Жаҳон | 17:42 / 11.03.2024
23485
6 дақиқада ўқилади

«Байроғимиз оқ эмас, кўк-сариқ» – Рим папаси Украинани таслим бўлишга ундаб, танқидлар остида қолди

Католик черкови бош руҳонийси, Рим папаси Франциск навбатдаги можаро гирдобида қолди. У Украинадаги уруш ҳақида гапириб, «мағлуб томон мард бўлиб музокара ўтказиши кераклиги»ни айтган. Папанинг RSI нашрига феврал ойида берган интервюси 9 март куни эълон қилина бошланди.

Фото: Reuters

Швейцариядаги нашр журналисти пападан «Украинада мард бўлиб оқ байроқ кўтариш тарафдорлари ҳам, бу катта куч соҳибига легитимликни тортиқ қилишга тенг деб ўйлайдиганлар ҳам топилади. Бу ҳақда сизнинг фикрингиз қандай», деб сўраган. Папа эса одамлар ҳақида ўйлайдиган энг кучли эканини айтган.

«Вазиятни кўриб одамлар ҳақида ўйлайдиган, ўзида қатъият топиб, оқ байроқни кўтариб музокара ўтказадиган одамни кучли деб биламан. Бугун халқаро кучлар ёрдамида музокара ўтказишингиз мумкин. Музокара сўзининг ўзи мардонавор сўз. Ютқазаётганинг, ишлар сен ўйлагандек кетмаётганини кўряпсанми, мард бўл-да, музокара ўтказ.

Сиз бундан уялишингиз мумкин, лекин барчаси қанча одам ўлиши билан тугайди? Вақтида келишинг, ўртада турадиган давлатни топинг. Масалан, Туркия воситачи бўлишни таклиф қилганди», деган руҳоний интервю давомида.

Папа оқ байроқ кўтариш ҳақида гапирар экан, Украина сўзини тўғридан тўғри тилга олмаган.

Украина томони католик черкови раҳбарининг бу гапига кескин танқидий жавоб қайтаргач, Ватикан матбуот котиби Маттео Бруни унинг сўзларини изоҳлашга мажбур бўлди. Унинг айтишича, Папа ўз жавобида «оқ байроқ кўтариш» иборасини журналист саволда ишлатгани учунгина тилга олган. Шунингдек, Рим папаси Украина Россияга таслим бўлиши керак демаганини қўшимча қилди.

Ватикан расмий вакили папа интервю давомида Исроил ва Фаластин можароси ҳақида гапиратуриб, музокаралар капитуляция эмаслигини аниқ айтиб ўтганини таъкидлади.

«Байроғимиз оқ эмас, кўк-сариқ»

Киевда Рим папаснинг ушбу гапига кескин жавоб қайтаришди. Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Ватиканни «тарихий хатони такрорламаслик»ка чақирди.

«Аслида ёвузлик ва эзгулик курашаётганда яхшилик томонда тура олган кучли. Оқ байроқ ҳақида гапирадиган бўлсам, бу XX асрнинг биринчи ярмидаги Ватикан стратегияси эканини биламиз. Шундай экан, тарихий хатони такрорламай, халқи ўз жонини сақлаб қолиш учун курашаётган Украинани қўллашга чорлаймиз. Бизнинг байроғимиз кўк-сариқ. Биз шу байроқ билан яшаймиз, ўламиз ва ғалаба қозонамиз. Бизда кўтарадиган бошқа байроқ йўқ», деб ёзди Кулеба.

Украина грек-католик черкови раҳбари Святослав Шевчук Ню-Йоркдаги украин жамоатчилиги вакиллари билан учрашув вақтида «Украина яралангани, аммо бўйсундирилмагани»ни айтди ва шу тарзда Рим папасининг гапига жавоб қайтарди.

«Ишонинг, ҳеч ким таслим бўлиш ҳақида ўйламаяпти. Ҳатто ҳозир уруш бўлаётган ердагилар ҳам. Херсон, Запорижжя, Одесса, Харкив, Сумида», деб қўшимча қилди Шевчук.

Украинада 5 млн атрофида грек-католиклар яшайди. Бу суратда Украина грек-католик черкови раҳбари Россия билан урушда ҳалок бўлганлар хотираси учун ўрнатилган ёдгорликни очиб бермоқда.
GLOBAL IMAGES UKRAINE VIA GETTY IMAGES

«Виртуал воситачи керак эмас»

Украина президенти Володимир Зеленский Рим папасининг гапларига айнан руҳонийнинг услубида – унинг номини тилга олмай жавоб қайтарди.

«Украинада жуда кўп черковлар ва уйларнинг деворлари оққа бўялганди. Улар энди русларнинг снарядлари излари билан бежалган. Ва бу тинчлик бўлиши учун айнан ким тўхташи кераклигини кўрсатиб турибди.

Украина армияси сафида капелланлар (руҳонийлар) бор. Ҳақиқий черков мана шу ерда – одамлар орасида, 2,5 минг км узоқда туриб, сени йўқ қилишга уринаётганлар билан виртуал музокарага ундаётганлар олдида эмас», деди Зеленский.

Папа Францискнинг гапларига европалик сиёсатчилар ҳам муносабат билдиришди.

«Путинни мардлик қилиб ўз қўшинини Украинадан олиб кетишга чорласангиз, қандай бўларкин? Шунда тинчлик бўлади, ҳеч қандай музокараларсиз», деб ёзди Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский.

«Якшанба тонгида туриб шундай баёнот бераман: зулм олдида таслим бўлиш керак эмас. У билан курашиб, енгиш лозим. Токи зулмкорлар оқ байроқ кўтариб, таслим бўлсин», деди Латвия президенти Эдгар Ринкевич.

Биринчи марта эмас

Бу Рим папаси Украинадаги уруш ҳақида айтган гаплари учун биринчи марта танқидлар гирдобида қолиши эмас. Қизиғи, унинг гапларини икки томон танқид қилган ҳолатлар ҳам бўлган. 2022 йил ноябрида папа урушда қатнашаётган бурятлар ва чеченларни «энг шафқатсиз» деб атаганди. Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова папанинг бу гапига муносабат билдириб, «Бу русофобиядан ҳам батдар, билмадим, балки бузуқликнинг янги даражасидир» деганди.

Россиялик католик ёшлар билан видеоалоқа орқали учрашув вақтида эса папа Россияни «Буюк она Россиянинг авлоди» деб атаганди. Руслар, хусусан, Путиннинг матбуот котиби Песков бундан хурсанд бўлганди. Аммо Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк «Рим папаси аллақачон рус пропагандачисига айланиб бўлгани»ни айтганди.

Кейинроқ Франциск катта эҳтимол билан Украина махсус кучлари томонидан ўлдирилган россиялик уруш тарғиботчиси Даря Дугинанинг ўлими ҳақида фикр билдириб, уруш сабаб бегоноҳ одамлар ўлаётганини айтганди. «Москвада машинасига бомба қўйиб портлатиб юборилган бечора қиз ҳақида ўйлаяпман», деганди у. Киевда папанинг бу гаплари ҳам танқид қилинганди.

Мавзуга оид