечалари уйқум қочиб кетарди.

Лекин билардим, қайнотам набирасини қонуний тарзда асраб олмаганди. Менга шу сал таскин берарди. “Шошмай тур, чол ва кампир бир кун ўлади, сени ўша куни ота-онангнинг олдига қувиб юбораман”, деб ўйлардим.

Ўшанда ўзимнинг шум ниятларим ҳақида ҳеч кимга, ҳатто хотинимга ҳам ҳеч нарса демагандим. Шу мавзудан гап очилса ўзимни эътиборсиздай тутардим.

Шу тариқа йиллар ўтиб бораверди. Мен яна бир ўғил кўрдим ва уларнинг сони уч нафарга етди. Катта ўғилларим мактабга чиқишди.

“Меросхўр” (қайнотам асраб олган болани зимдан шундай атардим) мактабни битириши арафасида қайнотам, бир йилдан сўнг қайнонам дунёдан ўтишди. Улардан 20 сотих ҳовли, уй-жой ва яна менинг уйимга туташ бўлган 40-50 сотих ер қолди.

Мен пайт пойлаб ҳамлага тайёрлана бошладим ва кунларнинг бирида “меросхўр”нинг олдига бордим. Унга ҳовлига туташ ернинг учдан икки қисмини менга беришини айтдим.

У мендан бундай “ҳужум”ни кутмаган экан шекилли гапларимни эшитиб ҳайрон бўлди. “Нега бир қисмини ёки ярмини эмас, учдан икки қисмини?” деб сўради.

Шунда унга учта ўғлим борлигини, улар ҳам холаваччаси каби бобосининг ер-мулкига ҳаққи борлигини, бирини ҳовлида қолдирсам иккисига қайнотамнинг еридан уй-жой тиклаб беришимни айтдим.

У шунда “Хўп, майли, маслаҳатлашиб кўрайлик, берсам беравераман” деди ва уйга кириб кетди. Иш жуда силлиқ битаётганига хурсанд бўлдим. Бироқ эрта қувонган эканман.

Эртаси куни эрталаб уйимга қайинсингилларим кириб келишди. Уларнинг важоҳатини кўрибоқ “меросхўр” онасига ва холаларига ер сўраганим ҳақида гапирган деб ўйладим.

Янглишмаган эканман, қайинсингилларимнинг бири қўйиб иккинчиси мени отасидан қолган ер-мулкнинг бир парчасида ҳам ҳаққим йўқлигини, ўзи шундоқ ҳам унинг ерида ўтирганимни айтишди.

Охирида агар яна ер даъво қилсам судга беришларини айтиб чиқиб кетишди. Ўша кундан бошлаб улар билан борди-келди узилди.

Шундан сўнг “меросхўр”ни кўчада тутиб олиб дўқ уриб қўйдим. Ўша пайтда бундан ортиқ иш қўлимдан келмасди. Чунки қайинсингилларимдан бири ўткирроқ, айтганини қиладиган аёл бўлиб, мени қаматиб юбориши ҳам мумкин эди.

Режам амалга ошмагандан кейин ҳаловатим бутунлай йўқолди. Лекин сабр қилишдан бошқа иложим йўқ эди. Йиллар ўтаверди, бу орада “меросхўр”ни уйлантиришди. Сўнг онаси ва холалари бобосидан қолган барча ер-мулкларни унинг номига расмийлаштириб беришибди.

Буни эшитиб унга душманчилик қилишда давом этдим. Ҳовлисига чиқинди улоқтирардим. Эшиттириб сўкардим ва қачон бўлса ҳам уни қувиб юборишимни айтардим.

Унга қолган ер қайнотам менга берган анорзор боғнинг давоми эди. Анор тупларининг остига кислота қуйиб уларнинг бир қисмини қуритдим. Шунда ҳам божамнинг ўғли миқ этмасди.

Ўша пайтда отам ҳали тирик, у ҳам мени қайтариш ўрнига баттар тезларди. Ҳар гал туғилиб ўсган ҳовлимга ота-онамни кўргани борсам отам қайнотамдан қолган ер ҳақида гап очар, мени бўшангликда айбларди. Мен эса уйга қайтиб хотинимни сўкардим.

Ўша пайтларда бечора хотиним “музокара” ўтказиш учун опасининг олдига кўп қатнади. Мақсадимиз қайинсинглим билан келишиб ернинг бир қисмини ғалвасиз олиш эди. Бироқ қайинсинглим умуман кўнмади ва “меросхўр” ўғли томон бўлди.

У хотинимга “Агар эринг бошданоқ ўғлимга дўқ урмасдан биз билан маслаҳатлашганида ўша ернинг бир қисмини берардик. Энди эса бир қаричини ҳам ололмайсизлар”, дебди.

Мен батамом чорасиз қолганимдан сўнг гоҳида пинҳона, гоҳ божамнинг ўғли ва унинг хотинига эшиттириб “Илоҳим, шу йигитга фарзанд берма, ҳовли-жой ва ер менга қолсин” деб дуо қилишга ўтдим. Бироқ...

Қилган дуоларим ижобат бўлмагани майли, қарғиш ўзимга қайтди ва бошимга балолар ёғила бошлади. Ўша пайтларда 15 ёшга тўлган тўнғич ўғлим бедаво дардга чалиниб вафот этди.

Орадан 2-3 йил ўтгач, қалбимда тўнғич ўғлимнинг дарди босилмасидан иккинчи ўғлим ҳам 16 ёшида дардга чалиниб вафот этди. Аҳволим оғирлашиб, кўзимга ҳеч нарса кўринмай қолди.

Еб-ичаримда ҳаловат қолмади. Мен учинчи ўғлимни йўқотишдан жуда қўрқиб қолгандим. Энди кўзимга на ер, на бошқа нарса кўринмасди.

Бир пайтлар божамнинг ўғлини баддуо қилган тилларим энди Худодан ўзимнинг бошимдан балоларни аритишини, учинчи ўғлимни соғ-саломат асрашини сўраб дуо қиларди.

Дуоларим ижобат бўлдими ёки тақдирим шундай битилганмиди учинчи ўғлим соғ-саломат. Улғайгандан сўнг уни уйлантирдим. Ҳозир набираларим бор.

Бир пайтлар уч ўғлим борлигида улардан бири ҳовлида қолса қолган иккисига қаердан ер топаман, уй-жойларини қандай тиклаб бераман деб ташвишланардим.

Шунинг ортидан божамнинг ўғлига душман бўлдим. Қайинсингилларим билан юз кўрмас бўлиб кетдим. Бироқ ўшанда Худо ўғилларимнинг жонини улар улғаймасдан олиб қўйишини, кейин ер топиш ва уй-жой қуришга ҳожат ҳам қолмаслигини ўйламаган эканман.

Иккинчи ўғлим вафот этганидан сўнг кўзим ярқ этиб очилди. Кўз очлик ортидан қандай тубан даражага тушганимни англаб етдим. Божамнинг ўғлидан, қайинсингилларимдан узр сўрадим. Улар кечиришди ва шу менга сал таскин беради.

Ҳозир ҳам гоҳида маҳалламда бир қарич ер учун жанжаллашиб юрган ёки юз кўрмас бўлиб кетган ака-укалар, опа-сингиллар ҳақида эшитиб қолганимда “Аттанг” деб қўяман. Нафсим ва кўзим очлиги туфайли бошимга тушган синовлар эсимга тушади. Бироқ ўтган умрни ҳам, ўғилларимни ҳам энди ортга қайтаришнинг иложи йўқ”.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид