Жамият | 20:40 / 07.03.2024
22880
2 дақиқада ўқилади

Гулистонда ўқувчи Миллий гвардиянинг сохта гувоҳномаси билан бошқа мактабга киришга уринди

У Миллий гвардиянинг хизмат кийимида бўлган. Сохта гувоҳномани топшириш сўралганида, қаршилик кўрсатган. Маълум бўлишича, йигит бошқа бир мактабда 11-синфда ўқийди. Гулистон шаҳар прокуратураси йигит нега махсус кийим ва гувоҳнома орқали мактабга кирмоқчи бўлганига аниқлик киритяпти.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

5 март куни соат 15:30лар атрофида Гулистон шаҳридаги 8-мактабда янги тизим асосида ишлаётган қоровул мактабга кириш жойида Миллий гвардия кийимидаги ёш йигитни шубҳа уйғотгани учун тўхтатган.

Идора матбуот хизмати хабарига кўра, у сохта гувоҳнома кўрсатиб, мактабга кириши кераклигини айтган. Мактаб маъмурияти эса бу шахсни аввал учратмаганликлари ва у мактабга бириктирилмаганини билдирган.

Миллий гвардия ходимлари номаълум шахсдан қалбаки гувоҳномани топширишни сўраганида, у ходимларга қўпол муносабатда бўлиб, фаол қаршилик кўрсатишга уринган. Унга ножўя ҳаракатларининг салбий оқибатлари тушунтирилган ҳолда, тинчлантирилган.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Олиб борилган текширувлар давомида бу шахс Гулистон шаҳрида жойлашган 16-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси У.Х. экани аниқланган. Ундан Миллий гвардия хизмат кийими ва сохта гувоҳномаси олиб қўйилган.

Йигитнинг нима мақсадда форма кийиб мактабга кирмоқчи бўлгани ва бунинг сабабларини аниқлаш юзасидан Гулистон шаҳар прокуратураси суриштирув ўтказмоқда.

Эслатиб ўтамиз, феврал ойидан бошлаб Миллий гвардия ходимлари мактабларда давоматни яхшилаш ва тартибни сақлашга жалб этилди. Мактаблардаги инспектор-психологлар ИИВдан МГ тузилмасига ўтказилди.

6 март куни эълон қилинган қонун лойиҳасига кўра, Миллий гвардия ходимларига болани тарбиялаш ва таълим бериш бўйича мажбуриятни бажармаслик, жамоат жойида тамаки ёки алкогол маҳсулотини истеъмол қилиш, вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатга жалб қилишда айбланган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш ваколати берилади.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда маст эркак мактабга болта кўтариб келган, Тошкент вилоятидаги мактабда Миллий гвардия ходимига жароҳат етказилган эди.

Мавзуга оид