Ўзбекистон | 17:10 / 07.03.2024
8499
7 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистонга ислом молиясини кенгайтириш бўйича кўмак кўрсатишда давом этамиз” — ITFC директори

Ислом молияси – нафақат фоизсиз молиялаштириш, балки ахлоқий меъёрларни ҳам назарда тутади, дейди Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ижрочи директори Хане Салем Сонбол. Унинг сўзларига кўра, корпорация Ўзбекистондаги молиявий институтларнинг ислом банкларига айланишида ва мавжуд банкларда исломий молия дарчалари фаолиятини йўлга қўйишда кўмак кўрсатишга тайёр.

Халқаро исломий савдо-молия корпорацияси (ITFC) 2018 йилдан буён Ўзбекистонда савдо-сотиқни ривожлантириш учун молиявий кўмак кўрсатиб келмоқда. Ушбу халқаро молия институти Ўзбекистонга 750 млн доллардан ортиқ инвестиция ажратган.

Корпорация бош директори Хане Салем Сонбол Тошкентга ташрифи давомида Kun.uz'га берган интервюсида ташкилотнинг Ўзбекистон ҳукумати, марказий банки ва тижорат банкларида исломий молия ҳақида хабардорликни ошириш ҳамда савдони молиялаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини айтиб ўтди.

Жаноб Сонбол, корпорация ва унинг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида қисқача маълумот бера оласизми?

— Халқаро исломий савдо корпорацияси савдони молиялаштириш соҳасида халқаро ислом ҳамкорлигига эътибор қаратади. Бу корпорация Ислом тараққиёт банки гуруҳига киради, гуруҳнинг савдо бўлими ҳисобланади. Биз савдони молиялаштириш билан шуғулланамиз, шунингдек, савдони ривожлантириш дастурларимиз ҳам бор.

Ўзбекистон – гуруҳга аъзо давлат ва биз кўп жиҳатдан стратегик ҳамкормиз. Биз Ўзбекистонда анчадан бери ишлаймиз. Бугунги кунга қадар 750 миллион долларга яқин ҳамкорлик битимларини имзоладик. Бу – Ўзбекистон билан имзоланган биринчи битим доирасида бўлди. Бугун эса яна бир ҳамкорлик шартномасини имзоладик. Умид қиламанки, у ҳам биринчиси каби муваффақиятли бўлади.

Биз, албатта, ўз саъй-ҳаракатларимизни нафақат ҳукуматни, балки хусусий сектор ва молия институтларини ҳам қўллаб-қувватлашга қаратдик. Ўзбекистондаги кўплаб молия институтлари билан ишлаганмиз. Шунингдек, биз маслаҳат хизматларини тақдим этдик. Исломий молиялашда биз Ўзбекистон расмийларига корпорацияни қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Ҳозирда янги ҳамкорлик шартномаси бўйича портфелни диверсификация қилишга ҳаракат қилмоқдамиз ва умид қиламизки, портфелга янги секторлар кириб келишади.

Корпорация шариат қонунлари асосида савдо-молия операцияларини амалга оширади, бу нима дегани ва у нималарни ўз ичига олади?

— Ҳа, биласизки, исломий молия ҳақиқатан ҳам инсониятга хизмат қиладиган бир қанча устунларга эътибор қаратади ва бу нафақат фоизсиз молиялаштириш, балки у кўпроқ исломий молия талаб қиладиган ахлоқий соҳаларни қамраб олади. Биз ислом банки механизмлари ва исломий молиялаштириш механизмлари ҳақида кўпроқ хабардор бўлишлари учун Ўзбекистондаги молия институтларини қўллаб-қувватладик. Чунки тушундикки, молиявий институтлар орасида ҳақиқий конвертация қилиш ёки шу турдаги молиялаштиришга қаратилган дарчаларга эҳтиёж бор.

Шундай қилиб, бошида айтганимдек, биз ҳамкорлик қилган барча банклар билан катта муваффақиятларга эришдик. Шунингдек, ҳукумат ва марказий банк ходимларининг хабардорлигини оширмоқдамиз, рақамли технологияларни, исломий молиялаштириш ёки ислом банкини тарғиб қилиш билан боғлиқ ўқитиш ва таълимни яхшилашга ҳаракат қилмоқдамиз.

Корпорация 2023 йил охирига қадар Ўзбекистонга бўлган инвестицияларини 700 миллион долларгача оширишни режалаштирган эди. Ушбу мақсадга эришилдими?

— Биз аллақачон 750 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағни тасдиқладик. Биз, айтганимдек, биринчи доиравий битимни имзолаганимиздан ҳақиқатан ҳам мамнун бўлдик ва уни жуда яхши амалга оширдик. Шартномани имзолаш чоғида биз 500 миллион доллар қийматидаги мақсадларни белгиладик ва бу ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда корпорациямиз маҳсулотларига бўлган реал талабни акс эттиради.

Янги келишув қаерда яхши иш бериши мумкинлигини кўришни интиқлик билан кутмоқдамиз. Портфелимизни иложи борича диверсификация қилишни хоҳлаймиз.

Ўтган йил корпорациянинг савдо ва молия бўйича бошқарувчиси Ўзбекистонга ташриф буюрганда, озиқ-овқат хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш тўғрисида келишувга эришилгани ҳақида гапирилган эди. Бу келишувнинг мазмунини тушунтириб бера оласизми?

— Маълумки, Ковид-19дан кейин юзага келган озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози, шунингдек, Европадаги геосиёсий муаммолар туфайли биз аъзо мамлакатларни қўллаб-қувватладик. Ковид аъзо мамлакатларнинг озиқ-овқат таъминотига жуда кучли таъсир кўрсатди. Бизда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича кўплаб дастурлар мавжуд бўлиб, биз аъзо мамлакатларни ҳақиқатан ҳам зарур маҳсулотлар билан таъминлашга ҳаракат қиламиз ва ўтмишда биз бу минтақада, айниқса, Ўзбекистон, Миср, Сенегал ва бошқа мамлакатларда жуда яхши натижаларга эришдик. Биз учун, юқорида айтганимдек, бу устувор вазифа.

Корпорация ушбу ташриф давомида қандай келишувларга эришишни мақсад қилган?

— Албатта, бугун эрталаб биз иқтисодиёт ва молия вазири билан рамзий шартнома имзоладик. Шунингдек, бизда Хусусий секторни ривожлантириш ислом корпорациясидан, бошқа опа-сингил ташкилотлардан келган делегациялар ҳам бор. Катта делегациямиз шу ерда. Турли банклар билан бир қатор ҳуқуқий келишувлар имзолашни ҳам кўзда тутмоқдамиз.

Сизнингча, Ўзбекистон шариат принципларига асосланган савдо молиялаштиришни осонлаштириш учун қандай ўзгартиришлар қилиши керак?

— Исломий молия бўйича биз чиндан ҳам хабардорликни оширишни ва турли ривожланиш режалари иштирокчиларини ўқитишни давом эттиришимиз керак. Улар ислом банк соҳаси ҳақида маълумотга эга бўлишлари учун уларнинг хабардорлигини ошириш зарур. ITFC Ўзбекистонни ушбу муҳим йўналишда қўллаб-қувватлашда давом этади, керак бўлса таълим курслари ва қайта алоқалар тақдим этилади, айниқса молиявий институтларни исломий банкларга айлантириш ёки исломий банк соҳасида алоҳида дарчалар очиш учун доимо ёрдам берамиз. Аммо келажак босқичи учун менимча, биз шундай интервенциялар кўрсак, Ўзбекистонда бу борада хабардорлик ва билимлар шаклланади, деб умид қиламиз.

Корпорация янги Марказий Осиё савдо алоқаси дастурини бошлаяпти. Шу ҳақда қисқача гапириб беринг, бу қандай дастур?

— Бу – ITFC'нинг энг муҳим дастурларидан бири, Марказий Осиё учун савдо алоқаси дастури ёки биз буни TCC Plus деб атаймиз. Бу Марказий Осиё давлатлари ўртасида интеграцияни рағбатлантиришга ва мамлакатлар ўртасидаги ички савдони кучайтиришга ҳамда кўпроқ сармоялар жалб қилишга хизмат қиладиган махсус дастур. Биз дастурни ушбу минтақа эҳтиёжларига мослашган ҳолда лойиҳалаштирдик, чунки ҳисоб-китобларимиз бўйича бу ерда очилиши керак бўлган катта имкониятлар бор.

Май ойида ушбу дастурни ишга туширишни интиқлик билан кутмоқдамиз. Ушбу дастур минтақа учун ITFC томонидан ресурслар жалб қилинадиган саъй-ҳаракатлардан бири бўлади. Бу дастур бошқа халқаро ташкилотлардан ҳамкорларни ва бошқа молиявий институтлардан қўшимча молиявий кўмакни жалб қилишга ёрдам беради.

Қўшимча изоҳларингиз бўлса, марҳамат.

— Суҳбатга таклиф этганингиз учун миннатдорман. Ҳар сафар бу юртга келганимда, унинг тез ривожланаётганини кўриб, жуда хурсанд бўламан. Ўзбекистон халқига фаровонлик ва барча яхшиликларни тилаб қоламан.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид