Спорт | 16:39 / 24.03.2024
23231
18 дақиқада ўқилади

Чемпион ҳикоялари: Валверде болалиги, «Реал»га келиши ва ҳаётидаги қийин кунлар ҳақида

Мадриднинг «Реал» жамоаси мотори, сўнгги мавсумлардаги алмаштириб бўлмас футболчиси Федерико Валверде машҳур лойиҳанинг навбатдаги иштирокчиси бўлди. Уругвайлик футболчи ўзининг қийин ўтган болалиги, Мадриддаги илк қадамлар, оғир характери ва оиласи билан енгиб ўтган синовлар ҳақида ўртоқлашди.

Фото: Alvaro Barrientos/AP Photo

Ўтмишга қарар эканман, ҳаётимда уч марта ажойиб кун бўлганини англайман. Биринчиси, «Реал» мени чақирган кун. Иккинчиси, ўғлим Бенисио туғилган пайт. Учинчиси, ўғлим Баутиста дунёга келган кун.

Мана шу учинчи бахтли кун учун оилам билан ҳақиқий дўзах қийинчиликларини бошдан ўтказганмиз. Аслида мен унча сергап эмасман, туйғуларимни бошқаларга ошкор қилишга ўрганмаганман. Аммо кўпчиликка фойдали бўлиши мумкинлигини билганим учун ҳам ҳаммасини айтиб беришим кераклигини ҳис қилмоқдаман. Ишонаверинг, мен кабилар Жанубий Америкада жуда кўп.

Ўз ҳикоямни айтиб беришим учун энг бошидан бошлашим керак. Ҳозир қаршингизда бир кучли эркакдай турган бўлсам, бир пайтлар қандай болакай бўлганимни ҳам тушунишингиз керак.

Уругвайда ҳаммаси бошқача. Қийинчиликлар қонимизга сингиб кетган. Оиламиз шунчаки камбағал эди, деб айтсам, нотўғри бўлади. Ота-онам ҳақиқий овчи эдилар. Отам казинода қоровул бўлган, онам эса кўчада катта аравани етаклаб кийим ва ўйинчоқлар билан савдо қиларди. Тасаввуримда бундай катта аравани фақат Халк етаклай оладигандек туюларди. Онам – ҳақиқий жангчи. Иссиқми, совуқми, шамолми, онам ўша аравани етаклаб бозорга йўл оларди.

Онам эрталаб саккиздан кечки еттигача, отам эса, кечки саккиздан эрталаб олтигача ишларди. Ҳисоблаб олаверинг, оиламизда фақат бир олтин соат бор эдики, уч киши бирга ўтириб, кичкинагина гўшт бўлагини баҳам кўриш учун. Дарвоқе, онам доим мен учун кола ҳам бўлишини таъминларди. Ҳа, Испания ёки Америкада кўпчиликка оддий ҳолатдек туюлар, аммо ўша кола мен учун худди шампан виноси каби эди.

Бир банка кола ичишим учун онам нималарни қурбон қилган, рости, била олмайман. Болаликда содда бўламиз, онам овқат емаяптими, ҳа, қорни оч эмас экан, деймиз, тамом. Ҳозир бу ҳақида ўйласам, унинг нега баъзида ҳеч нарса емаганини ҳам тушуна бошлайман. Мен учун ўша бир парча гўшт ва коланинг ўзи бахт, онам эса, ҳар куннинг охирида бир оила жам бўлишимиздан бахтиёр эди, назаримда.

Мана шу кунлар оиламиз учун «ла гарра» эди. Бу бизнинг сабримиз, руҳимиз, қатъиятимиз. Менимча, бутун уйни бўяш учун етарли пулимиз бўлмаганки, отам фақат менинг хонамни бўяб, янги қилиб берганди, у кўчада менга шлангда сув сепар – бу бизнинг ўзига хос бассейнимиз. Етади. Ла Гарра!

Аммо шуни ҳам тан олишим керак, баъзи ҳолларда ноқулайликлар ҳам бўлади. Масалан, футбол ўйнашни бошлагач, шерикларимнинг шароитини кўрганимда, фарқ сезилади. Эсимда, ўртоқларим уйимга келишини хоҳламасдим, чунки телевизоримизда фақат учта бепул каналлар кўрсатарди холос. Ёки ёзда кечқурун ухлашга ётиб, сувараклар овозини эшитасиз.

Ҳозир кулиб айтиб беряпман, аммо ўша пайтларда бироз уялардим. Биласиз-ку, 11-12 ёшлардаги болалар қанчалик раҳмсиз бўлишини. Худдики, агар улар қандай яшашимни билиб қолишса, бошимда ёнғоқ чақишадигандек туюларди. Шунинг учун анча камгап, ёпиқ бола бўлганман.

Бутун туйғуларимни футболга сарфлардим. Айнан футбол туфайли оиламиздаги шароитни ўзгартира олдим. Афсуски, бу мени ҳам ўзгартирди. Ўн олти ёшимда «Пенярол» билан профессионал шартнома имзолаганимда, гўёки ўзимни худо деб ўйлай бошлагандим. Менимча, ҳаммаям тушунавермайди – бир онда кўчада санғиб юрган боладан катта одамлар сен билан селфи тушишни илтимос қиладиган даражага ўтиб қолиш осон эмас. Ўтган ҳафта сенга қайрилиб ҳам қарамаган қизлар смс ёзишни бошлашади. Ҳамма сен билан дўст бўлишга ошиқади.

Йўлдан адашиш ҳеч гап эмас. Айниқса, ижтимоий тармоқлар даврида улғайган биз кабилар учун.

Отам кўп айтарди: «Сен нега фалончи билан кўришмаяпсан. Нима бўлди? Ахир у оддий бўлиб юрган пайтларингда ҳам сен билан ўртоқ эди-ку?»

Аммо мен янги дўстларни эскиларига алмаштирдим. Бир ёмон ишлар қилмаганман, йўқ, лекин анча кибрланиб кетганим аниқ. Уйга қайтаётганимда йўлимни пойлаб, автограф сўраган болаларни ҳам рад қилардим вақти келса. Чарчаганимни баҳона қилиб кетиб қолардим.

Эсласам уяламан. Ота-онам мени бундай тарбия қилишмаганди. Ким ҳам эдим аслида? Шунчаки, футбол ўйнашни ўрганиб олган оддий бола. Биргина колага хурсанд бўладиган бола қаерга кетди? Оний муваффақият мени кескин ўзгартириб юборганди.

Айнан ўша пайтларда футболнинг бошқа юзини кўра бошладим. Агар мен ҳақимда интернетдан қидирсангиз, 16 ёшимда «Арсенал»га ўтишга яқин бўлганимни ўқийсиз. Бу қисман тўғри. «Арсенал» менга ёқади, аммо ҳеч қачон Англияга кетишни истамаганман. Кўпчилик ҳайрон бўлар, нега «Арсенал»ни хоҳламаётганимга қизиқарди. Уругвайда қолиб кетмоқчимисан, дейишарди. Аслида эса, ёлғиз қолганда «агар «Арсенал»га ўтсанг, яхши пул ишлаб олишимиз мумкин» деб шипшитишарди.

Тушуняпсизми, футболда ҳаётинг мутлақо ўзингники бўлмайди. Айниқса, ёшлик пайтда турли манфаатларнинг асирига айланиб қоласан. Ҳатто оиланг ҳам кимларгадир эргашишга мажбур. Айниқса, Жанубий Америка вакиллари учун футбол бу яхши ҳаёт томонга қочиш ҳисобланади. Албатта, ўртакашлар буни яхши билишади ва шу оғриқли томонга зарба беришга уринишади.

«Ахир, Феде, агар «Арсенал»га борсанг, юмшоқ ётоғинг, иссиқ суви тугамайдиган ҳаммоминг бўлади. Наҳотки шундай ҳаётдан воз кечсанг?»

Ўша пайтда «Арсенал»ни рад этиш учун ё тентак бўлганман ёки етарли даражада қатъиятли. Совуқ душда чўмилаверай, лекин ҳозирча оилам билан бирга бўлмоқчиман. Миямда балки бутун умр Уругвайда қолишимни режа қилганман.

Кейин эса, бир қўнғироқ ҳаётимни ўзгартириб юборди. Парагвайда ўсмирлар ўртасида қитъа чемпионатида тўп сураётгандим. Эртаси куни Аргентинага қарши катта ўйин кутиб турарди. Мен меҳмонхонада, ота-онам қўшни хонада истиқомат қилишади. Онам қўнғироқ қилди ва тезда уларнинг олдига киришимни сўради. Мен билан гаплашмоқчи бўлаётган одамлар бор экан.

«Ойи, узр, чиқа олмайман» – дедим-да, гўшакни қўйдим. Ўйин олдидан хонадан чиқишимиз тақиқланган эди.

Қайта телефон бўлди.

«Феде, дарҳол кел, «Реал»дан келишибди».

Ҳазил деб ўйладим. Югуриб борсам, ростанам, икки нотаниш йигит турибди. Онамнинг кўзларида ёш. Умуман, онам ҳадеб йиғлайверишини эътиборга олсак, ҳали ҳаммаси номаълум.

Эсимда, аввал уларни «Пенярол»дан деб ўйладим. Менга янги шартнома таклиф қилишмоқчи шекилли. Зўр-ку, Аргентина билан ўйингача яхши бутса сотиб оламан. Балки PlayStation’га ҳам пул етар. Аммо йигитлар бизнинг эмас, Кастиля испанчасида гапира бошлагач, томим кетиб қолди. Улар бу ерлик эмас-ку? Наҳотки?

«Биз «Реал»данмиз» – деди улар, – «сиз биз учун юлдуз бўлишингизга ишончимиз комил. Сиз ва оилангиз Мадридга кўчиб ўтишингизни сўраймиз».

Дунёда ярим миллион футболчи «Реал»га ўтишни хоҳлайди, булар мени олишмоқчими? Нима?!

Хонадан отилиб чиқдим. Тезда отамни топишим ва янгиликни айтишим керак эди.

«Дада, дада! Мадрид шу ерда!»

«Бу нима деганинг? Ким, қаерда?»

«Хонамизда. «Реал Мадрид» мен билан шартнома тузмоқчи».

Отам менга худди дунёдаги энг тентак одамни кўриб тургандек қаради:

«Хонада? Унда сен бу ерда нима қиляпсан? Қайт, аҳмоқ!»

Бу менинг ҳаётимдаги илк бахтиёр куним. Чунки ота-онам қанчалик ҳаяжонланиб кетишганини кўрдим. Онам ниҳоят қувончдан йиғларди. Отам эса, тоғ каби, ҳис туйғуларини намойиш қилавермайди. Ҳа-ҳа-ҳа. Лекин мен кичик тирқишдан кўра олдим – унинг кўзлари ёниб турарди.

«Менинг ўғлим «Реал Мадрид»да ўйнайди»

Ушбу таклифни баҳолаб бўлмайди. Дунёнинг чўққисида эдим. Албатта, доимгидек, ҳаёт менга камтар бўлишни ҳам ўргатиб қўйди.

Мадридга келганимда ўзимни Месси ва Криштианунинг жамланмасидек ҳис қилардим. Жиддий айтяпман. Ўзимни оқлаш учун айтишим мумкинки, ўн етти ёшда шу даражада аҳмоқ бўласанки, агар сенга озгина пул бериб, яна мақтай бошлашса, асти қўяверинг.

Огоҳлик қўнғироғи узоқ куттирмади. «Кастиля»даги илк машғулотга борганимда булутларда кезиб юрардим. Ўзимга ишончим жуда катта. Тўғриси, машғулотларни тўлиқ эслолмайман, аммо кийим алмаштириш хонасида шерикларимни кузатганим ёдимда. Даҳшат бренд кийимлар. Бу Бензема, Модрич ёки Марсело эмас ҳали. Миямда чақмоқ чаққандек бўлди – эҳ, Феде, икки евролик футболкани кийиб олгансан-ку!

Мен учун Zara қиммат ҳисобланарди. Уругвайда агар шуни кийсанг, сендан зўри йўқ. Мана, ўтирибман, буларнинг соати уйимиздан қиммат-ку! Мана сенинг даражанг, тентак. Оёқ кийимни ҳам ечгани эриниб ўтирибман, душга кириб кетаётган болалар эса, Gucci ич кийимида. Ички кийимда, тасаввур қиляпсизми? Буни қачон ўйлаб топишди, нархи қанча ўзи буларнинг?

Ҳа-ҳа-ҳа. Ишқилиб, пайпоғим йиртиқ бўлмасин-да, онам тикиб қўйгандирлар. 20 дақиқача гўёки телефон кавлаётгандек ўтирдим. Йигитлар менга қараб, ҳайрон:

«Бирор нарса бўлдими? Тинчликми, нега ўтирибсан?»

Ўша оқшом ўзимга айтганларимни эслайман: «Болакай, ўзингни ким деб ўйладинг? Криштианумисан? Ҳали ҳеч ким эмассан!»

Футболдаги энг қизиқ ҳолат шу. Сенинг миллионлаб мухлисинг бўлиши, миллионлаб долларга эга бўлишинг мумкин, миллионлар сени буюк деб аташи, лекин шунда ҳам аслида сен шунчаки содда бола бўлишинг мумкин. Мен аслида шу жамоадаги болаларнинг бирортасидан ҳам кўпроқ ғалаба қозонмагандим. Ана шунда, аслида ҳеч ким эканлигимни англаган кунимданоқ, ихтиёримдаги ҳамма нарсани қадрлай бошладим. Энди мен ухлайдиган юмшоқ матрас, кондиционер, телевизордаги элликта канал, кийимларимни тозалайдиган китмен – ахир бу жаннатку!

Ўзимнинг BMW X3 машинамда машғулотга келиб, худдики Ferrari миниб келгандек ҳис қилардим. «Болалар, илтимос, эҳтиёт бўлинглар, машинамни қириб қўйманг». Аслида тураргоҳдаги энг арзон машина меники эди. Мен учун эса энг биринчи шахсий машина.

Бу Мадриддаги ажойиб кунларнинг бошланиши, оддий болакайдан ҳақиқий эркакка айланишимдаги дастлабки қадамлар эди.

Аммо, мен учун футболда ҳам, ҳаётда ҳам ҳаммасини англатган воқеа – Бенисио. Ота бўлиш.

19-20 ёшимда, футбол ўйнаб, яхши пул топиб, машина ҳайдаб юрган пайтларимда ҳам ҳали бола эдим. 21 ёшимда фарзандим дунёга келганда мен учун ҳаёт ростакамига ўзгарди. Бу менинг иккинчи бахтиёр куним эди.

Шу кунгача мен асосан ўйинларимга эътибор қаратардим. Агар ўйиним чиқмаса ёки ютқазсак, соатлаб ота-онам билан ҳам гаплашмасдим. Бир ўзим хонада ўтириб, хатоларим ҳақида ўйлардим. Билмадим, бу соғлиқ учун зарарми, йўқми, агар «Реал» футболчиси бўлсангиз, энг катта босимни ҳис қиласиз ва бу бутун умрга.

Бенисио туғилгандан кейингина, мағлубиятга учраган кунларимда ҳам ўзимни инсон ҳис қилишни бошладим. Эндигина юришни бошлаган пайтларда уйга кириб келишим билан қўлида ўйинчоғини кўтариб қаршимга пешвоз чиқарди. Мени қучоқларди. Унга бугунги ўйин бир тийин. Футбол нима эканини ҳам билмайди. У шунчаки отаси билан ўйнамоқчи.

Унинг менга бўлган муҳаббати мени ҳам инсон, ҳам футболчи сифатида ўзгартирди. Руҳий томондан у менга жуда керак бўлиб чиқди, зеро ўзимга нисбатан ниҳоятда талабчан эдим. Рафиқамми? Мина? У энди бошқа даража. У футболни жуда яхши тушунади, аргентиналик, уларнинг қанақа бўлишини биласиз-ку, ҳа-ҳа-ҳа. Ҳеч қачон унинг кўнгли тўлмайди.

«Аякс» бизни Чемпионлар Лигасидан чиқариб юборгани эсингиздами? Биз машинага ўтирдик, кайфиятим расво, у гапира бошлади:

«Феде, бу нимаси? «Реал»да шунақа ўйнамоқчимисан энди? Нега дарвозага тепмадинг? Бу қўлингдан келарди-ку?»

Эй Худо, унинг таҳлилларини эшитмаслик учун машинани ўт олдирдим. Энг ёмони, буни ҳеч қачон ўзига тан олмасдим, балки бугунги гапларни ўқимас, хуллас, у ҳақ эди. Жин урсин. Биз ҳақиқий футбол оиласимиз. Бир уругвайлик ва бир аргентиналик. Тасаввур қила олмайсиз.

Шунинг учун ўғлим туғилганида катта ўзгариш содир бўлганди. Онамга ўхшаб қолгандек эдим. Машғулотга кетаётганингда уни кўрсанг, ўзингни ҳақиқий жангчидек ҳис қиласан. Ҳалк каби. Gucci ёки бошқа қимматбаҳо кийимларнинг маъноси йўқолади, агар ўғлинг учун ўйнасанг, сенда қўшимча куч пайдо бўлади.

Табиийки, фаолиятимдаги энг яхши мавсум, 2021-22 йилларда «Реал» билан Чемпионлар Лигасини ютиб, мен ҳам бу клуб тарихида изимни қолдирдим, деб ҳисоблай бошлаган даврда Бенисио икки ёш эди ва улғайиб, шахсияти шакллана бошлаганди. Бир неча ой ўтиб Мина яна ҳомиладор эканини билдик. Биздан бахтли одам йўқ. Дастлабки ойларда ҳаммаси яхши кечди. Аммо бир куни, Мина текширувга борганида...

Врач ҳомила хавф остида экани ва яхши бўлиб кетиш эҳтимоли жуда пастлигини айтди. Яна бир ойда ҳаммаси аниқ бўлар экан, бизда кутишдан бошқа иложи қолмаганди. Ўша пайтдаги ҳолатимизни тасвирлаб бера олмайман.

Мина ҳам руҳий, ҳам жисмонан қийналди. Мен худди ўчиб қолгандим. Ҳаммасини ичимга ютадиган феълим бор. Соғлиқ учун зарарли бўлиши мумкин, аммо мен шунақаман. Ҳеч қачон йиғлаётганимни биров кўрмаслиги керак. Ҳатто оилам ҳам.

Барчага қийин, мен эса, уларга суянчиқ бўлишим керак эди. Кучли персонаж ролини ўйнашим, рафиқамга «Ҳаммаси Худога боғлиқ» деб туришим керак. Ёлғиз қолганда эса, соатлаб йиғлардим. Ваннага ўн беш дақиқага кириб, ўн дақиқа бошимни қўлларим билан ёпиб йиғлаб ўтираман. Ўйин кунлари эса, диққатимни жамлашим керак, лекин ўрнимдан тургунча яна туғилмаган ўғлимни ўйлашни бошлаб юбораман.

Баъзида яхши ўйнолмаган пайтларим бўлди, мухлислар ҳуштак ҳам чалишди. Ўйин тугагач эса, журналистларнинг саволларига жавоб беришим керак, шу билан бирга, туйғуларимни яширишим, аслида нима бўлаётганини билдирмаслигим шарт. Шунга ўхшаш ҳолатларни бошдан кечирадиганларга маслаҳатим, қайсар бўлмаслик керак. Ҳаммасини ичга ютиш ҳам яхши эмас.

«Вилярреал»га қарши апрелдаги ўйинимиздан кейин ҳаммаси тубга қараб кетди. Газеталардаги сарлавҳалар ҳамманинг эсида. Бу масалани қайта кўтаргим келмайди, аммо айтишим керак...

Ўшанда Валверде ўз оиласи ҳақидаги гаплари учун «Вилярреал» футболчиси Алекс Баэнани автотураргоҳда пойлаб туриб ургани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Майдонда мени ҳар қанча ҳақорат қилиш мумкин, чидайман, эътибор ҳам бермайман. Ахир мен уругвайликман. Лекин баъзи чегаралар борки, ҳеч қачон кесиб ўтмаслик керак. Инсон сифатида. Агар оилам ҳақида гапира бошлашса, бу энди футбол эмас.

Мана шу чегара бузилганди. Жавоб беришим керакмиди? Балки, йўқ. Балки уйга бориб, ўғлим билан ҳамбургер еб, мултфилм кўриб ўтиришим мумкин эди. Аммо мен ҳам одамман, баъзида ўзим учун, оилам учун туриб беришим лозим.

Оммавий ахборот воситалари мени бешафқат инсон сифатида намоён этишини кузатиш оғриқли эди. Ёлғон гаплар ҳам янгради. Лекин ростини айтсам, қилган ишимдан афсусланмайман, бу воқеа мени янада кучлироқ қилди, оиламизни жипслаштирди.

Худога шукрки, ўша мудҳиш кундан кейин ишлар яхши томонга кетди. Рафиқам бутун дунёга бошимиздан ўтганларни ошкор қилгач, кўп нарса ўзгарди. Жамоадошларим ва мадридистлар мени қувватлаганини ҳеч қачон унутмайман. Тасаввур қилинг, мен тўпни ўтказиб юбораман, бутун стадион эса, исмимни айтиб олқишларди. Талаб доим юқори бўладиган «Бернабеу» учун бу кичик мўъжиза. Нимаям дея олардим. Фақат миннатдорчилик билдираман.

Бир ярим ойлик қийинчиликлардан сўнг, яхши хабарлар бизни кутиб турарди. Навбатдаги текширувдан сўнг, ҳомила яхши ривожланаётганини айтишди. Табиийки, охирги кунгача хавотирли бўлди, болани қўлимизга олгунча хотиржам бўлиш қийин. Хайрият, июн ойида Баутиста дунёга келди. Соғлом ва бахтли. Бизнинг мўъжизамиз.

Биласизми... Мен футболда ҳам, ҳаётда ҳам ўзим билан келиша олмайман. Қачондир нимадандир қониққанимни эслолмайман. Ҳеч қачон муваффақиятга эришганимга, бирор нарсани мукаммал қилганимга ўзимни ишонтира олмайман. Аммо касалхонадаги ўша тонгда, рафиқам қўлида Баутистани ушлаб турганида хаёлимдан кечди: Феде, қара уларга. Бу ўша.

Сен ютдинг...

Феде Валверде

ThePlayersTribune учун

Мавзуга оид