Демократлар ёки республикачилар – АҚШда қайси партия вакили энг кўп президент бўлган?
Бундан бир неча кун олдин АҚШда республикачилар вакили Никки Ҳейли президентлик пойгасидан чиқди. У партия ичидаги курашда Доналд Трампнинг ягона рақиби эди. Демократлардан эса амалдаги президент Жо Байден номзоди кўрсатилган. Агар фавқулодда вазият юз бермаса жорий йил кузда бўлиб ўтадиган сайловларда тўрт йил аввалгидай Трамп ва Байден рақобатлашади.
2024 йил кузда АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари ўтказилади. Бу сайловда асосан иккита: республикачилар ва демократлар партиялари кураш олиб боради.
Президентлик учун фақат демократлар ва республикачилар курашгани учун кўпчилик АҚШда фақат иккита сиёсий партия бор деб ўйлайди. Аслида ундай эмас. Бу давлатда 40 та атрофида сиёсий партия бор.
Шунчаки Америкада демократлар ва республикачилар жуда катта фарқ билан гегемонлик қилишади. Шу сабабли омма бошқа партиялар ҳақида унча маълумотларга эга эмас.
АҚШда демократлар ва республикачилар партиялари узоқ йилдан буён қарийб тенг рақобат олиб бормоқда. Буни статистик маълумотлардан ҳам билиб олса бўлади.
Жумладан, шу пайтгача АҚШда демократлардан 16 нафар, республикачилардан 19 нафар шахс президент бўлган. Қолганлар бошқа партиялар аъзолари бўлишган.
Хўш, АҚШда қайси партия вакиллари кўпроқ президентлик қилган? Уларни бирма-бир санаб чиқамиз.
Демократик партия
Демократик партия АҚШда илк тузилган партиялардан бири ҳисобланади. Бу партия аъзоларидан 16 киши АҚШни бошқарган. Бугун АҚШ аҳолисининг қарийб ярми шу партияни қўллайди.
Қуйидаги президентлар демократлар вакиллари бўлишган:
1. Эндрю Жексон. АҚШнинг 7-президенти (1767-1845)
Эндрю Жексон демократик партия асосчиларидан бири ҳисобланади. У демократлар орасидан биринчи бўлиб мамлакат раҳбари бўлган. У 1829-1837 йилларда икки муддат АҚШни бошқарган.
2. Мартин Ван Бюрен. АҚШнинг 8-президенти (1782-1862)
Мартин Ван Бюрен ҳам демократлар партияси асосчиларидан бири ҳисобланди. У 1837-1841 йиллар оралиғида бир муддат АҚШни бошқарган. Иккинчи муддат учун ўтказилган сайловларда Виглар партияси вакили Уилям Ҳенри Ҳаррисонга ютқазган.
3. Жеймс Нокс Полк. АҚШнинг 11-президенти (1795-1849)
Жеймс Нокс Полк 1845-1849 йиллар оралиғида АҚШни бошқарган. Иккинчи муддат учун ўз номзодини қўймаган.
4. Франклин Пирс. АҚШнинг 14-президенти (1804-1869)
Франклин Пирс 1853-1857 йилларда президент бўлган. Иккинчи муддат учун демократлар Пирсга ишончсизлик билдиришади ва шу тариқа у ўз номзодини қўя олмайди. Пирс АҚШнинг 43-президенти Жорж Бушга она томондан узоқ қариндош ҳисобланади.
5. Жеймс Бюкенен. АҚШнинг 15-президенти (1791-1868)
Жеймс Бюкенен 1857-1861 йилларда президент бўлган. Иккинчи муддатга ўз номзодини қўймаган. 1832-1833 йилларда Бюкенен АҚШнинг Россиядаги элчиси лавозимида ишлаган.
Унинг президентлик даврида АҚШдаги жанубий штатлар Қўшма штатлар таркибидан чиқиб, Америка Конфедератив штатлари номли давлат тузилганини эълон қилишади. Кўп ўтмай жануб ва шимол ўртасида фуқаролик уруши бошланади.
Кейинчалик фуқаролар уруши тугагандан сўнг Бюкененни АҚШни тарқатиб юборишга уринганликда айблашади. У судда ўзини ҳимоя қилади ва жазодан қутулиб қолади.
6. Эндрю Жонсон. АҚШнинг 17-президенти (1808-1875)
Эндрю Жонсон 1865-1869 йилларда АҚШни бошқарган. У республикачилар вакили бўлган Авраам Линколнга вице президент этиб тайинланганда демократлар сафида бўлмаган. Линколн ўлдирилгач, Эндрю Жонсон демократлар партияси сафига қўшилиб, президент бўлади.
Гарчи Америка айнан Эндрю Жонсон даврида Россиядан Аляскани сувтекинга олган бўлса ҳам фаолиятининг охирида унинг рейтинги тушиб кетади. Бундан ташқари унга импичмент хавф солади. Охир-оқибат у иккинчи муддат учун ўз номзодини қўймайди.
АҚШ президентлари орасида Эндрю Жонсон янги президентнинг инаугурация маросимига бормаган биринчи президент ҳисобланади. 2021 йилда Трамп шу ишни такрорлади ва Байденнинг инаугурация маросимига бормади.
7. Стивен Гровер Кливленд. АҚШнинг 22 ва 24-президенти (1837-1908)
Гровер Кливленд АҚШни 2 марта бошқаради. Биринчи муддат 1885-1889 йилларда, иккинчи муддат 1893-1897 йилларда АҚШ президенти бўлади. Шу тариқа у АҚШга оралатиб икки муддат президент бўлган шахсга айланади. Агар жорий йил сайловларда Трамп ғолиб бўлса бу кўрсаткичда иккинчи бўлади.
8. Томас Вудро Вилсон. АҚШнинг 28-президенти (1856-1924)
Вудро Вилсон 1913-1921 йилларда икки муддат президентлик қилган. Вилсон расмий ташриф билан Европага келган илк президент ҳисобланади. Айнан у Биринчи жаҳон урушидан сўнг Миллатлар лигаси ташкилотини тузиш ташаббускорларидан бири бўлади. Бироқ АҚШ Сенати бу ташкилотга аъзо бўлишга қарши овоз беради.
9. Франклин Делано Рузвелт. АҚШнинг 32-президенти (1882-1945)
Франклин Делано Рузвелт АҚШ тарихида 2 муддатдан кўп президентлик қилган ягона инсон ҳисобланади. У жами 4 марта президентлик учун курашиб, барчасида ғалаба қозонган. У 1933-1945 йилларда АҚШни бошқарган ва президент бўлиб турган ҳолида вафот этган.
10. Ҳарри Трумэн. АҚШнинг 33-президенти (1884-1972)
Франклин Рузвелт даврида вице-президент бўлган Ҳарри Трумэн унинг вафотидан сўнг сайловларсиз президент бўлади. У 1948 йил ўтказилган сайловда ҳам ғалаба қозониб, АҚШни бошқаришда давом этади.
Қизиғи шундаки, 1948 йилда ўтказилган сайловда Трумэнга асосий рақиб сифатида ютқазган республикачи Томас Дюи 1944 йилда ўтказилган сайловда Франклин Рузвелтга ҳам асосий рақиб бўлиб ютқазган эди.
11. Жон Кеннеди. АҚШнинг 35-президенти (1917-1963)
Жон Кеннеди 1961-1963 йиллар оралиғида АҚШни бошқарган. Президентлик муддати тугамасдан унга суиқасд қилиб, ўлдиришади.
12. Линдон Жонсон. АҚШнинг 36-президенти (1908-1973)
Линдон Жонсон 1963-1969 йилларда президент бўлган. У аввалига 1963 йил вице президент сифатида Кеннедининг ўлимидан сўнг президент бўлади. Сўнг 1964 йил ўтказилган сайловларда ғалаба қозонади.
13. Жимми Картер. АҚШнинг 39-президенти (1924 йилда туғилган)
Жимми Картер 1977-1981 йиллар оралиғида бир муддат АҚШни бошқаради. Иккинчи муддат учун ўтказилган сайловларда республикачилар вакили Роналд Рейганга ютқазади.
14. Билл Клинтон. АҚШнинг 42-президенти (1946 йил туғилган)
Билл Клинтон 1993-2001 йиллар оралиғида 2 муддат АҚШни бошқарган. Иккинчи муддат тугаш арафасида Клинтонга Оқ уйда президент котибаси бўлиб ишлаган Моника Левински билан содир бўлган ишқий муносабатлар учун импичмент хавф солади. Аммо иш импичментгача етиб бормайди ва Клинтон муддатини охирига етказиб қўяди.
15. Барак Обама. АҚШнинг 44-президенти (1961 йилда туғилган)
Барак Обама 2009-2017 йиллар оралиғида АҚШни икки муддат бошқаради. У қоратанлилар орасидан сайланган илк президент ҳисобланади.
16. Жо Байден. АҚШнинг амалдаги 46-президенти
2020 йил кузда ўтказилган сайловларда Байден республикачилар вакили Доналд Трампни енгганди. Орадан тўрт йил ўтиб у яна Байденга рақиблик қилмоқда.
Республикачилар партияси
АҚШда республикачилар партияси XIX асрнинг иккинчи ярмида, Виглар партияси ва эркин ер тарқатиш тарафдорлари томонидан тузилган. Партия вакилларидан 19 киши АҚШни бошқарган. Бу партия тузилганидан сўнг АҚШ президентлиги учун ўтказиладиган сайловларда асосан демократлар ва республикачилар партияси курашиб келмоқда.
1. Авраам Линколн. АҚШнинг 16-президенти (1809-1865)
Авраам Линколн 1861-1865 йиллар оралиғида АҚШни бошқарган. 1864 йилда ўтказилган сайловда Линколн иккинчи муддатга президент этиб сайланади.
1865 йил 9 апрель куни Америка Конфедератив Штатлари (қулдорликни ёқлаган жанубий штатлар иттифоқи) мағлубиятга учрайди. Орадан 5 кун ўтиб Линколнга суиқасд қилинади ва у вафот этади.
2. Уиллис Симпсон Грант. АҚШнинг 18-президенти (1822-1885)
Уиллис Грант 1869-1877 йиллар оралиғида икки муддат АҚШни бошқаради.
3. Ретерфорд Бёрчард Хейс. АҚШнинг 19-президенти (1822-1893)
Ретерфорд Хейс 1877-1881 йилларда бир муддат президент бўлади. Иккинчи муддат учун номзодини қўймайди.
4. Жеймс Абрам Гарфилд. АҚШнинг 20-президенти (1831-1881)
Жеймс Гарфилд 1881 йилда мамлакатни тўрт ой бошқарганидан сўнг суиқасд оқибатида ҳалок бўлади.
5. Честер Алан Артур. АҚШнинг 21-президенти (1829-1886)
Честер Артур 1881-1885 йиллар оралиғида АҚШни бошқаради. У вице президент сифатида Жеймс Гарфилднинг ўлимидан сўнг мамлакат президенти бўлади. 1884 йилда ўтказилган сайловда ўз номзодини қўймайди. Ўша сайловда демократлар вакили Гровер Кливленд ғалаба қозонади.
6. Бенжамин Ҳаррисон. АҚШнинг 23-президенти (1833-1901)
Бенжамин Ҳаррисон 1889-1893 йилларда АҚШни бошқаради. 1988 йилда ўтказилган сайловда у Гровер Кливлендни ортда қолдириб АҚШ президенти бўлади.
1892 йилда иккинчи муддат учун ўтказилган сайловда Ҳаррисон учинчи марта ўз номзодини қўйган Гровер Кливлендга ютқазади.
7. Уилям Мак-Кинли. АҚШнинг 25-президенти (1843-1901)
Уилям Мак-Кинли 1897-1901 йилларда президент бўлади. 1900 йилда ўтказилган сайловда у иккинчи муддатга ҳам АҚШ президенти этиб сайланади. 1901 йилда суиқасд оқибатида ўлдирилади. Унинг ўрнига вице президент Теодор Рузвелт президент бўлади.
Аслида Теодор Рузвелт 1889 йил 21 ноябрда Уилям Мак-Кинли маъмуриятида вице президент бўлган Гарет Ҳобарт вафотидан сўнг унинг ўрнига вице президент бўлганди. Шу тариқа Теодор Рузвелт АҚШ тарихида сайловларсиз аввал вице президент, сўнг президент лавозимларини эгаллаган ягона шахс бўлади.
8. Теодор Рузвелт. АҚШнинг 26-президенти (1858-1919)
Теодор Рузвелт 1901-1909 йилларда икки муддат АҚШга президентлик қилган. У аввалига вафот этган Уилям Мак-Кинли ўрнига президент бўлади. Сўнг 1904 йилда ўтказилган сайловда ғалаба қозониб, яна 4 йил АҚШни бошқаради. Теодор Рузвелт 1908, 1912 йилларда ўтказилган сайловларда ҳам ўз номзодини қўяди ва мағлубиятга учрайди.
9. Уилям Тафт. АҚШнинг 27-президенти (1857-1930)
Уилям Тафт 1909-1913 йилларда президент бўлган. У 1908 йилда ўтказилган сайловда Теодор Рузвелтни ортда қолдирган. 1912 йилда ўтказилган сайловда эса демократлар вакили Вудро Вилсонга ютқазади.
10. Уоррен Ҳардинг. АҚШнинг 29-президенти (1865-1923)
Уоррен Ҳардинг 1921-1923 йилларда АҚШни бошқаради. Президентлик муддати охирига етмасдан, юрак хуружидан вафот этади.
11. Калвин Кулиж. АҚШнинг 30-президенти (1872-1933)
Калвин Кулиж 1923-1929 йиллар оралиғида АҚШни бошқарган. Аввалига у вице президент сифатида Уоррен Ҳардинг ўрнига президент бўлади. Сўнг 1924 йилда ўтказилган сайловларда ғолиб чиқади.
12. Ҳерберт Кларк Ҳувер. АҚШнинг 31-президенти (1874-1964)
Ҳерберт Ҳувер 1929-1933 йиллар оралиғида президент бўлган. Ҳувер АҚШни бошқарган йилларда мамлакат оғир молиявий ва иқтисодий инқирозни бошдан кечиради. 1932 йилда ўтказилган сайловларда аҳоли Ҳуверга ишонч билдирмайди ва у демократлар вакили Франклин Рузвелтга жуда катта фарқ билан ютқазади.
13. Дуайт Эйзенхауэр. АҚШнинг 34-президенти (1890-1969)
Дуайт Эйзенхауэр 1953-1961 йилларда 2 муддат АҚШни бошқарган. У ҳарбий сифатида иккита жаҳон урушида қатнашган.
14. Ричард Никсон. АҚШнинг 37-президенти (1913-1994)
Ричард Никсон 1969-1974 йилларда АҚШни бошқаради. 1972 йилда ўтказилган сайловларда ғалаба қозонгач, орадан 2 йил ўтиб импичмент хавфи туғилганда ўз ихтиёри билан истеъфо беради. Унинг номи «Уотергейт можароси» билан эсланади.
15. Жералд Форд. АҚШнинг 38-президенти (1913-2006)
Жералд Форд 1974-1977 йилларда АҚШни бошқаради. У вице президент сифатида 1974 йил истеъфога чиққан Ричард Никсоннинг ўрнига президент бўлади. 1976 йилда ўтказилган сайловларда эса демократлар вакили Жимми Картерга ютқазади.
16. Роналд Рейган. АҚШнинг 40-президенти (1911-2004)
Роналд Рейган 1981-1988 йилларда АҚШни бошқаради. У президентлик қилган йилларда АҚШнинг ғоявий душмани саналган СССРда тўртта раҳбар ишлайди: Леонид Брежнев, Юрий Андропов, Константин Черненко ва Михаил Горбачёв.
17. Катта Жорж Буш. АҚШнинг 41-президенти (1924-2018)
Жорж Герберт Уокер Буш АҚШни 1989-1993 йиллар оралиғида 1 муддат бошқарган. 1992 йил ўтказилган сайловларда у демократлар вакили Билл Клинтонга ютқазиб қўяди. Катта Буш АҚШ президентлари орасида энг узун исм-шарифга эга ҳисобланади.
18. Кичик Жорж Буш. АҚШнинг 43-президенти (1946 йилда туғилган)
Жорж Уокер Буш (Кичик Буш) 2001-2009 йиллар оралиғида икки муддат АҚШни бошқаради. Унинг даврида АҚШда замонавий дунё тарихидаги энг йирик теракт – Нью-Йорк теракти содир бўлади.
Шундан сўнг АҚШ Афғонистон ва Ироққа бостириб киради ва ҳар икки давлатда узоқ йиллар давомида ҳарбий амалиётлар ўтказилади. Саддам Ҳусайн ўлдирилади, АҚШ президенти Москвадаги ғалаба парадида қатнашади ва яна кўплаб воқеалар содир бўлади.
Буш президентлигининг иккинчи муддатида Афғонистон ва Ироқдаги урушлар учун жиддий танқид қилинади.
19. Доналд Трамп. АҚШнинг 45-президенти (1946 йилда туғилган)
Доналд Трамп 2017-2020 йилларда АҚШни бошқарди 2020 йил кузда ўтказилган сайловда демократлар вакили Жо Байденга ютқазиб қўйди.
Доналд Трамп жорий 2024 йил кузда ўтказиладиган сайловларда ҳам ўз номзодини қўймоқчи. Мабодо у ғалаба қозонса ва мамлакат раҳбари бўлса Гровер Кливлендга ўхшаб бир муддат оралатиб икки муддат президент бўлган иккинчи шахсга айланади.
Федералистлар
Федералистлар – Америкада Англиядан мустақил бўлиб, федерал бошқарувдаги давлат тузишни ёқлаганлар. Улар АҚШ тузилаётганда янги давлат федерал бошқарувга асосланишини қўллашган. АҚШ президентлари орасида бир киши федералистлар вакили бўлган.
АҚШнинг 1-президенти Жорж Вашингтон Американи Буюк Британиядан ажратиб олиш ва федерал бошқарув тизимига асосланган давлат тузиш тарафдорларининг етакчиси бўлган. Бироқ у Федералистлар партиясига аъзо бўлмаган ва партиясиз ҳолда мамлакатни бошқарган.
Америка Буюк Британия бошқарувидан ажралиб чиқиб, АҚШда федерал бошқарув тизими ўрнатилгандан сўнг кўп ўтмай турли партиялар тузилади ва федералистларга ҳожат қолмайди. Шу тариқа мазкур ҳаракат йўқ бўлиб кетади. АҚШ президентлари орасида бир киши федералистлар вакили бўлган.
1. Жон Адамс. АҚШнинг 2-президенти (1735-1826)
Жон Адамс ҳам Жорж Вашингтоннинг ҳаммаслаги ҳисобланади. У 1797-1801 йилда 1 муддат АҚШни бошқарган.
Демократ-республикачилар
Мазкур партия ҳам АҚШда илк тузилган партиялардан бири ҳисобланади. Кейинчалик Республикачилар партияси тузилгандан сўнг у тарқаб кетган.
1. Томас Жефферсон. АҚШнинг 3-президенти (1743-1826)
Томас Жефферсон АҚШни 1801-1809 йилларда 2 муддат бошқарган. Жефферсон даврида АҚШ Франциядан Луизиана штатини сотиб олган. Шунингдек, у АҚШнинг биринчи Давлат котиби бўлган.
2. Жеймс Мэдисон. АҚШнинг 4-президенти (1751-1836)
Жеймс Мэдисон АҚШни 1809-1817 йиллар оралиғида 2 муддат бошқарган.
3. Жеймс Монро. АҚШнинг 5-президенти (1758-1831)
Жеймс Монро АҚШни 1817-1825 йилларда 2 муддат бошқарган.
4. Жон Куинси Адам. АҚШнинг 6-президенти (1767-1848)
Жон Адамс 1825-1829 йилларда бир муддат АҚШни бошқарган. 1828 йилда ўтказилган сайловларда демократлар вакили Эндрю Жексонга ютқазиб қўйган.
Виглар партияси
Ушбу партия ҳам АҚШда илк тузилган партиялардан бири ҳисобланади. Кейинчалик бу партия аъзолари эркин ер тарқатиш тарафдорлари билан бирлашиб, Республикачилар партиясини ташкил этган.
Виглар партияси вакиллари 19-асрнинг биринчи ярмида катта саҳнага чиқишади ва улардан тўрт нафари президент бўлиб сайланади.
1. Уилям Ҳенри Ҳаррисон. АҚШнинг 9-президенти (1773-1841)
Уилям Ҳаррисон бор-йўғи 1 ой президентлик қилган. 1841 йил 4 март куни совуқ ҳавода қасамёд қилиш маросимида 2 соат нутқ сўзлаган Ҳаррисон касал бўлиб ётиб қолади ва 1 ойдан сўнг вафот этади.
2. Жон Тайлер. АҚШнинг 10-президенти (1790-1862)
Жон Тайлер 1841-1845 йиллар оралиғида АҚШни бошқарган. У вице президент сифатида Уилям Ҳаррисон вафотидан кейин президент бўлган. Иккинчи муддатга ўз номзодини қўймаган. У АҚШда сайлов йўли билан эмас, вице президент сифатида мамлакат раҳбари бўлган биринчи шахс ҳисобланади.
3. Закари Тейлор. АҚШнинг 12-президенти (1784-1850)
Закари Тейлор 1849-1850 йиллар оралиғида 1 йилдан ошиқроқ вақт АҚШни бошқарган ва касалланиб, вафот этган.
4. Миллиард Филлмор. АҚШнинг 13-президенти (1800-1874)
Миллиард Филмор вице президент сифатида Закари Тейлорнинг вафотидан сўнг президент бўлади. 1852 йилда ўтказилган сайловда виглар партияси унга эмас, Уинфилд Скоттга ишонч билдиради. Бироқ сайловларда Скотт демократлар вакили Франклин Пирсга ютқазиб қўяди.
Партиясизлар
1. Жорж Вашингтон. АҚШнинг 1-президенти (1732-1799)
АҚШнинг 1-президенти Жорж Вашингтонни аксарият манбаларда партиясиз, айримларида Федералистлар партиясидан бўлган дейишади.
Бундан ташқари, АҚШнинг 10-президенти Жон Тайлер ҳам аввалига Виглар партияси аъзоси бўлган. Кейинчалик у партия сафидан чиққанини эълон қилган ва партиясизга айланган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.