Фан-техника | 21:13 / 23.03.2024
26354
2 дақиқада ўқилади

Миясига Neuralink чипи ўрнатилган биринчи одам фикр кучи билан твит ёзди

Аввалроқ, у фикр кучи билан ноутбук экранидаги шахмат тахтаси бўйлаб доналарни сурган эди.

Фото: REUTERS/Dado Ruvic

Миясига Neuralink компаниясининг чипи ўрнатилган биринчи бемор фикр кучидан фойдаланган ҳолда Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида ўзининг биринчи постини ёзди. Бу ҳақда Neuralink ва Х компанияси эгаси Илон Маск маълум қилди.

«Neuralink телепатия қурилмаси ёрдамида фикр кучи билан ёзилган биринчи пост!», деб ёзди миллиардер ва бемор Нолан Арбо саҳифасидаги постни кўрсатди.

«Twitter мени бот сифатида тақиқлаб қўйди, лекин Илон Маск саҳифани тиклаб берди, шундай», дейилади бемор ёзган хабарда.

29 ёшли Нолан Арбо саккиз йил аввал содир бўлган бахтсиз ҳодисадан сўнг елкасидан пасти шол бўлиб қолган. 28 январ куни Neuralink нейротехнология компанияси биринчи марта унинг миясига нейрочипни ўрнатди. Telepathy деб номланган Neuralink импланти ёрдамида у яна компютер билан мулоқот қилиши мумкин - лекин сичқонча ва клавиатура орқали эмас, балки фикр кучи билан. Жумладан, у фикр кучи билан шахмат ўйнашга муваффақ бўлди.

Илон Маск чипдан биринчи фойдаланувчилар оёқ-қўллари устидан назоратни йўқотган одамлар бўлишини маълум қилди. Шунингдек, у тест жараёни тахминан олти йил давом этишини қайд этди. Бунгача чип устида тадқиқотлар ҳайвонлар устида олиб борилган.

2023 йил сентябр ойида Neuralink чипларни синаб кўриш учун кўнгиллиларни жалб қила бошлади. Компания тетраплегия билан касалланган номзодларни қидирмоқда.

Neuralink компанияси 2016 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг тахминий қиймати 1 миллиард доллардан ошади. 2021 йил апрел ойида компания миясига чип ўрнатилган маймунни кўрсатди. Ҳайвон фикр кучи билан компютер мониторидаги курсорни бошқарди ва шу тариқа стол тенниси ўйнади.

Мавзуга оид