Ўзбекистон | 19:40 / 06.03.2024
6011
2 дақиқада ўқилади

Ўтган қиш иқлимий меъёрдан 1,5-2,6 даража юқори бўлди – Ўзгидромет

2023/2024 йиллар қишидаги энг совуқ ҳарорат декабрда кузатилган. Январ ойи метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ январ ойлари учлигига кирди. Февралдаги ҳарорат тартиби ўртача кўп йиллик қийматларга мос бўлди.

Фото: Kun.uz

Ўзгидромет 2023/2024 йиллар қишида кузатилган ҳарорат бўйича таҳлилларини эълон қилди. Унга кўра, ўтган қиш мавсуми илиқ бўлиб, ўртача мавсумий ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 1,5-2,6 даражага юқори бўлган. Январ ойи ўтган қишнинг манфий аномалиясига асосий ҳисса қўшди. 2024 йилнинг январ ойи метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ январ ойлари учлигига кирди. Январ ойида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 3-4 даражага, шимолда 1-2 даражага кўп бўлди.

Декабр ҳам илиқ бўлди. Иккинчи ўн кунликда сезиларли совуқ тўлқинларига қарамай, декабрда ўртача ойлик ҳарорат меъёрий қийматлардан 1,5-2 даражага, жанубда 2,5-3 даражага юқори бўлди. Ҳудуднинг катта қисмида ўтган қиш учун энг паст ҳаво ҳарорати 2023 йил декабр ойида кузатилди. Тошкентда декабр ойининг минимал ҳарорати 15,9 даража совуқ қайд этилди, бу сўнгги 30 йил ичида энг паст ҳарорат бўлди.

Феврал ойида ўртача ойлик ҳарорат республика ҳудудининг катта қисмида ўртача кўп йиллик қийматларга яқин бўлди. Ўзбекистон шимолида феврал ойи иқлимий меъёрдан 1,5-2 даражага илиқроқ бўлди. Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёрга яқин, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Қизилқум шимолида меъёрга нисбатан (30 фоиздан) кам бўлди.

Ойнинг илиқ даврида (5 февралдан 15 февралгача) ёғингарчилик кам бўлиб, текислик ҳудудларда эса фақат жадаллиги бироз бўлган ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик кузатилди.

Ойнинг боши ва иккинчи ярмида асосан жадаллиги кучлироқ бўлган қор кўринишидаги ёғингарчилик тез-тез кузатилди. Ушбу даврда республиканинг текислик ҳудудларида қор қоплами шаклланди. Қор қопламли кунлар сонига кўра, феврал ойи ўтган қишда энг қорли бўлган.

Мавзуга оид