Ўзбекистон | 15:16 / 08.03.2024
33926
5 дақиқада ўқилади

Фақат қизлар учун – хотин-қизларга таълимда қандай имтиёзлар берилган?

​​​​​​​Олий таълимда ўқиётган талабалар сонида хотин-қизлар улуши кўпроқ. Қизларга ўқишга кириш учун турли имтиёзлар берилган.

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг таълим олиши учун бир қанча имтиёзлар берилган. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълумотларига кўра, республикадаги жами ОТМда таҳсил олаётган талабалар миллиондан ошиқ ва хотин-қиз талабаларнинг улуши юқорироқ.

1 млн 312 минг талабанинг 650 минг нафари эркаклар, 662 минг нафари эса хотин-қизлардир. Магистратурада таҳсил олаётган 24 минг талабанинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади. Талаба қизлар улуши юқорилигида уларга берилган имтиёзлар ҳам ёрдам бераётган бўлиши мумкин.

Хотин-қизларга ўқишга киришда қандай имтиёзлар бор?

2 мингта грант: Хотин-қизлар учун ўқишга киришдаги асосий имкониятлардан бири — эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга ажратилувчи умумий квотанинг 4 фоизи миқдоридаги (2 мингта ўрин) грант ҳисобланади. Унга талабгорлар ҳам тавсияномани Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасидан олади.

Тавсияномани кам таъминланган, тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, ногиронлиги бўлган ота-онанинг фарзандлари каби бир қатор тоифаларга мансуб хотин-қизлар олиши мумкин ва улар алоҳида танлов доирасида кириш имтиҳонларида қатнашади, энг юқори балл олган 2 минг хотин-қиз тавсиянома асосида грантга ўқишга қабул қилинади.

5 йиллик стажлилар учун 500 та квота: Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан 5 йиллик стажга эга, олий маълумотли бўлмаган хотин-қизларга тавсияномалар берилади. Бироқ тавсияноманинг ўзи ўқишга киришни кафолатламайди. Уни олган хотин-қизлар ҳам ҳамма абитуриентлар каби имтиҳон топширади, фақат уларнинг балли алоҳида квота доирасида ҳисобланади. Энг юқори балл тўплаган 500 абитуриент эса талабаликка тўлов-контракт асосида қабул қилинади.

Фақат қизлар учун бериладиган имтиёзлар

Зулфия мукофоти: умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори бўлган ўқувчилари ОТМлар бакалавриатига, бакалавриат талабалари бўлган лауреатлар эса магистратурага тегишли йўналиш ва ихтисослик бўйича синовларсиз қўшимча давлат гранти асосида қабул қилинади.

"Ҳамшира" кўрик-танлови: бу танлов ғолиблари давлат комиссияси қарори билан тегишли ОТМлар мос йўналишига танловдан ташқари кириш имтиҳонисиз қўшимча грант асосида қабул қилинади.

"Тўмарис издошлари" жамоавий гуруҳлари аъзолари учун имтиёз: ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузурида шакллантириладиган бу бўлимнинг аъзолари бир йил давомида ўқиш ва иш жараёнига салбий таъсир этмаган ҳолда умумий 360 соат вақт мобайнида фаолият олиб боради.

Ва улар Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғининг тавсияномасига асосан ҳуқуқ-тартибот органларининг олий таълим муассасаларига саралашнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтганидан сўнг якка тартибдаги суҳбатсиз (тест синовларисиз) квота асосида ўқишга кириши мумкин.

Текин ўқиш имкони

Магистратура: магистратура босқичига кирган барча хотин-қизларнинг тўлов-контракт пули давлат томонидан қоплаб берилади. Бунинг учун улар белгиланган санадан кечиктирмай ректор номига ариза ёзишларининг ўзи етарли.

Коллеж, техникумдаги текин йўналишлар: Шу ўқув йилидан бошлаб коллеж ва техникумларда қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги касб (мутахассислик)лар бўйича ўқишга кирадиган хотин-қизлар тўлиқ грант асосида қабул қилинадиган бўлди.

Янги солиқ имтиёзлари

Президентлик сайловларидан олдин Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар таълими учун янги солиқ имтиёзи жорий этилишини маълум қилганди. Унга кўра, олийгоҳда ўқиётган хотин-қизлар учун, ким тўлашидан қатъи назар, контракт тўлови даромад солиғидан озод қилинади.

Иш ҳақидаги тафовутлар

Таълимда имтиёзлар бўлишига қарамай меҳнат бозорида эркаклар ва аёл ходимларнинг топаётган даромадларида фарқ катталигича сақланиб қолмоқда.

Глобал миқёсида аёлларнинг маоши эркаклар иш ҳақининг ўртача 80 фоизини ташкил қилади. Ўзбекистонда эса бу фарқ янада катта: аёллар эркаклар иш ҳақининг 61 фоизи миқдорида маош олади. Ўзбекистонда иш билан банд бўлган аёллар ва эркаклар ўртача иш ҳақидаги гендер тафовутини бартараф этиш 700 мингдан ортиқ одамни қашшоқликдан чиқаришга ёрдам беради.   

Мавзуга оид