Спорт | 16:16 / 18.03.2024
27163
5 дақиқада ўқилади

Туркия чемпионатида яна муштлашув. Мезбон фанатлар «Фенербаҳче» футболчиларига ҳужум қилди

«Трабзонспор» мухлислари меҳмон жамоа футболчилари ғалабани нишонлашига чидай олмади ва майдонга тушиб кетишди. Футболчилар эса тажовузкорларга яхшигина жавоб қайтаришди.

Фото: Видеодан кадр

Туркия чемпионатида биринчи ўрин учун жиддий кураш кечмоқда, «Фенербаҳче» «Галатасарой»ни икки очколик фарқ билан таъқиб этмоқда. Аммо, Суперлиганинг 30-тури футболга хос бўлмаган ҳолат билан ёдда қолди – фанатлар ва футболчилар майдонда масалага ойдинлик киритишга киришишди.

Трабзонспордаги ўйин драматик тус олди: «Фенербаҳче» «МЮ»нинг собиқ яримҳимоячиси Фреднинг дубли эвазига ҳисобда олдинда борди, унга икки голда ҳам «Аякс»нинг собиқ футболчиси Душан Тадич ассистентлик қилди. Аммо иккинчи бўлимда «Трабзонспор» сафида Барди ва Трезеге биттадан гол уриб ҳисобни тенглаштирди. 87-дақиқада эса «Фенербаҳче» ҳужумчиси Миши Батшуайи («Челси»нинг собиқ футболчиси) барибир ғалаба голини урди.

Ўйиндан кейин «Фенербаҳче» футболчилари майдон марказида тўпланиб, муҳим ғалабани нишонлашди. Шу билан бирга, бу ишни намойишкорона мезбон фанатлар ўтирган трибунага ўгирилган ҳолда амалга оширишди.

Бунга жавобан майдонга ниқобли фанатлардан бири югуриб чиқди ва футболчилар қаршисида тажовузкорона ҳаракатлар қилди.

«Фенербаҳче» футболчилари эса уни муносиб қарши олишди. Айниқса ҳимоячи Брайт Осайи-Самуэл жонбозлик кўрсатди ва безорини ҳам, уларни ажратиш учун ўртага тушган стюардни ҳам газонга қулатиб, дўппослай бошлади.

Бу ҳолат эса трибунадаги бошқа мухлисларни ҳам майдонга тушишга ундади ва фанатлардан бири чопиб келиб меҳмон жамоа футболчисига ортдан зарба берди.

Худди шу вақтда 90 дақиқа давомида чарчамаган Брайт Осейи-Сэмюэл майдонга чопиб тушганлардан бирини бир мушт билан ағдарди ва тепкилай бошлади.

Миши Батшуайи эса каратедан ҳам хабари борлигини намойиш этиб, ўзига яқинлашиб келаётган мухлисни сакраб тепди.

Бу вақтга келиб майдонга тўрт томондан фанатлар ёпирилиб кела бошлаганди, стюардларлар майдонда мухлисларни тўхтатишга уриниши самара бермади, «Фенербаҳче» футболчилари кийим алмаштириш хонаси томон чекинишга мажбур бўлишди. Стадион ходимлари футболчиларнинг барчаси кириб кетганидан кейин туннелга кириш жойини блоклашди.

Хабарларга кўра, мухлислардан энг кўп «Фенер» дарвозабони Доминик Ливакович азият чеккан. Мерт Мулдурга мухлис бурчакдаги байроқча билан ҳужум қилган. Фанатлар билан муштлашувда Фред ҳам фаоллик кўрсатган.

Ва бу ҳали ҳаммаси эмас – ўйин вақтида мураббий ҳам яраланган

Ўйиннинг 15-дақиқасида «Фенер» бош мураббийи Исмоил Карталга қарата улоқтирилган предмет бошига теккан – унинг шикастланган жойига муз қўйишга тўғри келган.

Унинг ўйиндан кейинги сўзлари қуйидагича бўлди: «Биз ўз уйимизда «Трабзонспор»га ютқазганимизда, уларнинг футболчилари бахтиёр эди. Бу уларнинг ҳуқуқи. Ва улар тинчгина кетишганди. Нима учун биз бу ерда ғалаба қозонганимизда бундай ишлар бўлди?

Менинг бошим озроқ шилинган. Мен бунга кўникиб кетганман, кўчада ўсганман. Аммо бошқа мураббийларнинг лаби, ияги шишиб кетган. Ўғлимнинг бошига зарба берилган. Буни қандай тузатамиз?»

Туркия ички ишлар вазири Али Эрлиқоя майдонга югуриб чиққан шахсларни аниқлаш ишлари бошлангани, ҳодиса тергов қилинаётганини маълум қилган. Ёшлар ва спорт вазири Усмон Ашқин Бак ҳам тартибсизликларни қоралаган.

«Трабзонспор» сардори Угуржан Чақир фанатларга қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирган, аммо ўйиндан кейинги воқеаларни маъқулламаслигини айтган. Унинг жамоадоши Энис Барди шок ҳолатга тушганини билдирган: «Мен бунақасини ҳаётимда биринчи бор кўришим».

«Фенербаҳче» яримҳимоячиси Мерт Хоқон Яндаш шундай деб ҳисоблайди: «Жамоа ўз шаъни ва қадр-қиммати билан фахрланади, биз «Фенербаҳче» гербини яксон этишга йўл қўймаймиз».

Ҳужумчи Сердар Дурсун эса кийим алмаштириш хонасида қон доғи бор футболкасини кўрсатиб суратга тушган: «Футболкадаги қон – бизнинг шарафимиз. «Фенербаҳче» – сўнгги томчи қон қолгунича!»

Мавзуга оид