Жаҳон | 15:50 / 21.03.2024
5068
3 дақиқада ўқилади

Кулеба: Макрон қўшин юбориш ҳақида гапириб, УҚКни тайёрлашни назарда тутган

Украина ҳеч қачон ҳарбий хизматчиларни жўнатишни сўрамаган, бироқ унга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ўқ-дорилар, учувчисиз учоқлар ва узоқ масофали ракеталар керак, деди ТИВ раҳбари.

Фото: Francisco Seco/AP/dpa/picture alliance

Франция президенти Эммануэл Макрон Украинага Ғарб қўшинларини юбориш ҳақида гапирар экан, украиналик аскарларни тайёрлаш учун инструкторлар жўнатишни назарда тутган. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 20 март, чоршанба куни хорижлик журналистлар билан суҳбатда айтиб ўтди.

«Макрон Украинага қўшин юбориш ҳақида гапира бошлаганида, Европа етакчилари ваҳима қўзғади. Макрон шунчаки украиналик аскарларни ҳозир бўлаётганидек - чегаралардан ташқарида эмас, балки тўғридан тўғри Украинада тайёрлаш имконияти борлигини назарда тутган эди», - дея Кулебанинг сўзларини келтиради La Stampa газетаси.

ТИВ раҳбарининг қўшимча қилишича, Киев ҳеч қачон Ғарбдан Украинага ҳарбий хизматчиларни юборишни сўрамаган, чунки ўзининг армияси билан фахрланади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Украина армиясига «эгаллаб олинган ҳудудлардаги Россия логистикаси ва қўмондонлигини йўқ қилиш», шунингдек, Россия ҳудудига зарбалар бериш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ўқ-дорилар, учувчисиз учоқлар ва узоқ масофали ракеталар керак. 

«Ҳеч ким биз каби тинчликни хоҳламайди, лекин биз ҳеч кимга ҳужум қилмадик ва ўзимизни ҳимоя қилишдан бошқа иложимиз йўқ», деб таъкидлади Кулеба. 

Макроннинг Украинага қўшин юбориш эҳтимоли ҳақидаги баёнотига муносабат 

Феврал ойи охирида Украинани қўллаб-қувватлаш конференциясида Макрон НАТОга аъзо давлатларнинг қуруқликдаги кучларини Украинага юбориш имкониятини истисно этмади. «Бугунги кунда қуруқликдаги кучларни Украинага расман юбориш масаласида консенсус йўқ, аммо вазият ривожида ҳеч нарсани инкор этиб бўлмайди», деди у. 

Кейинроқ Макроннинг аниқлик киритишича, ҳозирча Украинага ҳеч қандай ҳарбий хизматчи жўнатиш ҳақида гап бормаяпти, аммо келажакда бирор контингент юборилса, у жанговар ҳаракатларда қатнашмайди. 

Франция президентининг нутқидан сўнг, Украинага қўшин юбориш ғояси кўплаб Ғарб давлатлари, жумладан Германия, Болгария, Британия, Венгрия, Испания, Италия ва Чехия томонидан рад этилди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг НАТО Украинага қўшин жўнатиш ниятида эмаслигини таъкидлади. 

Германия мудофаа вазири Борис Писториус бу борадаги баҳс-мунозараларни тўхтатишга чақирган бўлса, унинг финландиялик ҳамкасби Антти Хяккянен Киевни қурол-яроғ, ўқ-дори ва пул билан таъминлашга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Литва ва Латвия Макроннинг позициясини қўллаб-қувватлади. 

Мавзуга оид