Жаҳон | 22:11 / 20.03.2024
7350
2 дақиқада ўқилади

Техас штати ноқонуний мигрантларни ҳибсга олиш ва қамаш ҳуқуқи учун курашмоқда

АҚШ Олий суди Техасга ноқонуний мигрантларни ҳибсга олиш ва қамашга рухсат берган эди. Бироқ, апелляция суди буни яна тақиқлаб қўйди. 

Фото: AFP

АҚШ Олий суди Техас штати ҳукуматига яқинда қабул қилинган иммиграция қонунларидан бирини амалга оширишга рухсат берди. Бу полицияга Мексика чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда гумон қилинган шахсларни ҳибсга олиш ва жиноий жавобгарликка тортиш имконини беради. Бироқ, орадан бир неча соат ўтгач, апелляция суди бу қонунни яна тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда BBC ёзди. 

АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш аллақачон федерал жиноят ҳисобланади, аммо ишлар одатда фуқаролик қонунчилигига биноан иммиграция судларида кўрилади. 

Техасдаги SB4 қонунининг шу қадар баҳсли бўлишининг сабабларидан бири шундаки, судлар аввалроқ алоҳида штатлар эмас, балки фақат федерал ҳукумат мамлакатнинг иммиграция қонунларини қўллаши мумкин, деган қарорга келган. 

SB4 маҳаллий полицияга чегарани ноқонуний кесиб ўтишда гумон қилинган ҳар қандай одамни тўхтатиш ва ҳибсга олиш ваколатини беради. Жазолар орасида қамоқ ёки 2 минг долларгача жарима ҳам бор. Қўшма Штатлардан депортация қилинганидан кейин Техасга ноқонуний равишда кирганлар учун жазо анча қаттиқроқ бўлади - бу шахснинг иммиграция ва жиноий тарихига қараб 20 йилгача қамоқ жазоси. 

Жо Байден маъмурияти бу қонунни кескин танқид қилмоқда. 

Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пиер ўз баёнотида, «SB4 нафақат Техасдаги жамоалар хавфсизлигини пасайтиради, балки ҳуқуқ-тартибот идораларига қўшимча юклама беради ва жанубий чегарамизда тартибсизликларни келтириб чиқаради», деди. 

Шу билан бирга, Техас прокурори Кен Пакстон Олий суд қарорини Байден маъмурияти ва Америка фуқаролик эркинликлари иттифоқига (ACLU) қарши «катта ғалаба» деб атади, улар ҳам судда қонунга қарши чиққан эди. 

ACLU «иммиграцияга қарши экстремал қонун бекор қилинмагунча, ўз фикридан қайтмаслиги» ҳақида баёнот берди.

Мавзуга оид