Ўзбекистон | 14:10 / 12.03.2024
6432
2 дақиқада ўқилади

Томорқа ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлашнинг янги чоралари белгиланди

Президентнинг “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланди

  • тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб ҳамда сув таъминотини инобатга олган ҳолда, туманлар экспортбоп ва сердаромад экинлар экишга, шунингдек, кичик ишлаб чиқариш ва маҳсулот етиштиришга ихтисослаштирилади;
  • комплекс дастур доирасида маҳсулот етиштириш учун 100 млн сўмгача гаровсиз кредитлар ажратилади;
  • музлатгичли омборхона, тайёр ҳолда иссиқхона, қадоқлаш, қуритиш ва қайта ишлаш цехлари аҳолига 12 ойга бўлиб тўлаш шарти билан лизингга берилади;
  • ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига биогумус тайёрлаш фаолияти киритилади.

2024 йилда экспортбоп ва сердаромад экинлар экиш ва аҳолининг мазкур соҳада билим ва кўникмаларини ошириш учун 54 та туманда намунавий ўқув-тажриба майдонлари ташкил этилади. Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 51 та туманда мева-сабзавотларни шок усулида музлатишни йўлга қўйиш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ресурслари ҳисобидан қуйидаги ташкилотлар учун ажратиладиган кредитлар йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада (шундан 4 фоизи банк маржаси) бўлади:

  • чорвачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик ва паррандачилик, биогумус ишлаб чиқариш ва “дала дўконлари”ни қуриш учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йил муддатгача;
  • боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарини харид қилиш ҳамда уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар қуриш, кўчма музлаткичларни ўрнатиш, артезиан қудуқларни қазиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга.

Мавзуга оид