Жаҳон | 20:29 / 22.03.2024
20101
17 дақиқада ўқилади

АҚШдаги сайловлар: Байден ниманинг эвазига Трампни енгмоқчи?

Сўровномалар нимани кўрсатмасин, таҳлилчилар нимаики дейишмасин, Жо Байден ўзини Доналд Трампни тўхтата оладиган ягона одам деб ҳисоблашда давом этмоқда. The New Yorker нашри АҚШ президенти ҳақида катта материал тайёрлади.

Байден журналистларга Россияга қарши янги санкцияларни сўзлаб бермоқда. Вашингтон, 2024 йил 20 феврал.
Фото: Chip Somodevilla / Getty Images

5 март куни бўлиб ўтган «суперсешанба»дан сўнг 2024 йил ноябрида 81 ёшли Жо Байден ва 77 ёшли Доналд Трамп кураш олиб бориши борасидаги барча шубҳа-гумонлар тарқалди. The New Yorker журнали АҚШнинг амалдаги президенти ўзининг сўнгги сайлов кампаниясини қандай олиб бораётгани ҳақида катта мақола эълон қилди. Байденнинг ўзи ва унинг маслаҳатчилари билан сўзлашган журналист Эван Оснос шундай хулосага келган: Байден ўз ғалабасига мутлақо шубҳа қилмаяпти. Боз устига, Трампни ўзидан бошқа ҳеч ким енга олмаслигига унинг ишончи комил.

5 март куни АҚШда «суперсешанба» — бир йўла 15 та штатда праймеризлар бўлиб ўтди. Доналд Трамп уларнинг 14 тасида ғалаба қозонди ва фақат Вермонтда Никки Ҳейлига мағлуб бўлди. Эртаси куни, натижалар эълон қилингач, Ҳейли сайлов пойгасидан чиқиши ҳақида баёнот берди, бироқ Трампни қўллашдан бош тортди.

Жо Байден эса 15 та штатнинг барчасида, айримларида Путин ҳавас қиладиган 90 фоиз овоз тўплаб праймеризда ғалаба қозонди. Лекин у 44 йил ичида дастлабки овоз беришда ютқазган илк амалдаги президент ҳам бўлди. Америка Самоасида унга бор-йўғи 91 киши овоз берган.

Демократлар учун бош муаммо Байден маъмуриятининг Исроил ва Фаластинга нисбатан сиёсатидан норози сўл активистларнинг «ҳаммага қарши» овоз бериш бўйича чақириқлари бўлди. «Суперсешанба»да бундай банд олтита штатда ўтган сайлов бюллетенларида бўлган ва уни 6–19 фоиз демократлар танлаган. Мичигандаги 110 минг аҳолисидан тенг ярми келиб чиқиши араблардан бўлган Дирброн шаҳарчасида Байден 40 фоиз овоз тўплади, «ҳаммага қарши» овоз эса 56 фоизни ташкил этган. Бу ҳол иккиланаётган бу штатда Байденнинг мағлубиятга учрашига олиб келиши мумкин.

Формал жиҳатдан праймериз июн ойи бошларигача давом этади, бироқ ҳар икки номзод 5 ноябрда ўтадиган президентлик сайловига диққатини тўлиқ қаратади.

Танқидчилар Байденни президентлик муддатида ички ва ташқи кризислар жуда кўп рўй берган Жимми Картерга ўхшатишади. Партия ичида Картердан норозилик шу даражага етганки, сенатор Эдвард Кеннеди унга праймеризда чақирув қилган. Кеннеди ютқазган, лекин унинг ортидан Картер ҳам республикачи Роналд Рейганга мағлуб бўлган.

2024 йилги сайловларда обрўли демократлардан ҳеч бири амалдаги президентга қарши чиқмади. Бунга сабаб, Байденнинг ишини маъқуллаш паст рейтингларга эга бўлгани билан, сайловларда бошқа демократларга муаммо туғдирмайди. Конгрессга оралиқ сайловларда президент партияси Вакиллар палатасида 26 та, Сенатда 4 та ўрнидан айрилди. Бироқ, 2022 йилда «қизил тўлқин» муқаррарлиги тўғрисидаги прогнозларга қарамасдан, демократлар Вакиллар палатасида бор-йўғи 9 та ўрин йўқотиб, Сенатда битта қўшимча ўринга, демакки устун овозга эга бўлишди. 2023 йилги ҳудудий сайловларда ҳам демократлар яхши натижаларни кўрсатиб, қўшимча сайловларда кутилганидан ҳам яхшироқ иштирок этишди. The New Yorker журналисти билан суҳбатда Байденнинг ўзи ҳам ўзига ишончни намойиш этган:

«2020 йил эсингиздами, ўшанда менга юта олмайсан, деган эдиларинг? 2022 йилда эса «қизил тўлқин» қандай бўлиши ҳақида гапирган эдиларинг. Мен эса ҳеч қандай «қизил тўлқин» бўлмаслигини таъкидлагандим. 2023 йилда яна бизнинг бурнимизни ерга ишқалашларини айта бошладиларинг. Биз эса иккиланаётган штатларнинг барчасида ғалаба қозондик. Менимча, 2024 йилда ҳам худди шу нарса бўлади».

Президентликнинг оралиқ якунлари

Байденнинг ўзи 2020 йилги президентлик сайлови кампаниясида оралиқ президент бўлиши, атрофидагиларга Оқ уйда икки муддат ушланиб қолмаслигини ваъда қилганди. Уни бу фикридан қайтишига мамлакат тўқнаш келган кўплаб кризислар ундаган. Байден бошқаруви чоғида АҚШ коронавирус пандемиясини, сўнгги йиллардаги рекорд инфляцияни ва АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишини бошдан кечирди. Айнан сўнгги воқеадан сўнг унга бўлган ишонч рейтинглари пастга қулади ва қайтиб 50 фоиздан юқорига кўтарилмади. 

Лекин унинг маъмурияти бир нечта муҳим ислоҳотларни ўтказишга муваффақ бўлди. Байденнинг уч йиллик президентлиги даврида Конгресс бир нечта харажатлар пакетини маъқуллади ва улар мамлакатни ковид рецессиясидан чиқаришга, мамлакат тарихидаги энг йирик инфратузилмага инвестициялар киритилишига, яримўтказгичлар ишлаб чиқариш ва яшил энергетика гуллаб-яшнашига олиб келди. Байден даврида демократлар дори-дармонлар нархини пасайтиришга муваффақ бўлишди, ўқотар қуролларни қўлга киритишни чекловчи ислоҳотни ўтказишди.

Ковид чоғида авж олган жиноятчилик яна пасайди: сўнгги ярим аср ичида жонга ва мол-мулкка қарши жиноятлар даражаси бу қадар паст бўлмаган. Инфляция 9 фоиздан 2 фоизга туширилди ва G7 давлатлари ичида энг пасти бўлиб турибди. АҚШ ялпи ички маҳсулот ривожланган давлатлар ичида энг тез ўсмоқда. Кўплаб иқтисодчиларнинг бостириб келаётган рецессия тўғрисидаги прогнозлари ўзини оқламади, реал рецессия Америкада эмас, Буюк Британия ва Германияда бўй кўрсатди. S&P 500 фонд индекси рекордлар ўрнатмоқда, нефт қазиб олиш ва тикланувчи энергия ишлаб чиқариш ўз чўққисига етган, мамлакатда сўнгги ўн йиллар ичида ишсизлик даражаси энг паст бўлиб турибди, тиббий суғуртага эга америкаликлар сони эса сўнгги йиллар ичида энг баланди бўлиб турибди.

Бир қараганда, бу рақамлар Байденга иккинчи муддатга сайланиши учун ёрдам бериши керакдек, бироқ рақамлар америкаликлар танасида ҳис қилаётганига терс келмоқда. Декабр ойида ўтказилган сўровларда жавоб берганларнинг учдан бир қисмигина иқтисодиётда аҳвол ўнгланаётганини қайд этган, лекин одамларнинг қарийб ярми Байденнинг иқтисодий сиёсати уларга зарар етказганини таъкидлаган. Булардан республикачилар усталик билан фойдаланмоқда, бироқ иқтисодий вазиятга ишонмаслик демократик партиянинг анъанавий тарафдорлари — ёшлар, афро ва лотин америкаликлар орасида ҳам президент рейтинги тушишига олиб келди. Сўнгги икки гуруҳ ичида Байденни қўллаб-қувватлаш даражаси 25–30 фоизга пасайган.

Қарилик, миграция ва Байденнинг бошқа муаммолари

Байден учун асосий муаммолардан бири унинг ёши бўлиб турибди. 1972 йилда, Сенатга сайлов арафасида 29 ёшли Байден 63 ёшли рақибига қарилигини пеш қилиб ҳужум қилган, энди эса америкаликларнинг 70 фоизи 81 ёшли Байден президентлик учун кексалик қилади, деган фикрда. Америкаликларнинг фақат 42 фоизи 77 ёшли Трампни қари деб ҳисобламоқда.

Байденни ўраб турган демократлар, ҳаттоки хорижлик сиёсатчилар ҳам у деталларга жуда диққат қилиши, қатъиятли экани ва кўп вақтини иш учун сарфлашини айтиб турган бўлса-да, оддий америкаликлар мутлақо бошқача ҳаёт тарзини кўришмоқда. Омма олдида президент имиллаган чол қиёфасида намоён бўлмоқда, баъзан паришонхотирлигини кўрсатмоқда, гапларидан адашмоқда, одамлар ва воқеаларни чалкаштирмоқда. Адолат юзасидан айтиш керакки, Трамп ҳам ўз чиқишларида кўп адашади, лекин у сайловчиларга жонлироқ ва дадилроқ бўлиб кўринмоқда.

«У чиндан ҳам улкан ишларни амалга оширди, бироқ камералар қаршисида ўзини унчалик ишончли тута олмайди. Ноҳақ ва кучли бўлган одам, ҳақ бўлиб турган кучсиз устидан албатта ғалаба қозонади», — деган Барак Обама сайлов кампаниясининг бош стратеги Дэвид Акселрод.

Бу образни Байденнинг уйида махфий ҳужжатлар топилганини суриштирган махсус прокурор Роберт Ҳурнинг ҳисоботи янада тўлдирган. У Байденга айблов эълон қилмаслигини айтган, чунки судда жюрилар ўғли қачон ўлганини ҳам эслай олмайдиган «паришонхотир чол»ни кўришини таъкидлаган. Бунга жавобан Байден ҳиссиётли матбуот анжумани ўтказиб, «жин урсин, мен нима қилаётганимни жуда яхши биламан», деган ва тадбир сўнгида Миср ва Мексика президентларини адаштириб юборган. Бу воқеадан сўнг ҳаттоки The New York Times саҳифаларида Байденни иккинчи муддатга сайланмасликка чорловчи мақолалар ёзилган.

Президентнинг кекса ёши сўнгги йилларда демократлар сайлов коалициясининг муҳим қисми бўлган ёшларни чўчитмоқда. Бундан ташқари, Байден маъмуриятининг Исроил ва Фаластинга бўлган сиёсати ҳам уларни бездирмоқда. 2023 йил 7 октябрида ҲАМАС Исроилга ҳужум қилгач, Байден Исроилни қўллаб-қувватлаб, Тел-Авивни қурол-яроғ ва ресурслар билан таъминлай бошлади.

Ғазодаги тинч аҳоли ўртасида қурбонлар сони оша бошлагач, сўл активистлар Байденни бу қирғин иштирокчиси ва геноцид ташкилотчиси деб атай бошлади. Президент вақт ўтиб Бинямин Нетаняҳу ҳукуматига нисбатан танқидий позиция эгаллай бошлади, бироқ у ҳамон Исроилни қўллаб келмоқда. Бундан келиб чиқиши араб бўлган америкаликлар жуда норози. Боз устига, Исроилнинг хатти-ҳаракатлари туфайли Байденни «учинчи» партиялар вакиллари: кичик Роберт Кеннеди, Жилл Стайн ва Корнелл Уэст ҳам танқид қила бошлади. Уларнинг барчаси ёш сайловчиларнинг овозларини ўзлари томон оғдиришмоқда.

Байденнинг ташқи сиёсий кун тартибининг яна бир муҳим таркибий қисми Россияга қарши урушда Украинани қўллаб-қувватлаётгани бўлмоқда. Республикачилар Конгрессда янги ҳарбий харажатлар пакети ажратилишини блоклаб туришибди. Бунинг эвазига консерваторлар Байдендан миграция қонунчилигини радикал ислоҳ қилишни талаб этишмоқда. 

Сўнгги ойларда миграция америкалик сайловчиларнинг бош масаласига айланган. Бунинг сабаблари тушунарли: Байденнинг уч йиллик президентлиги даврида чегарани ноқонуний кесиб ўтган рекорд даражадаги 6,3 миллион мигрант ушланган, 2023 йил декабрида чегарадан ноқонуний ўтиш ҳолатлари сони кунига 10 мингтага етган. Техас ва бошқа консерватив штатлар билан зиддиятга олиб келган ушбу муаммони ечиш учун Байден ва бошқа демократлар жиддий ён беришларга рози бўлишди ва Сенатдаги республикачилар билан ислоҳот лойиҳасини ишлаб чиқишди. Лекин сўнгги онларда республикачилар уни тасдиқлашдан бош тортишди: Трамп миграцион кризис давом этиши унга Байденни самаралироқ танқид қилиш имкониятини яратади, деган қарорга келди.

Президент командаси нимадан умид қилмоқда?

Айнан Трампнинг сайловда иштирок этишга қарор қилгани Байденга иккинчи муддатга ўз номзодини суриш учун бош сабаб бўлди. Трампнинг 2020 йилги сайловларда ютқазганини тан олишдан бош тортиши туфайли Байден Трамп сиймосида Америка идеалларига экзистенциал таҳдид кўра бошлади. Демократияни ҳимоя қилиш унинг сайлов кампаниясидаги бош мавзулардан бирига айланди. The New Yorker’нинг ёзишича, Трамп президентликни шахсан ундан тортиб олмоқчи бўлаётгани Байденни айниқса жаҳллантирмоқда.

Гарчи бир нечта штатларда Трампга қарши 91 та эпизод бўйича жиноий айбловлар илгари сурилган, унинг ўзини сайловлардан олиб ташлашга муваффақиятсиз уринишлар бўлаётган эса-да, у Байдендан ўзиб кетганди. Агар президентлигининг илк йилларида Байден сўровномаларда етакчилик қилган бўлса, 2023 йил августи охиридан 2024 йил феврали охиригача у Трампдан ортда борди. Фақат март ойига келиб Байден яна олдинга ўтди. Президентлик сайлови тақдирини ҳал қилувчи барча иккиланувчи штатларда ҳам Трамп етакчи. Сайловчилар собиқ президентга иқтисодиёт ва миграция каби асосий мавзуларда ишонч билдиришмоқда. Америкаликларнинг 51 фоизи Трампни руҳан ва жисмонан соғлом деб билишади, Байденда бу борада кўрсаткич 32 фоиз. Айни пайтда Байденнинг иш олиб боришини маъқуллаш рейтинги ўртача 37 фоизга тенг, биринчи муддатнинг сўнгги йилида бу борада 50 фоиздан кам кўрсаткичга эга бўлган президентлар қайта сайловларни жуда кам ютишган.

Байденнинг атрофидагилар сўровномаларга кўп ҳам таянмаслик, улар йиллар оша реалликдан узоқлашиб кетганини таъкидлашмоқда: «Сўровномалар синиб бўлган. Сиз кимгадир қандай қўнғироқ қилинишини ҳам билмайсиз».

Улар сайлов куни яқинлашгани сайин сайловчилар Трампнинг гап-сўзларига диққатлироқ бўлишидан ва бу республикачилардан узоқлашишга олиб келишидан умид қилишмоқда. Танқидчилар демократлар сайлов кампаниясини нарративларни назорат қилиш учун янада агрессивроқ ўтказиши керак, деб ҳисоблаётган бир пайтда Байден штаби унинг омма олдида чиқишлари сонини минималлаштириш керак, деган фикрда.

Президент омма олдида жуда кам кўриниш беради ва Роналд Рейган давридан буён энг кам интервю берган ва матбуот анжумани ўтказган президент бўлиб турибди. У иккинчи йилдирки, америкача футбол бўйича финал — жуда оммавий Супербоул чоғидаги прайм-таймда интервю беришдан бош тортмоқда. Бу стратегиянинг ҳам ўз мантиғи бор: Байден омма олдида қанчалик кам чиқиш қилса, унинг образига доғ бўлиб тушиши мумкин бўлган хатоларга шунчалик кам йўл қўяди. Лекин ўз номзодини оммадан яшириб президентлик сайлови кампанияси ўтказиб ҳам бўлмайди-да.

Байденнинг маслаҳатчилари ноябр ойига бориб инфляция ва Яқин Шарқдаги можаролар каби кўп нарсалар эсдан чиқади, ёшлар ва аёлларни репродуктив эркинликлар учун кураш атрофида жипслаштириш мумкин, деб умид қилишмоқда. Олий суд томонидан аборт учун федерал ҳуқуқ бекор қилингач, 21 та штат ҳомиладорликни тўхтатишни тўлиқ тақиқлашгача бўлган турли чекловларни жорий этди. Шундан сўнг Байден гарчи тақводор католик сифатида бу масалани жуда кам тилга олган бўлса-да, аёллар ҳуқуқи ҳақида кўп гапира бошлади. Аборт ҳуқуқи тарафдорлари ҳаттоки чуқур консерватив штатларда ҳам бу мавзуга оид барча референдумларда ғалаба қозонишди. Ноябрда президентлик сайлови билан бир қаторда, ушбу мавзуда бир неча штатларда овоз бериш жараёни ҳам бўлиб ўтади.

Бироқ Байден кампаниясининг асосий умиди — барча демократлар, мустақил сайловчилар ва мўътадил республикачиларни бирлаштиручи Доналд Трампга қарши сафарбарликни уюштира олиш бўлиб турибди. Жамоатчилик фикрини ўрганувчи тадқиқотчилардан бири айтганидек, «Демократик коалициядаги бўлинишни ҳеч нарса Трампчалик беркита олмайди. У электоратни сафарбар қилиш бўйича ўзиюрар машинага айланиб қолган. У сайловчиларга нақадар ёқмаслигини эшитиб, ишонч ҳосил қилиш учун кўп вақтимни сарфладим. Сиз Байденни қўллаб-қувватлаш учун коалиция тузишингиз шарт эмас, шунчаки Трампга қарши чиқиш қилсангиз бас».

Никки Ҳейли — консерваторлар ичида Трампга рақиблик қилган сўнгги номзодни айниқса мўътадил республикачилар ва мустақил сайловчилар фаол қўллаб-қувватлашган. Сайлов пойгасидан чиққанидан сўнг у Трамп энди уларнинг қўллови учун курашиши кераклигини айтган. Сўровлардан бирига кўра, Ҳейли тарафдорларининг фақат ярми ноябрда Трампни қўллашга тайёр.

Трампга нисбатан айблов ҳукми чиқарилиши ҳам Байденга катта ёрдам бериши мумкин. Сўровномалардан бирига кўра, агар сайловчилар Трамп айбдор деб топилганидан хабар топишса, уни қўллаб-қувватлаш 4 фоизга пасайиши, Байденники 3 фоизга ўсишини кўрсатган. Иккиланувчи штатлардаги 53 фоиз сайловчилар агар Трамп айбдор деб топилса унга овоз беришдан воз кечишини билдиришган. Бироқ бу режаларга Олий суд халақит бериши мумкин: у Трамп командасининг собиқ президент мутлақ иммунитетга эга экани тўғрисидаги даъвосини кўриб чиқишга розилик берган. Шу туфайли камида битта федерал жиноий иш — 2020 йилда ҳокимиятни сақлаб қолишга уриниш бўйича айбловлар паузага қўйилган. Ҳаттоки суд Трампнинг ёнини олмаган тақдирда ҳам, қарор чиқаришни чўзиб юборса, жиноят ишлари бўйича жараёнлар президентлик сайловларигача тугамаслиги мумкин. 

Байден эса америкаликлар сиёсий зулмни оқловчи инсонни президент этиб сайламасликларига ишончи комил. Боз устига, Байден Трамп яна сайлов натижаларини тан олмаслигидан огоҳлантирмоқда ҳам: «Менимча, у ғалаба қозониш учун барча ишни қилади. Мен яна ғалаба қозонганимдан сўнг у натижаси қандай тугашидан қатъи назар, яна бу борада баҳслаша бошлайди». 

Мавзуга оид