Ўзбекистон | 10:56 / 23.03.2024
6494
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда аёл таксичилар сони ортаётгани маълум қилинди

1 март ҳолатига республикада онлайн-таксичилик фаолияти билан шуғулланувчи аёл ҳайдовчилар сони минг нафардан ошган.

Ўзбекистонда мингдан ортиқ хотин-қизлар онлайн-такси агрегаторлари хизматлари орқали йўловчи ташиш билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар берди

Ўзбекистонда 2,6 млн.дан ортиқ фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатга олинган. Шундан 284 минг нафари жорий йилда рўйхатдан ўтган. 1 март ҳолатига ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар 420,8 минг нафарни ташкил этган. Уларнинг 161,5 минг нафардан ортиғи солиқ органлари билан интеграциялашган онлайн-агрегаторлар орқали йўловчи ташиш хизматларини кўрсатмоқда. Таъкидланишича, аёлларнинг бу соҳага қизиқиши ортиб бормоқда: 1 053 нафар ҳайдовчи аёл ушбу онлайн хизматлар орқали йўловчи ташиш билан шуғулланмоқда. 

Солиқ қўмитаси маълумотлар базасида мавжуд маълумотларга кўра, ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар жорий йилнинг дастлабки 2 ойида онлайн-агрегаторлар ёрдамида қуйидаги миқдорларда даромад олган:

  • 1 миллион сўмгача — 104 241 нафар;
  • 1 миллиондан 2 млн сўмгача — 24 350 нафар;
  • 2 миллиондан 5 млн сўмгача — 23 817 нафар;
  • 5 миллиондан 10 млн сўмгача — 7 887 нафар;
  • 10 миллиондан 15 млн сўмгача — 1 180 нафар;
  • 15 миллион сўмдан юқори — 189 нафар.

“Фаолиятини қонунийлаштириш ўзини ўзи банд қилган шахсларга нафақат қонуний даромад олиш, балки ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларига ҳам хизмат қилади”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, ўзини ўзи банд қилган шахслар даромади 100 млн сўмдан ошмаса солиқ тўламайди. Иш стажига эга бўлиш ва пенсия ҳисоблаш учун улар ихтиёрий равишда йилига бир марта ижтимоий солиқ тўлаши мумкин. Шу мақсадда жорий йилда 68,5 минг нафар ўзини ўзи банд қилган шахс томонидан 21,7 млрд сўм ижтимоий солиқ тўланган.

Мавзуга оид