«Реал» қийналди, «Сити» ҳавбеки қўрқинчли жароҳат олди. ЕЧЛда кун ўйинлари
«Бавария» ва «ПСЖ» ортидан яна икки фаворит Чемпионлар лигасининг кейинги босқичига йўл олди.
Мадрид «Лейпциг»ни қийинчилик билан ортда қолдирди
«Реал» — «Лейпциг» 1:1
Голлар: Винисиус (65) — Орбан (68).
«Реал» – Лунин, Карваҳал, Начо, Рюдигер, Менди, Кроос (Модрич, 78), Чуамени, Камавинга (Родриго, 46), Валверде, Беллингҳэм (Ҳоселу, 85), Винисиус.
«Лейпциг» – Гулачи, Ҳенрикс, Орбан, Лукеба, Раум, Шлагер (Элмаз, 85), Олмо, Айдара (Кампл, 90), Симонс, Опенда (Поулсен, 77), Шешко (Баумгартнер, 85).
Огоҳлантиришлар: Шлагер (20), Раум (50), Винисиус (54), Орбан (71), Чуамени (73), Кроос (75).
Биринчи ўйин — 1:0.
«Реал» ҳам Чемпионлар лигасининг кейинги босқичига ўтди. Аммо турнир фаворитларидан бирига «РБ Лейпциг» қаршилигини енгиш осон бўлмади.
«Реал» «Сантияго Бернабеу»даги жавоб ўйинида сафардаги минимал ғалаба (1:0) устунлигини сақлаб қолиш учун майдонга чиқди. Карло Анчелотти ўйинга ҳимоявий таркиб танлади. Мадридликлар схемасини ташқаридан 4-3-3 сифатида кўриш мумкин, аммо, моҳиятан, олдинги чизиқдаги ишлар учун фақат Беллингҳем ва Винисиус Жуниор масъул эди. Англиялик яримҳимоячи «алдамчи тўққизлик» позициясида ҳаракат қилди, бразилиялик футболчи марказга кўчиб ўйнаган бўлса-да, асосан чапда ҳаракат қилди, ўнг қанотни эса яримҳимоячи Валверде ёпди.
«Реал» тўпга эгалик қилишга ҳаракат қилди, лекин комбинациялар амалга ошириш ва ҳужум қилиш учун эмас, балки ҳимояланиш мақсадида. Бундай устунлик орқали вақт ўтказилди, рақиб тўп учун югуришга ва олиб қўйишга куч сарфлашга мажбур қилинди. Ўйиннинг кўп ҳолатларида икки таянч яримҳимоячиси ҳимоячилар чизиғигача тушишди, бу олдинги чизиқда кутилмаганда тўп йўқотилган ҳолатларда юзага келадиган тезкор қарши ҳужумларни назорат қилишга имкон берарди. Ўйин асосан майдон маркази атрофида кечди.
«РБ Лейпциг» биринчи бўлимнинг иккинчи қисмида фаоллашди, немислар «Реал» сафида яримҳимоячилар тиғиз жойлашганига қарамай, майдон маркази ва қанотлар орқали хавфли қарши ҳужумлар уюштиришди, бу ҳужумлар икки бор дарвоза томон зарба берилиши билан якунланди. Икки сафар ҳам ҳужумни Опенда якунлаб берди – аввалига жарима майдони ташқарисидан, кейин эса унга кирибоқ зарба йўлланди. Бу ҳолатларда Луниннинг сейвларига ҳожат бўлмади. Танаффус арафасида «РБ Лейпциг» яна босимни кучайтирди ва Опенда ўзининг учинчи имкониятини йўққа чиқарди.
Бу 45 дақиқаликдаги ўйин зарбалар статистикасида акс этди – «РБ Лейпциг»да дарвоза соҳасига аниқ борган биргина зарба, «Реал»да эса умуман йўқ. Майдон эгалари Гулачи қўриқлаётган дарвоза атрофида ҳеч нарса уюштира олмади, Беллингҳем эса немислар жарима майдони ичида атиги икки бор тўпга тегинди. Бу мухлислар учун томошабоп ўйин эмас, шунчаки натижа учун жанг эди.
Анчелоттининг ўзига ҳам таркиб ва тактикадаги бу тажриба ёқмаётгани кўриниб турарди. «Реал»га олдинги чизиқ вакиллари етишмаётганди, шу туфайли танаффусдаёқ Родриго жамоага қўшилди. Примера пешқадами нисбатан одатий 4-4-2 схемасига ўтди, бунда икки бразилиялик ҳужум чизиғидан жой эгаллади, Беллингҳем эса ҳимояланиш вақтида одатга кўра чап қанотга кўчди. Бу аввалига Винисиус Орбан билан можаро бошлаб, майдон марказида уни бўғгач, ўз карточкасини олишига олиб келди.
«РБ Лейпциг» эса имкон қадар босим қилишда давом этди. Немислар Лунинни дарвозадан чиқишдаги хато учун жазолаши мумкин эди – Опенда яна вазиятдан фойдалана олмади.
Аммо ўйин давом этгани сайин «РБ Лейпциг»нинг ҳолдан тойган футболчилари бўшлиқлар қолдира бошлашди. Ўйиннинг бир соати ортда қолганида «Реал» дарвоза соҳасига аниқ борган илк зарбасини йўллашга эришди: Родриго чизиқлар оралиғида ҳаракатланиб, ҳужумни ўзи якунлаб берди. Бу вазиятда Гулачи қутқарди. 65-дақиқада эса қутқара олмади. Мезбонларнинг қарши ҳужуми Кроос тўпни эгаллаб олиши билан бошланди, кейин Беллингҳем кесиб ўтувчи нозик паси билан ҳужумни ривожлантирди ва Винисиусни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди. Бразилиялик ҳужумчи голни ургач, биринчи навбатда ассистентга миннатдорчилик билдирди.
Аммо «РБ Лейпциг» «Реал» дарвозаси атрофида кучли босим уюштириб, дарҳол жавоб қайтарди. Стандарт вазиятдан кейин тўп чап қанотда пайдо бўлди, Раум кросс амалга оширди, Начо эса жарима майдони ичида ҳаводаги дуэлни Орбанга бой берди. Ўйиннинг шу дақиқаларида мадридликлар қийин лаҳзаларни бошдан кечиришди.
«РБ Лейпциг» иккинчи голни уриш ва ўйинни қўшимча дақиқаларга ўтказиш учун имкониятларга эга бўлди. Кўп ҳолларда стандарт вазиятлар хавфли чиқди. Орбан дублни расмийлаштиришга яқин келди, Олмонинг зарбаси тўсинга тегди. Анчелотти эса ўйинчи алмаштиришлар орқали ўйинни тинчлантириш мақсадида ҳатто Беллингҳемни майдондан олди. «Реал» якунда зарбалар статистикаси бўйича анча ортда қолди – 11:19 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар – 3:4, жарима майдони ичидан йўлланган зарбалар – 8:12). Шунга қарамай, Мадрид натижани сақлаб қолди ва соврин учун курашни давом эттирадиган бўлди.
«Копенҳаген» биринчи бўлимда интрига уйғотди, аммо Ҳоланд уни йўқ қилди
«Манчестер Сити» — «Копенҳаген» 3:1
Голлар: Аканжи (5), Алварес (9), Ҳоланд (45+3) — Элюнусси (29).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Люис, Диаш (Стоунз, 68), Аканжи, Гвардиол, Ковачич, Родри (Гомес, 46), Нунеш (Ҳэмилтон, 74), Бобб, Ҳоланд (Райт, 88), Алварес.
«Копенҳаген» – Грабара, Анкерсен, Вавро, Маккенна, Дикс, Йелерт (Мелинг, 78), Элюнусси, Ашури (Бардакчи, 58), Клем (Ҳойлунд, 69), Фроҳолдт (Маттссон, 58), Оускарссон (Корнелиус, 69).
Огоҳлантиришлар: Корнелиус (84), Матссон (90).
Биринчи ўйин — 3:1.
«Манчестер Сити» Чемпионлар лигаси 1/8 финали биринчи ўйинида «Копенҳаген»ни сафарда ишончли ҳисобда мағлуб этганди – 3:1. Моҳиятан, интрига Даниядаёқ ўлиб бўлганди. Аммо андердог жамоа «Этиҳад»даги кечани қизитиб берди.
«Сити» кутилганидек аралаш таркиб танлади. Эрлинг Ҳоланд, Родри, Рубен Диаш ва Эдерсон стартда чиқди, аммо Матеус Нунес, Оскар Бобб ва Рико Люис каби футболчилар ҳам илк дақиқалардан ҳаракат қилди. «Копенҳаген» тезкор гол уриш ва «шаҳарликлар»ни довдиратиб қўйиш учун асосий таркибда тушди. Аммо барчаси данияликларнинг режаси бўйича кетмади. «Сити» бешинчи дақиқадаёқ ҳисобни очди: Ҳулиан Алвареснинг бурчакдан узатган тўпини Мануэл Аканжи оёғи билан рақиб дарвозасига жойлаштирди.
Тўрт дақиқа ўтиб Алварес ҳам гол урди. Аргентиналик яна бурчакдан тўп узатди, Родрининг зарбасидан кейин тўп тўсиндан қайтди, кейин эса жарима майдонидан қайтиб чиқди. Тўпга биринчи бўлиб етиб келган Ҳулиан уни дарвоза тўрига аниқ йўналтирди. «Копенҳаген» дарвозабони Камил Грабара у қадар хавфли келмаган тўпни қайтаришда хатога йўл қўйди. Тўп якунда рикошет орқали тўрга бориб тушди. Тўққизинчи дақиқадаёқ ҳисоб 2:0 кўринишини олди.
«Сити» хотиржамлик билан ўйинни назорат қила бошлади. Хосеп Гвардиола жамоаси эътиборни ҳужумга қаратмади, футболчиларнинг хаёли аллақачон 10 март куни АПЛ доирасида «Ливерпул»га қарши кечадиган муҳим ўйин билан банд эди. Аммо «Копенҳаген» «Этиҳад»даги мухлисларнинг уйқусини ўчириб юборди. Данияликлар ажойиб ҳужум уюштириб, мезбон футболчиларни доғда қолдирди. Муҳаммад Элюнусси ва Орри Оускарссон аниқ ҳисоб-китобларга асосланган комбинация уюштирди, ҳужум якунида жавоб голи урилди. Ва ҳатто ўйинда интрига пайдо бўлди. «Копенҳаген» яна гол урса «Сити» учун таҳдидли вазият юзага келган бўларди.
Аммо бундай бўлмади. Биринчидан, «Копенҳаген» футболчиларида ўзига ишонч етишмади. «Сити» футболчилари эса довдираб қолмади ва ўйинни назорат қилишда давом этишди. Бўлимга қўшиб берилган дақиқалар тугаётганида Родри тўпни жарима майдонига узатиб берди, унга эга чиққан Эрлинг Ҳоланд рақиб ҳимоячиларини осонлик билан йўлдан олиб, Чемпионлар лигасидаги навбатдаги голини урди. Норвегиялик учун бу 41-голга айланди! Ҳоланд бу кўрсаткич бўйича «Сити» афсонаси – Серхио Агуэрони қувиб етиб, клубдаги энг яхши натижани такрорлади.
Иккинчи бўлимда эса «Сити» тўпни олиб юриб, энергия тежаш режимида ишлади. «Копенҳаген» вақти-вақти билан мезбонлар дарвозасига таҳдид солиб турди, аммо Гвардиола жамоасини бошқа ҳайрон қолдира олмади. Савиядаги фарқ – улкан даражада экани кўриниб турди. Аммо айтиш керакки, данияликлар Чемпионлар лигасидаги иштирокини муносиб якунлашди.
Шунингдек иккинчи бўлим Матеус Нунеснинг қўрқинчли жароҳати билан ёдда қолди. Португалиялик яримҳимоячи эпизодлардан бирида бармоғини синдириб олди.
«Сити» қаторасига еттинчи бор Чемпионлар лигаси чоракфиналига чиқди. Жамоа бу мавсумдаги саккиз ўйинда саккиз ғалабага эришган ва қаторасига иккинчи чемпионлик учун навбатдаги қадамни ташлади. «Сити»нинг ҳозирги ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, Гвардиола жамоаси учун ҳеч бир рақиб қўрқинчли эмас.
Мавзуга оид
11:17 / 12.12.2024
«Сити» яна ютқазди, «Барса»да муҳим ғалаба. ЕЧЛда кун ўйинлари
11:37 / 28.11.2024
Мбаппе яна уялтирди, ПСВда тарихий камбэк. Кун ўйинлари
11:38 / 27.11.2024
«Сити» 3 та гол устунлигини бой берди, «Арсенал» истаганча гол урди. Кун ўйинлари
13:17 / 06.11.2024