Жаҳон | 22:40 / 09.03.2024
19076
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Арманистондан тўрт қишлоқдан зудлик билан чиқиб кетишни талаб қилди

Яна тўртта қишлоқ масаласи арман-озарбойжон чегараларини делимитация қилиш жараёни доирасида ҳал қилиниши таъкидланди.

Фото: Гавриил Григоров/ТАСС

Боку Еревандан тўртта ноэксклав қишлоқдан зудлик билан чиқиб кетишни талаб қилмоқда, шунингдек, яна тўртта эксклав қишлоқ масаласини кўтармоқда. Бу ҳақда Озарбойжон бош вазири ўринбосари Шаҳин Мустафоев маълум қилди.

«Арманистон томонидан босиб олинган 4 та эксклав бўлмаган Озарбойжон қишлоқларига (Баганис Айрим, Ашаги Аскипара, Хейримли ва Қизилгажили) келсак, уларнинг Озарбойжонга тегишли экани шубҳасиз ва зудлик билан озод қилиниши керак», деди у.

Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари таъкидлаганидек, Озарбойжоннинг арманлар назоратидаги тўртта эксклав қишлоғи (Юхари Аскипара, Софулу, Бархударли ва Карки) масаласи арман-озарбойжон чегараларини делимитация қилиш жараёни доирасида ҳал қилинади.

Шу билан бирга, қайд қилинишича, ҳозир Озарбойжон-Арманистон давлат чегарасини делимитация қилиш комиссияси делимитация ишларини олиб бориш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий базани яратиш устида ишламоқда.

Боку Арманистон оммавий ахборот воситаларининг Озарбойжон томонидан 31 та арман қишлоғи босиб олингани ҳақидаги маълумотларини рад этмоқда.

Мавзуга оид