Жаҳон | 10:46 / 11.03.2024
7253
3 дақиқада ўқилади

Байден Нетаняҳунинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини танқид қилди

АҚШ президентига кўра, Исроилнинг Ғазо секторида бегуноҳ одамлар ўлимига сабаб бўлган ҳаракатлари хатодир. Байден яна ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Фото: EPA - ELTA

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу ўз мамлакатини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга, аммо Исроил давлатининг Ғазо секторидаги ҲАМАС ташкилотига қарши уруши пайтида бегуноҳ инсонлар ҳаётини ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат қилиши керак. Бундай фикрни АҚШ президенти Жо Байден Американинг MSNBC телеканалига берган интервюсида билдирди.

«У (Бенямин Нетаняҳу) Исроилни ҳимоя қилиш, ХАМАСни таъқиб қилишда давом этиш ҳуқуқига эга, аммо у амалга оширилган ҳаракатлар натижасида ҳалок бўлаётган бегуноҳ одамлар ҳаётига кўпроқ эътибор қаратиши керак. Менимча, у Исроилга ёрдам беришдан кўра кўпроқ зарар етказмоқда, бутун дунёни Исроил тарафдори бўлган нарсага қарши чиқишга мажбур қилмоқда. Ва мен бу катта хато деб ҳисоблайман», деб таъкидлади Америка етакчиси ҳамда яна бир бор ўт очишни тўхтатиш зарурлигини таъкидлади. 

Байденнинг сўзларига кўра, у бир қатор араб давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан музокаралар олиб борган ва «Саудия Арабистонидан Миср, Иорданиягача ҳамма Исроилни тўлиқ тан олишга ва минтақани қайта қуришни бошлашга тайёр». 

1,5 миллионга яқин фаластинлик қочқинлар бошпана топган Рафаҳ шаҳрига Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) ҳужум қилиши эҳтимоли ҳақида гапирар экан, Жо Байден бу қадам «қизил чизиқ» эканини, бироқ у «ҳеч қачон Исроилни ташлаб қўймаслиги»ни таъкидлади. «Исроилнинг мудофааси ҳали ҳам муҳим аҳамиятга эга. Демак, барча қуроллар етказиб бериш бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ, уларда ҳимоя учун «Темир гумбаз» сақланиб қолиши керак», - деди Байден. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 30 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид