Ўзбекистон | 08:20 / 21.03.2024
12372
1 дақиқада ўқилади

Қамчиқда кучли қор ёғиши кутилмоқда 

21 март куни Қамчиқ довонида қор ёғиши, вақти вақти билан кучли ёғингарчилик ва туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги кучайиши натижасида автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.

Фото: Kun.uz

2024 йил 21 март куни А-373 «Тошкент – Ўш» автойўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида қор ёғиши мумкин.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, шу куни довонда вақти вақти билан кучли ёғингарчилик ва туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 18-23 м/с гача кучайиши натижасида автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келиши мумкин.

2024 йил 21-27 март кунлари кутилаётган ёғингарчилик ҳамда ҳаво ҳароратининг ўзгаришлари сабабли республиканинг тоғли ҳудудларида, жумладан:

  • Қашқадарё вилояти: Деҳқонобод, Китоб, Қамаши, Шаҳрисабз туманларида;
  • Сурхондарё вилояти: Бойсун, Қумқўрғон, Сариосиё, Узун туманларида;
  • Самарқанд вилояти: Нуробод, Қўшработ, Самарқанд, Ургут туманларида;
  • Жиззах вилояти: Бахмал, Зомин туманларида;
  • Тошкент вилояти: Бўстонлиқ, Паркент, Оҳангарон, туманлари (Чотқол тизмаси тоғлари);
  • Наманган вилояти: Поп туманида қор кўчиш хавфи эълон қилинади.

Мавзуга оид